Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАДБИРКОРЛИК ВА ФЕРМЕРЛИКНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ

ТАДБИРКОРЛИК ВА ФЕРМЕРЛИКНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ
Мамлакатимизда Ватан равнақи ва тараққиёти йўлида ҳалол хизмат қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, рағбатлантириш эзгу анъанага айланган. Зеро, инсон омили улуғланган, меҳнати қадрланган давлат ҳамиша гуллаб-яшнайверади, ҳар жабҳада мислсиз муваффақиятларга эришаверади.
Шу маънода бу йил ҳам энг улуғ, энг азиз айём – буюк истиқлолимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида бир гуруҳ ҳамюртларимизнинг Президентимиз фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлиши, халқимиз, давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиши барчамизни, шу жумладан, партиямиз аъзоларини ҳам севинтирди. Шуни мамнуният билан таъкидлашимиз лозимки, иқтисодиётимизнинг мустаҳкам таянчи дея эътироф этилган тадбиркор ва фермерлар ҳамда эртамиз эгалари бўлмиш фидойи, ташаббускор ёшларимизга аввалги йиллардагидан фарқли равишда жорий йилда алоҳида рағбат ва эътибор кўрсатилиб, уларнинг номлари ана шу рўйхатда қайд этилганлиги ниҳоятда қувонарлидир. Бундай юксак эҳтиром барча сафдошларимиз, хайрихоҳларимизни руҳлантириб юборди. Негаки, уларнинг фидокорона меҳнати алоҳида фармонлар асосида тақдирланиши тадбиркорлик ва фермерликнинг юртимизда барпо этилаётган янги жамиятни шакллантиришдаги етакчилик ролини яна бир бор ўзига хос эътирофи бўлди, десак янглишмаймиз.
Бундай самимий рағбат замирида теран маъно-мазмун мужассам. Чунки партиямизнинг асосий электорати – мулкдорлар синфи ўз самарали меҳнати, билим ва тажрибаси билан юртимизнинг иқтисодий қудратини, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилишдек хайрли ишларга  салмоқли улуш қўшиб келишяпти. Улар ўз келажагини  шу жаннатмонанд замин билан чамбарчас боғлаган, ўз тақдири, фарзандларининг нурли истиқболини она Ватанимиз тақдиридан айрича тасаввур этолмайдиган, жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган инсонлардир. Шу билан бирга келажагимиз соҳибларининг эзгу интилишлари давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиши, эътироф этилиши ҳам уларга билдирилган катта ишончдан далолат беради.  
Ишонамизки, ушбу беқиёс эътибордан руҳланган тадбиркор ва фермерлар бундай эътирофни улкан масъулият сифатида қабул қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган янги босқичдаги изчил ислоҳотларнинг янада жадаллашувида фаол иштирок этадилар.
Бахтиёр ЯКУБОВ,
O‘zLiDeP Cиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси
вазифасини бажарувчи