Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАНҚИДДАН ТЎҒРИ ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРИЛАДИ

ТАНҚИДДАН ТЎҒРИ ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРИЛАДИ
Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демок­ратик партияси
Сиёсий Кенгашининг
навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқувчи ниҳоятда долзарб, амалга оширилиши кечиктириб бўлмайдиган вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада O‘zLiDeP олдида турган устувор режалар белгилаб олинди.
Мажлис аввалида иштирокчиларга давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган йиғилишдаги маърузасининг ёзиб олинган видеошакли намойиш этилди.
Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масала юзасидан O`zLiDeP Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Якубов атрофлича маъруза қилди. 
– Барчамиз ҳозиргина Президентимизнинг танқидий-таҳлилий мулоҳазаларини яна бир бор диққат билан тингладик. Маърузадан кейиноқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маҳаллий депутатлар ҳамда сиёсий партиялар фаолиятини ўрганиш борасида ишчи гуруҳлари тузилиб, жойларда ушбу йўналишдаги ишлар атрофлича ўрганилди. Мазкур ўрганишлар давомида, очиғи, танқидлар қанчалик асосли эканлигини хусусан ўзимизнинг партиямиз мисолида ҳам кўрдик, – деди нотиқ. – Ўйлайманки, ўтирганларнинг барчаси ўзи учун тегишли хулосалар чиқариб оляпти. Бугун эса биз сизлар билан ҳар қандай расмиятчиликдан воз кечган ҳолда, очиқчасига юзма-юз туриб, партиянинг юқори органи – Сиёсий Кенгаш аъзолари сифатида ушбу маърузадан келиб чиқиб, партиямиз олдида турган аниқ вазифаларни белгилаб олишимиз лозим бўлади. Таъбир жоиз бўлса, шиддат билан кечаётган ислоҳотлар жараёнида биздан фаолиятимизни янги босқичга кўтариш, кенг миқёсли ислоҳотларнинг оддий иштирокчиси ва кўмакчисидан уларнинг ташаббускорига, янгиланишларнинг асосий ижрочисига айланишни талаб этилмоқда.
Бунда асосий эътиборни Сайловолди дастури доирасида электоратимизга берган ваъдаларни тўла ва самарали бажаришга, партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида устувор мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича аниқ таклиф ҳамда ташаббуслар билан чиқишимиз лозим. Шу боис O`zLiDeP мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч сифатида ўз аъзолари манфаатлари ва интилишлари билан ҳамнафас бўлиб, замон талабларига жавоб бериши шарт. Агар ана шундай туб бурилиш қилмасак, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муносиб ўрин эгаллай олмаймиз.
Маълумки, Президентимиз маърузаси мобайнида сиёсий партиялар ўз электорати билан жойларда олиб борилаётган ишларда ҳам сусткашликка йўл қўяётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу борада ўтган давр мобайнида қандайдир ишлар амалга оширилди. Лекин улар тизимли хусусиятга эга эмас. Чуқурроқ ўрганилса, у масаладан бу масалага ўтиб юрилгани, бирортаси пухта ўрганилиб, охиригача етказилмагани аён бўлади. Озиқ-овқат саноатига тегишли корхоналарни ўрганиш борасида олиб борилган ишларми ёхуд кичик саноат ҳудудларини ўрганиш борасидаги ишларни оламизми, барчасида шундай кўнгилсиз ҳолатларни кўриш мумкин. Масала моҳиятини тушунмаслик, юзаки ёндашув оқибатида ўрганишлар хулосалари ҳам шунга яраша бўлган. Ўзини тадбиркор ва фермерлар манфаатини кўзлаб иш тутувчи сиёсий куч ҳисоблаган партия учун асосий йўналиш саналган тадбиркорларни ҳимоя қилиш борасида ишларнинг бундай ташкил қилинишини, албатта, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ваҳоланки, партия Сайловолди дас­турида айнан шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган эди. Айнан шундай хайрли ишларнинг рўёбга чиқиши учун одамлар бизга овоз берган эди. Афсуски, ҳали-ҳануз айтишга, мақтовга арзийдиган салмоқли натижалар йўқ. Турган гапки, партия Ижроия қўмитасидаги ушбу йўналишга масъул қилиб белгиланган аъзолар, қолаверса, партиянинг Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими фаолиятига қониқарли баҳо бериб бўлмайди. Мазкур бўлим томонидан тақдим этилган 6 ойлик ҳисоботда тадбиркорлар ва фермерлар ўртасида ҳуқуқий ва қонунчилик маданиятини ошириш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилгани алоҳида қайд этилган. Аммо, бу борада ҳам кўплаб камчиликлар бор. Хусусан, ўтказилган амалий мулоқотлар асосан вилоятлар марказларида ташкил этилган. Туман ва шаҳарлар эътибордан четда қолиб кетган. Масалан, жорий йилнинг ўтган олти ойида Сирдарё вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида 20-21 тадан амалий мулоқот уюштирилган.  Лекин, туманлар миқёсида мулоқотлар деярли ўтказилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Наманган вилоятида ҳам аҳвол шундай. Бунинг натижасида тадбиркорлар ва фермерларни қамраб олиш кўлами қисқариб, улардан келиб тушадиган таклиф-тавсиялар сони ҳам камайиб кетган. Шу боис видеоселекторда асосли танқид қилинганидек, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб сиёсий майдонга чиққан O`zLiDePнинг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилмаяпти.
