Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Таълим ва фан вазирининг собиқ ўринбосарини ҳибсга олиш бўйича санкция берилди

Таълим ва фан вазирининг собиқ ўринбосарини ҳибсга олиш бўйича санкция берилди
Тергов суди Қозоғистон Таълим ва фан вазирининг собиқ ўринбосари Эльмира Суханбердиевани икки ой муддатга ҳибсга олиш борасида санкция берди, дея хабар беради пойтахт суд матбуот хизмати.
 
“Ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди эҳтиёт чораси сифатида гумондор Суханбердиева Эльмирани 2 августга қадар ҳибсда ушлаб туриш борасида санкция берди”, – деди пойтахт суди матбуот хизмати журналистларга.
 
5 июн, чоршанба куни мамлакат аксилкоррупция хизмати баёнот бериб, вазирнинг собиқ ўринбосарига нисбатан жиноий иш очилганини маълум қилди. Муассаса гумондорнинг исм-шарифини ва тергов деталларини ойдинлаштирмади.
 
Ўтган ойда аксилкоррупция хизмати Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Миллий тест маркази раҳбари Рамазон Алимқуловга нисбатан тергов ишлари олиб бораётганини маълум қилган эди.
 
47 ёшли Эльмира Суханбердиева 2016 йил апрелида вазир ўринбосари этиб тайинлангунга қадар узоқ йиллар мобайнида пойтахт таълим бошқармасига раҳбарлик қилган. 2007 – 2009 йилларда у “Казахстан” телерадиокорпорациясида раҳбарлик лавозимларида ишлади. 2017 йил августда истеъфога чиққанидан сўнг яна вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.
 
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев май ойида “давлат идораларининг раҳбарлари ўз қўл остидаги ходимлар коррупция ишига аралашиб қолгудек бўлган тақдирда истеъфога чиқишлари керак”лиги борасида фикр билдирган эди. У буни “мажбурий чора” дея атади ва “ўрта муддатли даврда ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураш йўли” дея таърифлади.
 
Transparency International халқаро кузатув ташкилоти томонидан тузилган Коррупция тушунчаси индекси (CPI)да узоқ йиллар мобайнида Қозоғистон ўта коррупциялашган мамлакат сифатида талқин қилинган.

ЎзА