Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАЛАБ БИТТА: ҲАММА ФАОЛ БЎЛИШИ ШАРТ!

ТАЛАБ БИТТА:  ҲАММА ФАОЛ БЎЛИШИ ШАРТ!
...Етмишни қоралаб қолган  Комил отанинг умри Қизилқум чўлларида ўтди. Чўпонлик, биламиз, осон касб эмас. Ҳар ҳолда сурув-сурув қўй-қўзиларни боқишнинг ўзи бўлмайди. Отахон билан тез-тез хабарлашиб турамиз.  Нуқул эртанги кун об-ҳавосини сўрайди. Кечагина яна қўнғироқ қилиб қолди...
         – Эртага ҳарорат қирқдан ошаркан, – дедим отахоннинг нима сўрашини олдиндан сезгандай.
       – Об-ҳавони қўй, болам, – дейди Комил ота. – Икки ҳафтадан буён қиш­лоқдаман. Шу десанг, уйимизга “галстук”ли одамлар кўп келяпти. Бири банкданман дейди, бир қайсидир партияданмиз, дейди, яна бири депутатингизман, танимаяпсизми, дейди. Билсам, мактабимиз директори туман депутати экан. Буниям энди билдим. Шу йигит “Яйловингизни кенгайтирамиз, кредит олишда ёрдам бераман”, деб телефон рақамини ташлаб кетди. Нималар бўляпти ўзи, ўзгаришлар катта-ку!
Отахоннинг ҳаяжони ва хавотири овозидан шундоққина сезилиб турарди.  Шу пайтгача кўриниб-кўринмаган банкир, ё партия вакили, ёки депутат эшигингни тақиллатиб келса, “Нима гап экан”, деб ўйлайсан-да. Отахоннинг содда ва беғуборлигига ҳавасим келди. Аммо Комилжон бобонинг саволларига батафсил жавоб  қайтарадиган ҳолатда эмасдимки, “Хавотир олманг, ҳаммаси яхшиликка”, дея гапни мухтасар қилишга тўғри келди. Боиси, муҳтарам Юртбошимизнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган учрашувидаги маърузаси ва ундан келиб чиқадиган долзарб вазифалар хусусида фикрлашмоқ ниятида  айрим фаолларимиз билан давра суҳбати ўтказаётгандик.
 
* * *
Фурқат РЎЗМЕТОВ, 
Халқ депутатлари Қўшкўпир туман
Кенгаши депутати:
       – Президентимиз депутатлар билан учрашувда “Партиялар фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар партиялар бунга эришолмаса, бу бўшлиқни ғараз ниятли кучлар тўлдиришга ҳаракат қилиши шубҳасиз.  Айрим ҳолларда тўлдиряпти ҳам – буни яширишнинг ҳожати йўқ.” деб таъкидлаб ўтган эдилар. Бу фикрлар мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида сиёсий партиялар олдига ёшлар тарбияси, уларнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, истеъдодли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш каби улкан вазифалар қўйилаётганидан далолат беради. Энди бу вазифалар ижроси бўйича таклиф-тавсияларимизни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этишимиз керак. Бу борада шахсан мен O‘zLiDePнинг “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасидаги “Агар мен депутат бўлсам” танловини ҳар йили ўтказиш таклифини илгари сурмоқчиман. Мазкур лойиҳа ёшлар тафаккурининг кенгайиши ва сиёсий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ўзим ҳам 2012 йил ана шу танловнинг респуб­лика босқичида қатнашганман. Орадан икки йил ўтиб, Халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгаши депутатлигига сайланган эдим.
Депутат бўлишимда мазкур танловнинг ўрни катта бўлганини алоҳида таъкидлашим керак. Бундан ташқари, “Мен депутат шогирди” лойи­ҳасини ишлаб чиққанман. Бу ўзим сайланган ҳудуддаги ёшлар билан жонли мулоқот ўрнатишда қўл
келяпти. Хусусан, уюшмаган ёшлар, ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган йигит-қизлар билан ишлашда ушбу лойи­ҳа ғоятда муҳим.
 