– Шу ўринда таъкидлаш жоизки, партиянинг ўз электорати билан, қолаверса, аҳолининг бош­қа қатламлари орасида амалга ошираётган фаолиятида йўл қўйилаётган ҳамда мамлакатимиз раҳбари томонидан қаттиқ танқид остига олинган камчиликлар кўп жиҳатдан умумий мафкуравий йўналишдаги оқсоқликлар билан бевосита боғлиқ, – деди Б.Якубов ўз нутқида. – Партия Сайловолди дастурининг қандай бажарилаётганлиги, қонунлар билан бизга берилган механизмлардан, имкониятлардан қандай фойдаланилаётганлиги, ҳар бир ҳудудда ишлар қандай суръатда бораётганлиги, бу ишларда камчиликлар бўлаётган бўлса, уларнинг сабаби нима-ю, уларни бартараф қилиш борасида нималарни амалга ошириш керак, бу саволларга ким ўз вақтида жавоб топиб, партия Ижроия қўмитасини хабардор қилиб бориши, керак бўлса йўналтириши лозим эди? Айнан мафкурачиларимиз эмасми? Албатта, шундай. Хўш, амалда нима бўлаяпти? Йил бошида навбатдаги йилга мўлжалланган дастур тузилади-ю, шу билан тамом, бутун эътибор оммавий ахборот воситаларида чиқишларга қаратилади. Қарабсизки, бутун бошли тизимда амалга оширилаётган ишлар кўпинча турли тадбирлар билан чекланиб қолмоқда. Эндиликда бундай самарасиз, хўжакўрсинга ўтказиладиган йиғинлардан бутунлай воз кечиб, бутун саъй-ҳаракатларимизни мамлакатимиз аҳолиси ва партия электоратининг реал муаммоларини ҳал қилиш, эҳтиёжларини таъминлашга бағишлашимиз лозим бўлади.
Йиғилишда бу борада давлатимиз раҳбарининг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббус­кори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган вазифалар моҳиятидан келиб чиқиб, мафкуравий соҳадаги ишларни қайта кўриб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги таъкидланди.
Ижроия қўмитада ва ҳудудий Кенгашларда бу йўналишга масъул бўлганлар ишни тизимли асосда йўлга қўйиши, асосий эътиборни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга қаратишлари кераклиги қайд этилди. Зеро, бугун ислоҳотлар шиддат билан кетаётган бир шароитда партиямизнинг 2-3 йил олдин қабул қилинган дастурий ҳужжатлари ислоҳотларнинг бугунги талабларига жавоб бермаслиги турган гап. Шундай экан, дастурларимизни ҳозирги кун талаблари нуқтаи назаридан ҳам қайтадан кўриб чиқишимиз лозим. Партия мафкуравий йўналишдаги ишларини тезда ўнглаб олиши ва тизимли равишда йўлга қўйиши зарур.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган йиғилишда партия депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлимининг жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнидаги фаолиятига ҳам қисқача тўхталиб ўтилди. Таъкидландики, депутатлик гуруҳлари томонидан 2017 йилнинг 1 ярим йиллигида 6 359 депутатлик сўровлари тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига юборилган.
