Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Талаба ихтиро қилган ускунанинг қандай янги имкониятлари бор?

Талаба ихтиро қилган ускунанинг қандай янги имкониятлари бор?

          Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали Телекоммуникация технологиялари йўналиши талабаси Улбосин Сапарова кичик кучланишли қурилмалар учун қувватлантирувчи ускуна ихтиро қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

         Мазкур ускуна (блок питания) электр токи манбаидан келиб турган 220 вольтли кучланишни 0 вольтдан 12 вольтгача ўзгармас кучланишга айлантириб беради. Хорижий давлатлардан келтирилган амалий технологик лабораториялар кичик кучланишни талаб қиладиган бўлса, ушбу қурилмадан фойдаланиш мумкин. У биргалашиб битта вазифани бажарадиган трансформатор, ўзгарувчан резистор, диод, плата, конденсатор, ТТ-905 маркали транзисторлардан иборат. 

           Оддий қилиб айтганда, қурилма қўл телефони батареясини қувватлантириб берувчи “тошбақа” деб номланадиган ускунага ўхшаб кетади. Лекин Улбосин яратган қурилмада қувватланиш даражасини қўл билан белгилаб олиш имконияти мавжуд ва ускуна ёрдамида соат ёки пульт учун махсус батареяларни ҳам қувватлантирса бўлади. Сабаби, бу каби кичик батареялар кам кучланишда (1,5 - 2 вольт) қувватланади. Қурилманинг яна бир қулай томони у орқали берилган кучланиш ўзгармас, яъни ток кучайиб-камайиб турган бўлса ҳам кучланиш белгилаб олинган даражадан ўзгармайди. 
 
            – Ёшлигимдан техникага қизиққаним сабабли, бузилиб қолса тузатишга ҳаракат қилардим, ичидаги қурилмалар қандай жойлашганига алоҳида эътибор берардим, – дейди Улбосин Сапарова. – Айниқса, соч қуритадиган феннинг моторидан фойдаланиб, вертолётга ўхшаш учиш мосламаси яратганман. Бу қизиқиш ТАТУнинг Нукус филиалига ўқишга киришимга сабаб бўлди. Тадқиқотларни давом эттираман. Режаларим кўп. Ихтироларим одамларга хизмат қилса, бу мен учун катта бахт. 

         Улбосин Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия соҳиби, бир неча халқаро илмий-амалий анжуманлар иштирокчиси, ёш олима.