Раҳматилла  КАМОЛОВ,
O‘zLiDeP Фарғона вилояти
Кенгаши раиси:
         – Хоразмлик ёш депутат тўғри таъкидлади. Уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиш учун дунёқараши кенг, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда фаол иштирок этаётган йигит-қизлардан кенгроқ фойданишимиз керак. Чунки ёшлар ўз муаммолари ҳақида тенг­қурлари билан кўпроқ гаплашадилар.
Шу таклифни ривожлантирган ҳолда фикримни баён этсам: партия лойи­ҳа ва дастурларида фаол иштирок этаётган ёшларни партиямиз сафига жалб этишни ҳам ўзимиз учун устувор вазифа сифатида белгилаб олишимиз зарур. Чунки ҳар бир сиёсий партия учун юқори малакали кадрларга эга бўлиш энг муҳим талаб ҳисобланади. Партия фаолияти самарадорлиги ва ўз олдига қўйган долзарб масалаларнинг ечими, биринчи навбатда, кадрлар масаласи билан боғлиқ эканини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак. Аммо, биз бу оддий ҳаётий ҳақиқатни унутиб қўйган вақтларимиз ҳам бўлди. Натижада, сафларимизга ва ижро органларимизга меҳнат қилиб чиниққан, сиёсий етук кадрлар эмас, партияга “адашиб” кириб қолганлар ҳам  учраяпти. Бу ҳолат учрашувда кадрлар аттестацияси натижалари орқали очиқ кўрсатиб берилди.
Яна бир нарсани тан олишимиз керак. Шу пайтгача сиёсий партиялар учун кадрларни етиштириб берадиган мактабнинг ўзи йўқ эди. Мана энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши билан бу муаммога ҳам ечим топилди. Умидли ва иқтидорли ёшлар бу ташкилотда ҳар томонлама чиниқади ва йўлланма билан сиёсий партияларга ишга келади. Ана шу занжир кадрлар захирасини шакллантириш ва ўстиришда узвийлик ва тизимлиликни вужудга келтиради. Бир томондан, сиё­сий партиялар ишончли ва маълум сиёсий фаолиятга тайёр кадрларга эга бўлса, иккинчи томондан ёшлар сиёсий партиялар мактабида чиниқади, партия кадри сифатида биз кутгандек самарали фаолият кўрсата олади.
 
Мирза СУЛАЙМОНОВ,
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят
Кенгаши депутати:
        – Юқоридаги фикрларга қўшилган ҳолда яна бир нарсани таъкидлашни истардим. Учрашувда сайловолди ваъдаларни бажариш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўналашларидаги камчиликларимиз ҳам очиқ-ойдин айтилди, сиёсий партиялар ҳамда депутатлар бугунги кун талабларидан анча орқада қолаётгани бот-бот так­рорланди.
Мазкур тарихий учрашувдан сўнг партия вилоят Кенгаши ходимлари ва депутатлари ҳам ортга назар ташлаб, фаолиятимизни яна бир карра сарҳисоб қилдик. Шуни тан олиб айтамизки, сайловолди Дастуримизда белгиланган вазифаларни бажаришда муайян хато ва камчиликларга йўл қўйдик. Электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича фаолиятимиз ҳам мақтанарли даражада эмас.
        Партиямиз аёллар ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйи­ча ўнга яқин лойиҳаларни ишлаб чиққан. Аммо Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган қурултойда ёш тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ҳам етарлича эканига гувоҳ бўлдик. Афсуски, аксарият ҳолатларда бу каби муаммолардан партиямиз, балки депутатлик гуруҳларимиз ҳам бехабар қолмоқда. Жумладан, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ёш фермер Сарвиноз Шокированинг қишлоқ хўжалик техникасига эҳтиёжи борлигини биз, бошқалар қатори Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қурултойидан кейин­гина хабар топганимизни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Агар O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ёки депутатлик гуруҳимиз тадбиркорлар, жумладан, ёш тадбиркорлар билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганида эди, бу каби муаммолардан аввалроқ хабар топган бўлар эдик.
Учрашувдан кейин ҳар бир партия ходими ва депутат доимий равишда  электорат билан мулоқот қилиши кераклигини янада теранроқ тушунди. Тадбиркорлар муаммосини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш устувор вазифамиз эканини англадик. Энди тадбиркорларни бир жойда тўп­лаб, қуруқ маърузалардан иборат тадбирлар ўтказишга эмас, уларнинг кўнглига қулоқ солиш, оғирини енгил қилишга ҳаракат қиламиз. Зотан, бу партиямизнинг сиёсий мавқеини оширади, депутатларга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
 
