Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАДБИРКОРЛИКДАН – ТАРАҚҚИЁТГА

ТАДБИРКОРЛИКДАН – ТАРАҚҚИЁТГА
Умумжаҳон тадбиркорлик ҳафталиги – ишбилармонларни муштарак муносабатлар ва ҳамкорликка ундовчи ўзига хос майдон. Унинг доирасида турли форумлар, давра суҳбатлари, семинарлар, илғор тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар бўлиб ўтади. Ташкил топганидан буён хусусий сектор манфаатини изчил ифода этиб, бу борада муайян муваффақиятларни қўлга киритаётган O`zLiDeP ҳам ўз дастурий мақсадларига уйғун бўлган ана шу халқаро ҳаракатдан четда қололмайди, албатта. Шу маънода партиямизнинг “Ёшлар” ва “Аёллар қаноти” ушбу ҳафта мобайнида бир қанча қизиқарли тадбирларни ташкил қиляптики, бу электоратимиз байрамига янада кенгроқ кўлам ва мазмун бахш этади. 
ТОШКЕНТ. Пойтахтимиздаги “Шодлик палас” меҳмонхонасида бўлиб ўтган учрашув хусусий бизнес соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга интилаётган, оиласига ҳам, жамиятга ҳам наф келтиришни дилига туккан опа-сингилларимиз учун айни муддао бўлди. Асосан партия Тошкент шаҳар Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими саъй-ҳаракатлари билан ўтказилган тадбирда ишбилармон аёллар билан бир қаторда кўнглида ўз бизнесини бошлаш ҳаваси уйғонган ёш қизлар ҳам мулоқотга киришдилар, талай масалалар бўйича фикр алмашдилар. Шу аснода  ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишини кучайтирувчи, уларга илҳом-иштиёқ берувчи талай маълумотлар ҳам тилга олинганини қайд этиш жоиз. Чунончи, юртимиздаги хотин-қизларнинг қарийб 70 фоизи ижтимоий фойдали меҳнат билан банд. Дунё миқёсида бу кўрсаткич ўртача 53 фоизга тенглиги эса бу борада пешқадамлардан бири эканимизни билдиради. Аёлларимизнинг 120 мингдан зиёди хусусий фирма ва корхоналар, 4 600 га яқини фермер хўжаликларини бошқараётгани ҳам алоҳида диққатга молик. Таҳлилларга кўра, хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ, енгил саноат ва касаначилик опа-сингилларимиз учун энг мақбул соҳалардир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева юртимизда тадбиркорликнинг жадал ривож­ланишини таъминлашга хизмат қилувчи меъёрий ҳужжатлар, мулкдорлар синфи учун яратилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритди.
Йиғилишда тадбиркор аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Солиқ, адлия, Савдо-саноат палатаси бошқармалари вакиллари ўртага ташланган масалаларни муҳокама қилиб, саволларга жавоб қайтардилар.
Тадбир давомида тажрибали тадбиркор хотин-қизлар ўз фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказишди. Бу ҳам иш билан банд бўлмаган аёлларни тадбиркорликка  жалб этишда алоҳида аҳамият касб этади.
 
Дилноза АБДУЛЛАЖОНОВА,
O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши аппарати масъул ходими  
 
* * *
Наманганда тадбиркорлик ҳафталиги доирасида “Start up export” йўналиши бўйича  уюшмаган ёшлар ва  касб-ҳунар коллежлари талабалари билан  очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
 O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси,  партиянинг вилоят Кенгаши ҳамда  ҳудуддаги бир қанча замонавий  саноат корхоналари  ҳамкорлигида   ташкил этилган  мазкур ўзига хос анжуман шаҳардаги довруқли “Истиқлол дизайн маркази” корхонаси фирма дўкони фойесида ўз ишини бошлади. Аввало, ташриф буюрувчиларни улкан савдо мажмуаси залларидаги ҳар қандай диди нозик харидорнинг ҳам кўзини қувнатадиган бири-биридан чиройли,  ранго-ранг, гўзал ва бежирим кийим-кечаклар – костюм-шим, куйлак, пойабзаллар, қиз-жувонларнинг ҳуснига ҳусн қўшиб юборадиган, энг нафис, ноёб матолардан тикилган  тўйбоп, байрамона либослар лол қолдириб,  дилларида ҳайрату ҳавас уйғотганини айтиш жоиз. Ахир, ҳамма нарса ана шу ҳавасдан, ҳайратдан бошланади-да. Бугун  “Идеал” бренди билан дунё бозорларини эгаллаётган, ўз маҳсулотининг тўқсон фоизини жаҳондаги “мана-ман” деган давлатларга сотаётган мазкур корхона ҳам бундан тўққиз йилча муқаддам  бир оддийгина ҳунарманд йигит – Бахтиёр Умаровнинг ҳаваси, ҳайрати ва ғайрати  туфайли юзага келганди.
Йиғилганлар 156 йигит-қиз ишлаётган корхона билан танишувни “Дизайн ўқув маркази”дан бошладилар.
  – Корхонамизга Германия, Туркия, Кореядан олиб келинган энг замонавий дастгоҳлар ўрнатилган, – дейди корхона бош конструктор-технологи Шавкатжон Зайниддинов. – Энгил-бошлар дизайни, моделлар,  ўлчаш, бичиш ишлари юз фоиз компьютерда бажарилади. Яъни, бизга ўта мураккаб бўлган ана шу техникалар билан тиллаша оладиган билимдон ёшлар  жуда ҳам  зарур. Шунинг учун ҳам бу ерда иқтидорли ёшларни “cad.assyst“  дастури  асосида ўқитамиз. Курсимизни ҳар уч ойда 12 нафар йигит-қиз битириб чиқади ва ишлаб чиқаришнинг энг муҳим бўғинларида фаолиятини бошлайди. Машғулотларимиз ҳафтасига уч кун икки соатдан...
Ишлаб чиқариш директори Зулфия Иброҳимова йигит-қизларни цехларга бош­лаб, бу ердаги иш жараёнлари билан бирма-бир таништирди. Той-той матолар дастгоҳлардан ўтиб, киши кўркига кўрк қўшадиган чиройли либосларга айланаётгани ёшларда бир олам ҳавас, иштиёқ  уйғотгани уларнинг юз-кўзларида шундоққина акс этиб турарди...
Куннинг иккинчи ярмида ёшлар шаҳарнинг иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Наманган момиқ сочиқлари” акциядорлик жамиятига келишди. Бу корхона ҳам алақачон мамлакатимиз ва хорижда ўз маҳсулотлари билан шуҳрат қозониб улгурган. Ёшлар корхона билан танишувни кираверишдаги кўргазмалар залидан бошлади.
Директор хизмат сафарида бўлгани боис меҳмонларни корхона фаолияти билан бош ҳисобчи Аҳадхон Исоқов таништирди. Сўнгра бир гуруҳ  маҳалладан келган уюшмаган ёшлар билан суҳбатлашиб, шу ернинг ўзида меҳнат шартномаларини  имзолатиб ҳам  олди.
 – Партиямиз бош-қошлигида ўтказилаётган бунга ўхшаш тадбирлар, ўз соҳасининг усталари  билан юзма-юз мулоқотлар ёшларимизга кўп нарса беради. Улар юрагига чўғ ташлаб,  янги  марралар сари руҳлантиради, – дейди тадбирда иштирок этган  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Нилуфар Отаева.
 
