Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАНСИҚ ГЎШТ ТАНҚИС БЎЛМАЙДИ

ТАНСИҚ ГЎШТ ТАНҚИС БЎЛМАЙДИ
Сирдарёлик ёш тадбиркор Элдор Шерқўзиев хайрли ишга қўл урди: вилоятда қуёнчиликка ихтисослашган  илк фермер хўжалигига асос солди. Фермер хўжалик номи – “Сирдарё момиқ қуёнлари”.
Хайрли иш му­тасаддилар томо­нидан қандай қўллаб-қувватланганини таъкидламасак бўлмас. Яъни,  фер­мерга “Оқ ол­тин” СИУ ҳудудидаги қаровсиз ётган чорвачилик биноси берилди. Фермер уни қайта реконструкция қилиб, қуён боқишга мўлжалланган фермага айлантирди. Банк ҳам ортиқча муаммоларсиз 350 миллион сўм миқдорида кредит ажратди. Шунингдек, зарур озуқа етиштириш учун 15 гектар экин майдони ҳам муаммосиз ҳал этилди. Бу ишлар поёнига етгани ҳамоно Италиядан 110 бош наслдор жониворлар келтирилди.
Айни кунларда италиялик мутахассислар ҳам Сирдарёда. Улар қуёнларни кўпайтириш, парваришлаш бўйича қимматли маслаҳат ва тавсиялар бермоқда.   Наслдор қуёнлар қисқа фурсатда кўпайиб, вазни қадоқ босишини улар яхши билишади-да. Етиштирилган парҳез гўшт, тери ҳамда момиқ, насиб қилса, ички бозордан ташқари экспортга ҳам йўналтирилади. Истиқболда фермер хўжалиги фаолиятини янада кенгайтириб, уни наслчилик марказига айлантириш режаси ҳам бор. Демак, яқин келажакда тансиқ гўшт танқис бўлмайди.
Анорбой НОРҚУЛОВ,
“XXI asr” мухбири