Таҳлиллар Бухоро, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида шу давр ичида ҳар битта депутат ташаббуси билан депутатлик гуруҳи томонидан ярим йилда атиги 1 ёки 2 та депутатлик сўрови юборилганлигини кўрсатмоқда. Шу ўринда табиий савол туғилиши табиий. Нима, ушбу ҳудудларда муаммолар йўқми, ёки депутатлар уларни кўрмаяптими? Шу ўринда партиямизнинг депутатлик бирлашмалари билан ишлаш бўлимининг фаолияти ниҳоятда сустлиги ҳам айтиб ўтилди.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзоларидан айримлари ўз зиммасидаги вазифаларни унутиб қўйган ҳолатлар ҳам, афсуски, учраб турибди. Айрим депутатларимиз тегишли йиғилишларда умуман қатнашмаяпти, табиийки, ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот ҳам топширмаяпти. Чунки депутат сифатида ҳеч қандай иш қилаётгани йўқ. Шунисиям борки, ҳозирда депутатлар сўровларининг аксарияти қонунлар ва қарорлар ижросининг депутатлик назорати тартибида эмас, фуқароларнинг мурожаатларидаги масалаларни ечиш юзасидан юборилмоқда. Бу эса, Президентимиз таъкидлаганидек, депутатларда ташаббус йўқлигини кўрсатади. Демак, йилнинг иккинчи ярмида депутатларнинг назорат-таҳлил фаолиятига кўпроқ этибор бериш тақозо қилинаётир. Шунингдек, ўтган 6 ой ичида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига 293 та таклиф киритилган, аммо улардан фақатгина 103 таси бўйича қарорлар қабул қилинган. Масалан, Андижон вилоятида 41 та масаладан атиги 2 таси кўриб чиқилган. Фарғона вилоятида эса 14 та масаладан биттаси ҳам кўриб чиқилмаган. Бу эса депутатларимиз ва партия аппаратининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлигидан,  долзарб масалалар ечими четда қолганлигидан далолат беради. Шунинг баробарида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси фаолиятини янада кучайтириш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Хусусан, партия электоратининг туб манфаатларига дахлдор соҳалар учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назорати амалга оширилиши даркор. Қонун лойиҳаларини жойларда давра суҳбатлари ўтказиш билан бир вақтда интернет тармоғи орқали муҳокама қилинишини йўлга қўйиш, шу аснода таклифлар олиш меъёрий ҳужжатларнинг халқчил, пишиқ-пухта ишлаб чиқилишида катта аҳамият касб этади.
Сиёсий Кенгаш аъзолари партиянинг “Ёшлар қаноти”, “Аёллар қаноти” , Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ва бошқа бўлимлари фаолиятидаги нуқсонлар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтдилар. Ходимлар билан ишлашда кўзга ташланаётган кадрлар қўнимсизлиги, ёш, янги ходимлар учун ўқувлар ўтказиш, партиявий тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш билан боғлиқ муаммолар ва бошқа оғриқли нуқталар ҳам тилга олинди.
Мажлис қатнашчилари юртбошимизнинг маърузасида таъкидлаб ўтилган ҳар бир йўналиш ва улар бўйича партия томонидан амалга ошириладиган ишлар ўз ифодасини топган дастурни тасдиқладилар. Қайд этилганидек, мазкур дастур ўз-ўзидан юзага келгани йўқ. Президентимиз маърузасидан кейин партия аъзолари орасида унинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтди. Уларнинг натижалари партия туман ва шаҳар ташкилотлари йиғилишларида муҳокама қилинди. O`zLiDeP маҳаллий Кенгашлари ўз дастурларини қабул қилдилар. Ўз навбатида партия вилоят Кенгашларининг танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишларида ҳудудий ташкилотларнинг дастурлари қабул қилинди. Яъни, ушбу дастур партиянинг энг қуйи тузилмаларидан вилоят Кенгашигача бўлган даражада барча фикр­-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Чуқур таҳлилларга асосланган ушбу ҳужжат сиёсий куч олдидаги вазифаларни белгилаб беради. Ундаги устувор йўналишлар бўйича партия фаолиятини такомиллаштириш ва кучайтириш чора-тадбирлари бирма-бир баён қилинган. Дастурнинг ҳар бир бандини бажаришда маслакдошларимиз масъулиятни теран ҳис қилишлари керак.
