Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Талаба банкдан 500 миллион сўм кредит олиб, туяқуш боқишни йўлга қўйди

Талаба банкдан 500 миллион сўм кредит олиб, туяқуш боқишни йўлга қўйди
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тадбиркорлик йўналишида ўз фаолиятини бошламоқчи бўлган йигит-қизларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Мазкур дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар жойларда ўзининг ижобий самараларини кўрсатаётир.
 
Пастдарғом туманининг Уску маҳалласида яшовчи Бегзод Элмуродов ҳозирги кунда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг учинчи босқичини тамомлади. У талаба бўлиши билан бирга ўз тадбиркорлигини ҳам йўлга қўйган ишбилармон ёшлардан саналади.
 
– Ўтган йили, аниқроғи, 2018 йилнинг қиш ойларида интернетда юртимизда туяқуш боқиш ҳақида ўқиб, менда шу соҳага қизиқиш бошланди, – дейди ёш тадбиркор Бегзод Элмуродов. – Африкалик мутахассисларнинг семинарларида иштирок этдим. Эътибор берсам, шароит ва имкониятимиз бор, иқлимимиз тўғри келади, фақат маблағ ва ҳаракат керак. Шундай қилиб ишни бошладим.
 
Бегзод Элмуродовга ушбу лойиҳани амалга оширишида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қўл келди. Банкдан ушбу дастур асосида 500 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, Фарғонадан 300 та туяқуш боласини келтирди. Уларни парваришлаб, кўпайтиришни бошлади. Шу тариқа “Машъал страус” масъулияти чекланган жамиятига асос солинди ва ўнга яқин янги иш ўрни яратилди. Иш давомида туяқушлар орасидан юзга яқини наслчилик учун саралаб олинди.
 
Ҳозирги кунда ёш ишбилармон таъминотчи сифатида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида туяқуш боқмоқчи бўлганларга уни етказиб бериш билан ҳам шуғулланмоқда. Бундан ташқари, туяқушларнинг териси, патлари каби қайта ишланадиган аъзолари бўйича Фарғонадаги “Страус Фарм” корхонаси билан ҳамкорлик қилмоқда. Келгусида инкубация цехини ҳам йўлга қўйишни мўлжалламоқда. Бу мамлакатимизда ёшларга берилаётган имкониятларнинг амалдаги самарасидир.