Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТАРАҚҚИЁТГА ТУШОВ БЎЛАЁТГАНЛАР

ТАРАҚҚИЁТГА ТУШОВ БЎЛАЁТГАНЛАР
Сардоба туманида 639 та фермер хўжалиги фаолият юритяпти. Маълумки, ғўза парваришида, айниқса, август ойи муҳим ўрин тутади.  Шу паллада агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши келгуси ҳосил гаровидир. Афсуски, шундай масъулиятли даврда дала юмушларига бепарво бўлаётганлар ҳам учраб турибди. Лоқайдлик оқибатида ғалла топшириш бўйича шартнома режасини бажармаганлар ҳам талайгина. Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман Фермерлар кенгашининг қўшма сессиясида ана шундай қолоқ фермер хўжаликлари тўғрисида очиқ-ошкора сўз юритилди.
Қайд этиш керакки, яқинда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳамда тажрибали фермерлардан тузилган ишчи гуруҳи бир ҳафта мобайнида фаолияти талабга жавоб бермайдиган хўжаликларнинг экин майдонларидаги ҳолатни ўрганди. Йиғилишда ишчи гуруҳ хулосалари атрофлича таҳлил этилди.
– Таҳлиллар жараёнида айрим фермер хўжаликлари томонидан ғўза ўстирилиши режалаштирилган майдонларга ўзбошимчалик билан маккажўхори, қовун-тарвуз экилганига гувоҳ бўлдик, – дейди туман Кенгашига партиямиздан сайланган депутат Иззатулло Сатторов. – Устига-устак, пахта етиштириш учун ажратилган ёнилғи, ўғит ва бошқа ресурслар ана шу экинлар парваришига сарфланган. Бошбошдоқлик ҳукм сураётган ана шундай 66 та фермер хўжалигини аниқладик. Сессия кун тартибига ушбу хўжаликларнинг ижара шартномаларини бекор қилиш масаласини  қўйдик...
Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Жўрабек Маматқуловнинг айтишича, ана шу 66 та фермер хўжалигининг хизмат кўрсатувчи ва таъминот ташкилотларидан 4 миллиард 149 миллион сўм қарзи бор.
    Сессия қарорига асосан жиддий камчиликларга йўл қўйган мазкур фермер хўжаликларининг ижара шартномалари бекор қилинди.
Шу каби масалалар муҳокама қилинган қўшма сессиялар бошқа туманларда ҳам бўлиб ўтмоқда.
 Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,
O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати ходими