Мажлисда партиянинг ҳозирги ташкилий тузилмасига бугунги кун талабларидан келиб чиқилган ҳолда ўзгаришлар  киритилаётгани ҳам маълум қилинди. Жумладан, Ижроия қўмита аппарати таркибини қисқартириш, аксинча, ҳудудий Кенгашларни янада мустаҳкамлаш бўйи­ча амалий ҳаракатлар бошланди.  O`zLiDeP ҳудудий ташкилотларида Халқ депутатлари вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ишлаш бўйича ижрочи котиб лавозими жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Айни пайтда вилоят Кенгашларида матбуот хизмати котиби лавозимини жорий қилиш ҳам мўлжалланяпти.
Йиғилишда, шунингдек, партия фаолиятидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйи­ча чора-тадбирлар комплекси кўриб чиқилди. Биринчи навбатда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол ва самарали иштирок этиш лозимлиги айтилди. Зотан, ушбу стратегик муҳим ҳужжатни рўёбга чиқариш сайловолди кампанияси давомида партиямиз томонидан кўтарилган долзарб муаммоларнинг амалда бартараф этилишига хизмат қилади. Жумладан, иқтисодиётни либераллаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва бошқа йўналишларда партия фаолиятини янада такомиллаштириш ва кучайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Йиғилганларга  партиявий фаолиятни амалга оширишда фаоллик кўрсатаётган, бу борада барча имкониятларини ишга солиб, бошқа сафдошларимизга ўрнак бўлаётган фаолларни тақдирлаш, рағбатлантириш борасида ҳам мутлақо янгича ёндашувлар амалга татбиқ қилинаётгани тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Сиёсий Кенгаш мажлисида ташкилий масала ҳам кўрилди. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиевнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажариш вақтинча Бахтиёр Якубов зиммасига юклатилди ва мазкур қарор Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан маъқулланди.
Муҳокама қилинган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
Солижон ЗОИРОВ
(суратлар)
XXI asr” мухбирлари
Иброҳим Сатторов,
O‘zLiDeP  Наманган вилоят  
Кенгаши раисининг
ёшлар масалалари бўйича ўринбосари:
– Президентимиз O‘zLiDeP ўз электорати бўлган ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш  борасида   аниқ  амалий  таклифларни илгари суриб, ҳукумат даражасига  олиб  чиқмаганини асосли танқид  қилди.
Эндиликда қўйилаётган янги вазифалар асосида “Ёшлар  қаноти” бўлимимиз фаолиятини танқидий тарзда қайта таҳлил қилиб, партиянинг ёшларга оид сиёсати стратегиясини  ишлаб чиқишимиз зарур. Унда ёш  тадбиркорлар манфаатларини қатъий  ҳимоя  қилиш ва муаммоларини  бартараф  этиш каби муҳим йўналишлар акс этмоғи шарт.
Шунингдек, уюшмаган ёшлар қатлами билан ишлаш ва уларни  фойдали меҳнатга, тадбиркорликка қизиқтириш асосий мақсадларимиз сирасидан ўрин олиши зарур, деб ўйлайман. Бу борада баландпарвоз шиорларга берилмасдан, аниқ чораларни ўз олдимизга қўйишимиз керак. O‘zLiDeP тизимида ёшлар билан ишлашда кампаниябозлик, тадбирбоз­ликдан  воз  кечиб,  ёшларнинг аниқ муаммоларини ечишга  эътибор  қаратиш   вақти  келди.
Яна бир муҳим масала – партия тузилмаларини ёш ватанпарвар кадрлар билан  таъминлашдир. Ҳозирги  кунда партиямизнинг вилоят, туман-шаҳар Кенгашлари  бошқарувида  ёшлар,  афсуски,  кўпчиликни  ташкил  этмайди. Бундан буён ишлаб тажриба орттирган, фаол ёш кадрларни ҳудудий  Кенгашларга раҳбар лавозимларга тайинлашимиз, уларга ишонч  билдиришимиз лозим. Ҳеч шубҳасиз, бу чорлов уларда ўзига нисбатан ишонч ҳисси кучайишига, касбига жонкуярлик ва фидойилик фазилати ривожланишига  хизмат  қилади.
