Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Таклифлар яхши, лекин...

Таклифлар яхши, лекин...

        "XXI asr" газетасининг 2018 йил 19 апрелъ сонида эълон қилинган "Ҳоким ва эксперт баҳси: туманни боқимандаликдан қандай чиқариш мумкин?" мақоласига акс садо.

Очиғини айтишим керак, яқин орада матбуотда бундай муҳим, жиддий мавзуда – туманларни субвенциядан чиқариш бўйича таҳлилий материал берилганини, дадил фикрлар билдирилганини эслай олмайман. 

             Аввало, республикамизда муниципиал қимматбаҳо қоғозларнинг муомалага киритилиши ҳудудларни субвенциядан чиқаришда қандай аҳамият касб этиши мумкинлиги хусусида қисқача сўз юритмоқчиман. Жаҳоннинг илғор мамлакатларидаги  маъмурий-ҳудудий бирликларда ижтимоий-иқтисодий фаолиятни молиялаштиришда кенг қўлланилаётган қимматбаҳо қоғозлар асосан округ ёки район иқтисодиётини ривожлантириш, бўш пул маблағларидан самарали фойдаланиш орқали пул муомаласини тартибга солиш, маҳаллий иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини молиялаш, маҳаллий бюджетдаги тақчилликларни бартараф этиш учун чиқарилади. Дунё амалиётида қимматбаҳо қоғозлар асосан “облигация”, “уй-жой сертификатлари” ва “вексель”  шаклларида муомалага киритилади. Маҳаллий давлат органлари қимматбаҳо қоғозларга фоиз ставкаларини район ёки округ иқтисодиёти ҳолатига ва биржадаги ссуда капитали фоиз ставкаларига қараб белгилаб боради. Қимматли қоғозларнинг асосий харидорлари аҳоли, иқтисодиётнинг реал сектори субъектлари, банк-молия ташкилотларидир.

             Мақолада тажрибали муаллиф томонидан ўртага ташланган муайян ғоялар ва таклифлар кутилган самараларни беришига сира шубҳа қилмайман. Бироқ уларни амалга ошириш учун олдин бир неча асосий масалаларни ҳал қилиш лозим. 

          Биринчидан. Банк кредит маб­лағлари эвазига ҳокимликлар қошида янги иш ўринлари яратишга ихтисос­лашган “Қурилиш инвест” ташкилотини ташкил этиш ва унинг тасарруфида бўлган турли мулкчилик шаклларидаги тадбиркорлик субъектларини барпо қилиш сармояларни тўғридан-тўғри олишга нисбатан харажатларнинг кўпайишига (кредит фоизи, “Қурилиш инвест” ташкилотида фаолият юритувчи ходимлар маоши, иш ҳақи фондидан мажбурий ажратмалар ва бошқалар) олиб келади. Натижада кредит қиймати ортиб кетади. Бу эса, ўз нав­батида, маҳсулот ва хизматлар нархининг қимматлашувига сабаб бўлади. Ана шу масаланинг ҳал қилиниши механизми ишлаб чиқилиши лозим.

              Иккинчидан. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига биноан ҳокимликлар ва унинг мансабдор шахс­лари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас.

                Учинчидан. Банк кредит маблағлари эвазига ҳокимликлар қошида очиш таклиф этилаётган “Қурилиш инвест” ташкилоти ва унинг тасарруфидаги турли мулкчилик шаклларидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳокимлик кафиллигида олинган банк кредитлари турли объектив ёки субъектив сабабларга кўра қайтарилмай қолса, қарзлар ҳокимликнинг қайси маб­лағлари ҳисобига қопланиши  тўғрисида ҳам анчагина бош қотириш талаб қилиняпти. Зеро, ҳокимлик бюджетининг даромади асосан маҳаллий солиқлар ҳисобидан шаклланади ва бу маблағларни сарфлаш йўналишлари қатъий белгиланган бўлади. Мазкур масала ижобий ҳал этилган тақдирда ҳам яна бир қийинчилик юзага келади. Ҳокимлик бюджетининг даромади ҳисобидан амалга оширилган инвестицион фаолият учун солиқ тўланиши лозим бўлади. Ваҳоланки, ҳокимлик давлатнинг жойлардаги вакиллик органи сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас ва инвестицион фаолиятнинг солиқ тўловчи субъекти ҳисобланмайди (“Солиқ кодекси”нинг 13, 14-моддалари).

                 Илгари сурилаётган таклиф-ғоялар ҳаётга татбиқ қилиниши учун амалдаги бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши даркор. Жумладан, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Бюджет кодекси, шунингдек, “Мулкчилик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг  кафолатлари тўғрисида”, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келади. 

                Ушбу таклифларни амалга ошириш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилиши ҳамда ҳудудий банк филиалларига мустақилликни бериш орқали ҳар бир банк филиалининг  устав сармоясининг аниқ белгиланишига эришиш тақозо этилаётир. Молия муассасалари мустақил бўлган тақдирда  банк акцияларини эркин сотиб олиш ваколати  маҳаллий ҳокимиятларга берилиши ҳам кўзланган мақсадга хизмат қилади. Чунки банк акцияларини харид қилиш туман ҳокимликларига мунтазам даромад олиш ҳамда мақсадли ва ютуқли облигацияларни муомалага киритиш орқали қўшимча молия манбаларини яратиш имкониятини беради. Бундан ташқари, ҳокимлик кафиллиги асосида олинган кредитларни қайтариб бориш учун молиявий манбалар вужудга келишига замин яратилади. Қолаверса, маҳаллий ҳокимиятлар банк сармояларига қўшимча равишда бошқа молиявий манбалар яратиши ва уларни даромад келтирувчи турли фаолият турларига йўналтириши мумкин.

Адҳамжон ҚОДИРОВ,

 Иқтисодчи