Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тадбиркорнинг 6 миллион 150 минг сўм қарзи кечилди

Тадбиркорнинг 6 миллион 150 минг сўм қарзи кечилди

Президентимизнинг шу йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида турли сабабларга кўра солиқдан қарздор бўлиб қолган тадбиркорларга енгиллик берилди.

Яъни, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар ва шу йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларнинг солиқлари, пеня, молиявий жарима ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарзларидан воз кечилди.

Қашқадарёда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ва давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолиятини давом эттираётган 89 нафар тадбиркорнинг 741 миллион 500 минг сўмлик қарзлари ҳисобдан чиқарилди.

– Бир неча йилдан буён савдо-сотиқ билан шуғулланяпман, – дейди Байрамали Тўйлиев. – Бу йил негадир ишим юришмади. Солиқдан 6 миллион 150 минг сўм қарз бўлиб қолдим. Уни тўлашга келганда қўлим калталик қилди. Бир амаллаб солиқларни тўлаб, бошқа ишнинг бошини тутсаммикан, деб тургандим. Солиқчилар менинг қарзларим давлат томонидан кечилганини айтганида елкамдан тоғ қулагандек бўлди. Мамнуният билан фаолиятимни қайта тикладим.

Асқар Усмонов ҳам тадбиркорлигини эндигина йўлга қўйган ёшлардан бири. Тажрибасизлик унга панд берди. Иши юришмаса-да, тадбиркорлик фао­лиятини расман тўхтатишни истамади. Солиқчилар унинг 1 миллион 300 минг сўм қарзи борлигини айтишганда омадсизликдан ўкиниб юрган ёш тадбиркорнинг дили яна хуфтон бўлди. Ана шундай қийин паллада Президент фармони унинг ҳам жонига ора кирди.

– Фармонга кўра воҳамиздаги 5 минг 591 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ ва молиявий жарималар бўйича қарздорлиги бекор қилинди, – дейди Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Қудратали Маматисаев. – Қарзлардан бутунлай воз кечилиши учун улар 2019 йил 1 январга қадар тадбиркорлигини қайта тиклаб ёки давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фао­лиятини давом эттирса, кифоя. Шуни таъкид­лашни истардимки, бу муҳим ҳужжат минглаб ёшларни ишсизликдан сақлаб қолди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири