Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ 5 ФОЙДАЛИ ОДАТИ

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ 5 ФОЙДАЛИ ОДАТИ Молия ва тадбиркорлик соҳасида муваффақиятга эришиш йўлида шахсий саломатликка эътибор қаратишни унутиш жуда осон. Бироқ агар узоқ муддатли муваффақият эгасига айланмоқчи бўлсангиз, ўз жадвалингизда соғлиқ учун вақт ажратишингиз муҳим саналади. Entrepreneur нашриёти машҳур тадбиркорларнинг 5 та фойдали одатлари ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда "Kun.uz" манбасида ёзилди.


Балки улар шахсий жадвалингизни тузишга иштиёқ бўлиб хизмат қилар:

1. Жек Дорси ҳар куни 30 дақиқа медитация қилади


Twitter  ва Square бош директори Жек Дорси, ҳар куни уйқудан кейин дарҳол 30 дақиқа медитация қилиши ҳақида айтган.Медитация руҳий ва ҳиссий саломатлик учун фойдали. У ақлни тозалаб, қувват олишга ёрдам беради. Шу йўл билан ишга самаралироқ диққат қаратишга эришасиз. Шунингдек медитация зўриқиш ва хавотирни камайтиради.


2. Аврам Миллер уйқунинг муайян жадвалига амал қилади


Intel компаниясининг бизнес-ривожланиш бўйича собиқ вице-президенти Аврам Миллер соғлом уйқу жуда муҳимлигини билади.

«Илгари уйқу – вақтни беҳуда сарфлаш деб ўйлардим. Ҳозир эса уйқу – тўғри овқатланиш ва спорт билан биргаликда соғлиқнинг уч асосий таркибий қисмларидан бири деб ҳисоблайман. Шунингдек, доимий жадвалга амал қилиш муҳим. Мен доим бир вақтда овқатланаман, уйқуга ётаман ва уйғонаман”, - дейди у.

Соғлом уйқунинг мавжуд эмаслиги самарадорликни пасайтириб, иммунитет даражасини тушириб юборади.

3. Сет Годин ҳар куни бир стакан соғлом смузи ичади

Ёзувчи ва блогер Сет Годин ҳар куни тонгда бир стакан смузи ичишини айтган.  У музлатилган банан, бодом сути, қуритилган олхўри ва грек ёнғоғидан тайёрланади. Ҳар куни нонуштага бир хил нарса истеъмол қилиш шарт эмас, бироқ буни одатга айлантириш жуда муҳим. Тўғри нонушта сизга кун давомида тўғри фикрлаш ва қаттиқроқ ишлаш учун зарур бўлган қувватни беради. Тўғри овқатланиш ҳам орттириш мумкин бўлган одат, чунки у самарадорлик билан боғлиқ.

4. Марк Кьюбан ҳар куни спорт билан шуғулланади

Миллиардер, SharkTank дастури бошловчиси ва DallasMavericks эгаси Марк Кьюбан яхши формани сақлаш муҳимлигини билади. У баъзида хизмат сафарлари сабаб спорт билан шуғулланмаслигини тан олади. Бироқ ҳар куни кардиомашқларга ҳеч бўлмаса бир соат ажратишга жуда ҳаракат қилишини айтган. Бизга машқлардан соғлиқ учун фойда олишга ҳафтасига 70-150 дақиқа керак, шунинг учун давомийлик жуда муҳим.

5. Гретхен Рубин ҳар куни соат 6:00 да уйғонади

Америкалик ёзувчи ва бахт ҳақидаги подкаст бошловчиси Гретхен Рубин ҳар куни тонгда 6:00 да уйғонади. Бироқ бу эмас, унинг уйғонганидан кейин нима билан шуғулланиши муҳим.

“Мен дам олиш кунлари ва ҳатто таътилда ҳам ҳар куни соат 6 да уйғонаман, чунки бу менга ёқади. Оилам ухлаб ётганида ўзим учун вақт бўлади. Бу пайтда уй жимжит, ёруғлик бироз хира, дунё сокин”, – дея фикрлари билан бўлишган у ўз блогида.

Иш ва оила мажбуриятларига киришишдан олдин ўзингизга вақт ажратиш орқали яхши жисмоний ва руҳий формада қолишингиз мумкин. Ўзингизни ҳордиқ чиқаргандек ҳис қилиб, тақдир сиз учун тайёрлаб қўйган ҳар қандай муаммони енгиб ўта оласиз.

Шахсий одатингизни топинг

Сиз саломатликнинг асосий элементларини биласиз: овқатланиш, спорт, уйқу ва руҳий соғлик. Тажриба қилинг ва сизга қайси соғлом одатлар ёқишини аниқланг. Агар самарали бўлишни истасангиз, уларга риоя этинг.