Хуллас, жиддий ўзгаришлар остонасида турибмиз. Йигит-қизлар ғояларимиз  ортидан  эргашишлари учун иш услубимизни, фаолият тарзимизни янгилайдиган пайт келди.


Ваҳобжон Норбоев,
O‘zLiDeP Жиззах вилоят
Кенгаши аппарати раҳбари:   

– Фаоллик сусайганини, партиявий тадбирлар электоратимизни, умуман, одамларни зериктириб қўяётгани ва деярли ҳеч қандай самара бермаётганини, аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак. Хусусан, илгари кўпгина тадбирларни аввалдан тайёрланган хоналарда, махсус залларда ўтказардик. Зарурат борми-йўқми, имкон қадар кўпроқ одам тўплашга уринардик.  Эндиликда фермер хўжаликларига, хусусий корхоналарга бориб, у ерда ишлаётганлар билан юзма-юз учрашяпмиз, уларнинг дард-у ташвишларини эшитиб, ечимини биргаликда топишга интиляпмиз.
Мисол учун яқинда Шароф Рашидов туманидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида очиқ мулоқот ташкил қилдик. Бу ҳудудда 800 нафар уюшмаган йигит-қиз бор. Шу ерда яшовчи қишлоқ мулкдорлари, тадбиркорлар ташаббус кўрсатиб, уларнинг доимий иш билан таъминланишига ҳисса қўшишларини билдиришди. Сешанба кунини “Маҳалла куни” деб эълон қилдик. Шу куни маҳалладаги баобрў инсонлар, партиямиз вакиллари, участка нозири ва бошқа фаоллар йиғилиб, ечимини кутаётган турли масалалар, бажарилиши керак ишлар юзасидан маслаҳат қиладилар, лозим топилса, уларга тегишли ташкилотлар диққатини жалб қиладилар. Шунингдек, маҳаллада “Мурожаатлар қутиси”ни ташкил этдик. Ҳар душанба куни туман Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзоси ва партия туман ташкилоти раиси ўринбосари қутини очиб, тушган мурожаатларни ўрганишга, партиявий воситалар орқали ҳал қилишга киришадилар. Вилоятдаги барча маҳаллаларда ана шундай ишларни амалга оширмоқчимиз.
Яна бир муаммоимиз, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Фермерлар кенгаши ва бошқа муассасаларнинг вилоят бўлинмалари билан ҳамкорлигимиз талаб даражасида эмасди. Улар билан янги шартномалар, режалар тузяпмиз. Ҳамкорликни кучайтириш борасида янги ташаббуслар билан чиқяпмиз.

Отабек Ахтамов,
Халқ депутатлари
Самарқанд вилоят Кенгашидаги
O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:
– Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган партиямиз фаолиятини жиддий ва ўринли танқид қилди. Ҳақиқатан ҳам ҳанузгача хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини рўйи-рост ифодалай олганимиз йўқ. Ваҳоланки, одамлар баланд­парвоз гапларга эмас, балки натижадор фаолиятга ишонади. Ҳар ойда туманларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш чоғида ҳам бунга яна бир бора амин бўлаяпмиз. Ўрганувлар чоғида маълум бўлдики, йиғилиб қолган муаммолар кўп. Президентимиз мазкур учрашувлар шунчаки номига, ҳисобот учун ташкил этилаётганини куйинчаклик билан айтганида, рости, уялиб кетдик. Танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда, мулоқотларимизни янгича шакл ва мазмунда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Мурожаатга лаббай, деб жавоб бериш баробарида муаммонинг сабабларини ўрганиш, ҳал этиш, амалий ёрдам кўрсатиш фаолиятимизнинг асосий йўналишига айланади. Шу билан бирга мазкур мулоқотларда вазирлик ва идора, ташкилотлар вакилларининг бевосита иштирок этиши мақсадга мувофиқ. Шундагина қоғозда қолиб кетган масалаларнинг ижобий ечим топишига зарур шароит яратилади.