Илҳом БОТИРОВ,
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят
Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари:
     – Мирза ака тўғри таъкидлаганидек, Сайловолди дастуримизда “Фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг даромадларини кўпайтиришга ёрдам берамиз”, деб катта ваъда берганмиз. Учрашувда айтилган танқидий фикрлардан кейин ҳар бир партия ходими ва депутат “Фермерлар билан қачон гаплашдик?”, “Уларнинг даромадларини ошириш учун қандай ҳаётий таклиф-ташаббусларни илгари сурдик?”, деган саволларни ўз-ўзига берган бўлиши табиий. Ваҳоланки, ҳар бир партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаларини, таклиф-тавсия­ларни ишлаб чиқиши шарт. Шунинг учун депутатлик гуруҳларига фермерлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бердик. Энди фермерларни ўйлантираётган  муаммоларни биринчи навбатда, биз, O‘zLiDeP ходимлари ва депутатлари билишимиз ва уни бартараф этиш бўйича амалий ишларни қилишимиз керак.
Давлатимиз раҳбари вилоятларга қилган сафарлари чоғида ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш бўйича таклиф-тавсияларини бериб келадилар. Агар партиямиз ва депутатлик гуруҳларимиз фермерлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатганда эди, битта қишлоқ хўжалиги экинига қарам бўлиб қолмаслик муаммоси аввалроқ ўртага ташланган бўларди. Паст банитетли ерларга ҳам пахта ёки ғалла экилаётганига ижро ҳокимияти билан бир қаторда партиямизнинг ҳам айби бор. Шу боис партиямиз ходимлари ва депутатларимизга мутахассислар билан биргаликда ерларнинг банитетини ўрганиш, паст банитетли ерларга самарали экинларни экиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.
 
Аъложон КУЧЧИЕВ,
Халқ депутатлари Қоракўл туман Кенгаши депутати:
       – Партиянинг сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш ва депутатларга бўлган ишончни ошириш кейинги фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши керак. Бунинг учун эса электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишга бор кучимизни сафарбар қилишимизга тўғри келади. Хусусан, мутасадди идораларга депутатлик сўровларини юбориш ва унинг жавобини талаб қилиб олишимиз шарт. “Биз депутатлик сўровини юбордик, лекин бизга жавоб беришмаяпти”, деб қўл қовуштириб ўтирадиган давр ўтди. Учрашув давомида Президентимиз депутатлик назоратига ҳам алоҳида эътибор қаратиш кераклиги ҳақида қайта ва қайта такрорладилар. Чунки депутат халқнинг вакили. Элни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини менсимайдиган, сўровларга вақтида жавоб қайтармаган ҳар қандай мансабдор шахснинг қонун олдида жавоб бериш механизмини ишлаб чиқадиган вақт келди.
 
Дилбар УСМОНОВА,
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати:
        – Аччиқ бўлса-да айтаман, баъзан шундай кечирилмас ҳолатлар бўладики, эл манфаатини кўзлаб, бирор муаммонинг ечимини топиш учун мутассади ташкилотларга мурожаат қилсанг ҳам, депутатлик сўрови жўнатсанг ҳам беэътибор қолдирилади. Қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўламиз. Шундаям, ечимини топмаган ёки сарсон-сансалорлик­ларнинг келиб чиқиши депутат сифатида шахсан мени қийин аҳволга солади. Ахир депутатни халқ сайлайди. У ишониб овоз берган одамлар номидан иш кўради. Сиёсий партиялар ва уларнинг Олий Мажлис, вилоят, шаҳар, туман депутатлари, Сенат аъзолари билан бўлган учрашувда Президентимиз бу борада тўхталар экан, депутатга беписандлик – халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт деган сўзлари ўйлайманки, ҳар бир депутатнинг қалбига етиб борди. Умид қиламизки, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикрлардан сўнг ижро ҳокимияти вакиллари, мансабдор шахслар ўз иш услубларини ўзгартирадилар.
 * * *
       ...Ғоят жонли руҳда кечган гурунгимиз якунига етди. Ўқиганингиздек, амалга ошириш лозим ва кечиктириб бўлмас вазифалар кўп. Уларнинг сифатли ижроси Комил ота каби инсонларнинг ҳаётида ўзгариш ясаши шубҳасиз. Бунинг учун фаоллик, фаоллик, яна фаоллик керак, холос. Шу гапларни айтяпман-у, ўзгаришлар узоқ қишлоқларда ҳам акс-садо бераётганидан қувонаман...

Ҳасан САЛОМОВ,
“XXI asr” мухбири