Ортиқали НОМОЗОВ,
“XXI asr” мухбири
 
* * *
Қорақалпоғистон Республикаси. O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан “Start up innovation” лойиҳаси доирасида навқирон тадбиркорларнинг бизнес кўникмаларини чуқурлаштиришга қаратилган маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда партиянинг қуйи бўғинлари фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари ва инвесторлар, илғор тадбиркор ва фермерлар, бизнес ғояларини илгари сураётган ёшлар иштирок этдилар.
Маҳорат дарсларини Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раҳбари, O‘zLiDeP  республика Кенгаши раиси С. Турманов очди. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Т. Салимов, “Строй-вектор” МЧЖ раҳбари И. Панаев, “Кердор” МЖЧ раҳбари М. Чимбергенов ва бошқалар тадбирнинг мақсади  ёшларнинг тадбиркорликка оид инновацион ғоялари – “Start up” лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат эканлигини таъкидладилар. Мазкур соҳадаги ташаббусларни рағбатлантириш, бизнес лойиҳаларнинг тақдимотини намойиш этиш, мутахассислар томонидан тегишли маслаҳатлар берилишини уюштириш, экспорт соҳасида катта ютуқларга эришаётган илғор тадбиркорлар тажрибасини ўрганиш ва амалий тавсиялар олиш бошловчи бизнес эгаси учун ўта муҳимдир. Бу тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишга йўл очиб беради.
 
Фурқат ЮСУПОВ,
O`zLiDeP Қорақалпоғистон  Республикаси Кенгаши матбуот хизмати раҳбари
 
 
* * *
ҚАШҚАДАРЁ. “Тадбиркорлик ҳафталиги” доирасида Қарши шаҳрида “Тадбиркорлик ва фермерлик соҳаси вакилларини бир жойга жамлаш, уларнинг яқиндан ҳамкорлик қилиши учун шароит яратиш, инновацион тадбиркорлик ва “start up” лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мазкур соҳадаги ташаббусларни рағбатлантириш” мавзуида мулоқот бўлиб ўтди. 
Иштирокчилар дастлаб  ишбилармон хотин-қизлар ва ёшлар  томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар кўргазмаси билан танишишди. Илғор тадбиркор аёллар ва ёшлар  эришган ютуқлари, тажрибалари ҳақида  сўзлаб бердилар.
– 6 нафар қизни иш билан таъминлаганман, – деди  “Косон ривож текстиль” оилавий корхонаси раҳбари Лобар Қурбонова. – Фаолиятимни кенгайтириш учун банкнинг 900 миллион сўм кредити ҳисобига замонавий тикув машиналари келтириб, махсус кийимлар ва костюм-шим ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Молиявий кўмак олганимиздан сўнг ишлаб чиқариш ҳажми ўн баробарга ошади, натижада 25 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаган бўлардик.  Аммо банк Косон пахта тозалаш корхонасининг биз учун кафиллигини қабул қилмаяпти.   
– Ҳудудларда фермер ва деҳқон хўжалик­ларини ривожлантириш, қишлоқда ҳақиқий мулк­дорлар синфини кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий саводхонлигини янада ошириш бугуннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди, – деди китоблик фермер аёл, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Насиба Нурова. – Вилоятда фермер аёллар сафи йил сайин кўпайиб бормоқда. Аммо улар орасида янги-янги лойиҳаларни амалга ошираётганлари жуда камчилик. Мана шундай мулоқотлар фақат вилоят марказида эмас, балки чекка ҳудудларда ҳам ташкил этилса, айни муддао бўларди.
Умуман, тадбир савол-жавобларга бой бўлди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш йўллари,  бизнес-режаларни тайёрлаш ва бошқа саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
 
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири
 
Тадбиркорлик ҳафталиги доирасида партиямиз томонидан ўтказилаётган туркум тадбирлар шу ҳафтанинг иккинчи ярмида Навоий, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳам бўлиб ўтади.