Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ТАҲСИНГА ЛОЙИҚ ТАШАББУС

ТАҲСИНГА ЛОЙИҚ ТАШАББУС

Шу кунларда Бухоро-Қоровулбозор автомагистралининг Когон тумани қисмидан ўтган ҳайдовчилар нигоҳи  “Кнауф  гипс  Бухоро корхонаси экопости” деган улкан ёзувга, йўл четида бири-биридан муайян масофада ўрнатилган, сирти ёруғлик қайтарувчи бўёқлар билан бўялган бешта махсус контейнерга тушиши тайин. Гап шундаки, “Кнауф  гипс  Бухоро” хорижий корхонасининг меҳнат жамоаси бош директор Дмитрий Дерипалко бошчилигида ўтган ойда икки кунлик экологик акция уюштирилди.

Унинг иштирокчилари ҳайдовчилар ва йўловчилар томонидан мазкур корхона ёнидан ўтган йўл ёқаларига ташланган сон-саноқсиз чиқиндиларни йиғиштириб олдилар. Буюртма асосида пойтахтимиздаги корхоналардан бирида тайёрланган махсус контейнерлар ана шу акциянинг ўзига хос давомидир. Шу йўл билан жамоа ҳайдовчилар, йўловчиларни табиатни асрашга, атроф-муҳитни соф ҳолда сақлашга даъват қиляпти. Қайд этиш зарурки, контейнерлар турли рангдаги уч қисмдан иборат: ҳаворанг бўлмаларга қоғоз-картон чиқиндилар, яшил тусдагиларга фойдаланилиб бўлинган пластик ва шиша унсурлар, зарғалдоқларига эса қайта ишлаб бўлмайдиган ахлатлар ташланади. Ушбу корхона билан тегишли ташкилот ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, чиқиндилар мунтазам равишда олиб кетилиб, қайта ишлаш заводларига топширил­япти.

Умуман, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи “Кнауф  гипс  Бухоро” корхонасининг она-табиатни муҳофазалашга доимий эътибор қаратаётгани таҳсинга лойиқ. Бошқа чора-тадбирларни қўя турайлик, корхонада ҳатто ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган чангларни тозаловчи фильтрлар ҳам ўрнатилган. Заводга туташ ерларга ҳар йили ҳудуд иқлимига мос дарахт кўчатлари ўтқазиляпти...

Қанийди, барча корхоналаримиз ҳам ана шундай табиатсевар, заминимизни кўз қорачиғидек асрайдиган оқилу фидойи бўлсалар!    

Асхор   ИСТАМОВ