Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тадбиркорлик субъектларига янада кенг йўл очилади

Тадбиркорлик субъектларига янада кенг йўл очилади

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир нечта қонун лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

 

          Дастлаб фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 22 январ куни қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларга эътибор қаратди.

          – Давлат дастури асл мазмун-моҳиятига кўра ҳақиқий халқчиллик руҳи билан йўғрилган. Чунки уни ишлаб чиқишда аҳолининг кенг қатлами, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари бевосита иштирок этди, – деди парламент Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Нодирбек РАЖАБОВ. – Давлат дастури фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, солиқ ва божхона сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган энг муҳим чора-тадбирларни назарда тутади. Президент фармони билан тадбиркорлик субъект­лари молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш ўтказишга икки йилгача мораторий эълон қилинди. Бу мамлакат тараққиётида асосий ўрин эгалловчи қатлам – партиямиз электорати саналган тадбиркорлар эркинлигини таъминлашда муҳим амалий аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси ишбилармонликни янада ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва фуқаролар турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.

          Депутатлар иккинчи ўқишга киритилган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Таъкидландики, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад – давлат харидларини тартибга соладиган ва амалиётда мавжуд қарама-қаршилик ва эскирган нормаларни бартараф этишга, давлат харидларининг махсус ахборот портали орқали давлат харид тизимини очиқ-ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, амалдаги меъёрлар, харид иштирокчиларининг ваколатларини тизимлаштиришга қаратилган.

         – Партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган мазкур қонун лойиҳаси тасдиқланса,  мамлакатимизда қуйидагиларни кўзда тутувчи давлат харид­лари тизимини яратилиши кутилмоқда, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Эркин ХОЛБЎТАЕВ. – Бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, ҳукумат кафолати билан кредит ресурсларидан унумли фойдаланиш, давлат секторини нарх-сифат мутаносиблигида керакли миқдорда зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлаш шулар жумласидандир. Айниқса, ушбу лойиҳа давлат харидлари учун тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очишга замин яратади. Энг муҳими, қонун лойиҳасини амалга ошириш натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш имконияти янада кенгайтирилади.

        Лойиҳада давлат харидларини тартибга солиш, бу жараёнга қўйиладиган умумий талаблар, электрон дўкон, аукцион, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари, тадбиркорлик субъектларига преференциялар бериш, назорат қилиш, шикоят қилиш механизми, низо ва қарама-қаршиликларни ҳал қилиш кўзда тутилган.

        Депутатлар масаланинг шу ва бошқа жиҳатларига атрофлича тўхталиб, мазкур  қонун кучга кирганидан сўнг мамлакатни бир қатор рейтинглар бўйича баҳоланишига, шу жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ва Жаҳон банкининг харидлар тизимини баҳолаш, ИҲТТнинг коррупцияга қарши курашиш, “Давлат харидларни амалга ошириш енгиллиги”, электрон платформа асосида жараёнлар қўлланишини баҳолаш ва бошқалар бўйича яхшиланишига имкон беришини қайд этдилар.

         Мазкур баҳо ва рейтинглар яхшиланиши юртимиз обрўсини янада оширади. Бу борадаги халқаро тажриба ҳақида сўз кетганда, ўрганишлар АҚШ, Чили, Россия Федерацияси, Беларус ва Қозоғистон каби давлатлар энг самарали давлат харид тизимларига эга эканини кўрсатди.

         Кун тартибидаги навбатдаги масала биринчи ўқишга киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

         Фракция аъзоси Ҳамдамбек РАСУЛОВнинг таъкидлашича, Конституция­мизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Қолаверса, Меҳнат кодексининг
6-моддасида, меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши кўрсатилган. Бироқ амалдаги қонунчиликда шахснинг ўзи ёки яқин қариндошларининг муқаддам судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилиши тартиблари аниқ белгиланмагани фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда. Ваҳоланки, амалиётда шахсни яқин қариндошлари ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш ҳолатлари кузатилмоқда. “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ушбу кодексга қўшимча ва ўзгартиш киритилиб, шахснинг муқаддам судланганлиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно ёхуд яқин қариндошларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилишини тақиқловчи нормани ўрнатиш назарда тутилмоқда. Таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиш, ватанпарвар, ташаб­бускор, билимли, интилувчан кадрларни бошқарувга жалб этиш, шахсни меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳада қонунни расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши назарда тутилмоқда.

         Йиғилишда, шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири