Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилмоқда

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилмоқда

2018 йилнинг биринчи чораги давомида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 2 минг 358 та маъмурий ҳамда 22 та жиноий иш кўрилган.






Шуҳрат Мамажонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси
 
Ўзбекистон Республикаси Олий судидан олинган маълумотларга асосан, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича судлар томонидан 2016-2017 йиллар, шунингдек, 2018 йилнинг биринчи чораги давомида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 2 минг 358 та маъмурий ҳамда 22 та жиноий иш кўрилган. Бундан ташқари, Бош прокуратура эълон қилган статистик рақамлар 2018 йил июнь ойига қадар тадбиркорлик субъектларига нисбатан 8 минг 872 та ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўрсатмоқда. Бу кўрсаткичларни янада камайтиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида яна бир ташаббусга қўл урилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тадбиркорлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
 
Мазкур йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш устидаги ишлар кеча ёки ўтган куни бошланган эмас. Мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда етакчи куч – тадбиркорлар учун кўпгина имтиёз ва преференциялар ажратиляпти.
 
2015 йил 20 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Унга асосан, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилмишлари учун тегишли жавобгарлик белгиланган боблар билан тўлдирилган.
 
Кўрилган чора-тадбирлар назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органи ходимлари томонидан ушбу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хусусий мулк, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга замин яратяпти. Аммо, юқоридаги рақамлар бу борада мавжуд мезонларни янада қатъийлаштиришни тақозо этмоқда.
 
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, амалиётда тадбиркорлик субъектларининг мустақиллиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Жиноят кодексининг 1921-1928-моддалари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2411-24111-моддаларига ўзгартишлар киритиш назарда тутиляпти.
 
Жорий этилаётган янгиликлар билан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилади. Хусусан, мазкур жиноятларни содир этганлик учун жарима миқдори оширилмоқда. Бундан ташқари, мажбурий жамоат, аҳлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш каби санкциялар ўрнатиляпти.
 
Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда хусусий мулк, хусусий бизнеснинг кучли ҳуқуқий кафолатлари тизимини яратишга хизмат қилади. 

Манба: ЎзА