Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тақдир туҳфаси

 Тақдир  туҳфаси

1941 йили Йўлдош ота Иккинчи жаҳон урушига жўнаб кетди. Рўзғорнинг барча оғир-енгили, етти фарзанд юки аёли Қизларой момо зиммасига тушди.

Йўлдош Ҳасанов урушдан сўнг Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Далварзин колхозида деҳқончилик билан шуғуллана бошлади. Раҳмон  ака эса ўша кунларни жуда яхши эслайди: отаси ногирон бўлишига қарамай, чўлни ўзлаштиришда фаол қатнашиб, деҳқончилик қилди.

Ота томорқасига сабзи, пиёз, карам экиб, сабзавотларни Деновнинг бозоридан гўшт, ёғ ва гуручга айирбошлаб келар, қора қозонни қайнатар эди.

Йўлдош ота ўғилларига ер табиатини тушунтира борди: “Боланинг меҳнатда кўзи пишгани маъқул”, дерди у. Ғўзага сув тараганида дарахтларга шакл берганида, токларни кўтарганида, ер ағдарганида, хуллас, нима иш қилмасин,  Раҳмон ёнида бўларди.

Мустақил фикрли бўлиб ўсган Раҳмон мактаб давридаёқ далада ишлай бошлади. Чиниқиб кучга тўлган йигитнинг орзулари бир олам эди. У 1962 йили Самарқанд механизация технологияси, яъни раислар тайёрлаш курси, сўнг 1964 йили Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)га ўқишга кирди. Ўқишни тамомлаб қишлоғига қайтди.  Сувот ерларга кўчат экди, лалмикор деҳқончиликнинг ҳам ҳадисини олди. Юпун оилаларга дон-дун, мева-чева улашди.

Бобо фарзандларини дуо қила-қила боқий дунёга рихлат қилди.

Ҳа, 1977 йили Раҳмон ака Йўлдошев Шўрчи тумани Далварзин колхозига раис этиб тайинланди. Ўшанда онаси унинг болаликдаги гапини  эслатиб, “Отанг, раис бўлганингни кўролмади-да”, деганди...

Орзу-ният ўз йўлига-ку, аммо раҳбар бўлиш истакнинг ўзи эмас. Елкангдаги масъулият тоғдек залворини  ташлаб туради, уни кўтармоққа эса куч ва ирода керак. Етарли билим ва тажрибага эга Раҳмон бу куч ва иродани ҳамқишлоқларидан, дўсту қадрдонларидан топди. Қаерда, ким билан ишламасин, уларга суянди.

Раҳмон ака ҳамиша ота-онасининг ризолигини топиш, уларни суюнтиришга интилиб келди. Ажойиб қобилияти, етук билими, одамийлиги билан кўпчилик ҳурматини қозонди.

Сув танқис Далварзин колхозига Денов каналидан 50 метр баландликда 14 километрлик кўтарма канал тортиб келди. Ҳозир бундан тўрт қиш­лоқ сув ичмоқда. “Ҳотамтой канали” атрофида боғлар барпо этилиб, ҳосилга кирган.

Ўша  кунлар Раҳмон аканинг хотирасида бир умр қолган: Ҳотамтой каналининг очилиш маросимида беназир инсон, давлат арбоби Шароф Рашидов билан учрашди.  У киши билан қўл олишди, ёнида ўтирди. Эсласа, ҳамон ўша ҳаяжон, ўша завқ  такрорланаверади. Ўшанда Шароф Рашидов: “Қани, ҳамма раислар ҳам Сиздай бўлса”, деб бағрига босган эди...

Ҳалол меҳнат бесамар кетмас экан. Раҳмон ака рафиқаси Норгул ая билан олти ўғил, икки қизни тарбиялаб вояга етказди. Ўзаро меҳр-муҳаббат, оқибат, жигарчилик ришталарининг бақувватлиги туфайли ҳар бирининг уйида файз-барака бор. Ота-она дуоси ижобат экан. Ҳамма фарзандлари унди-ўсди. Эл ичида обрў топди. Шерали – тадбиркор, Нурали – шифокор, Абдурасул – олий маълумотли пахтакор. Имомали – иқтисодчи, Усмонжон ота касбидан кетди – Шўрчи туманидаги донгдор фермер хўжалиги раиси, Абдумурод – педагог. Гулжаҳон ва Гулбаҳор ҳам ҳаётда ўз ўрнини топган.

Раҳмон ака Йўлдошев шу кунларда муборак 80 ёшларини қаршиламоқда. Отасининг ўгитлари ҳамон қулоғида. Қизларой момо сабоқлари ҳам ҳамиша ёдида. Доно эл айтганидек, “Нима эксанг, шуни ўрасан”...

                                                                                                                                             Маматқул БОЗОРБОЕВ