Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тараққиётнинг янги даврида янгича ёндашув

Тараққиётнинг янги даврида янгича ёндашув

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши XI мажлиси иштирокчиларининг ана шундай якдил фикри аҳоли қатламлари, хусусан, электоратнинг салмоқли қисми бўлган кичик бизнес вакилларини ушбу сиёсий куч атрофида жипслашишга, инновацион ёндашув орқали янги-янги иш ўринлари очиш ва даромад манбаи яратишга ундамоқда.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва фахрийлар таклиф этилган тадбир O‘zLiDeP ташкил этилганининг 15 йиллик юбилейи билан уйғунлашган ҳолда ўтказилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Йиғилишни очар экан, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов мазкур сана муносабати билан барчани муборакбод этди. O‘zLiDePнинг 15 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар, айниқса, кейинги икки йилдан ортиқ вақт оралиғида эришилган ютуқларга атрофлича тўхталди. Жамиятни янгилаш ва модернизация қилишнинг узоқ муддатли дастури бўлмиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар муваффақиятининг том маънодаги “йўл харитаси” эканлиги, O‘zLiDeP эса бу борадаги вазифалар ижроси юзасидан масъулиятни ўз зиммасига олган сиёсий куч сифатида майдонга чиққанини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббускорлиги, ишни тўғри ташкил этиш, истиқболли ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш эвазига шахсий, оилавий фаровонлик негизида умумжамият тараққиётига интилувчи кишиларни, мана, 15 йилдирки, ишбилармонлар ҳаракати байроғи остида бирлаштириб келяпти. Рақобатчи партиялар ўртасидаги етакчилик мавқеини сақлаб қолмоқда. Зеро, сўнгги уч чақириқдаги сайловлар жараёнида вакиллик органларининг барча бўғинларида кўпчилик ўринни эгаллаётгани бунинг яққол далилидир.

Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмаганидек, ютуқларга маҳлиёлик келажакдаги муваффақиятсизлик дебочаси бўлиши тайин. Шу маънода юртимизда кейинги пайтларда юз бераётган янгиланишлар шиддати, очиқ жамият сари қўйилаётган қатъий қадамлар O‘zLiDePдан ҳам ўз фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Партия раҳбариятидан тортиб, қуйи бўғиндаги масъул ходимларгача, парламентдаги фракция аъзоларидан бошлаб, энг олис тумандаги депутатларгача Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган устувор йўналишларни амалга оширишда фаол иштирок этаётгани ана шу талабга муносиб жавоб беришга интилишнинг инъикосидир. Жумладан, O‘zLiDeP фракцияси томонидан 28 та қонунчилик ташаббуси илгари сурилганини ижобий ўзгариш сифатида баҳолаш жоиз.

Аслида ҳар қандай партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг шиддатига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Сайловчилар O‘zLiDeP тимсолида одамларни сафарбар эта оладиган партияни кўришни истайди. Бу жиҳатга алоҳида урғу бераётганимизнинг боиси, партия фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқишда Президентимизнинг 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувида билдирган фикрлари муҳим омил бўлди.

Маълумки, тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айланди. Шу боис жорий йилнинг август-сентябрь ойларида халқ билан очиқ мулоқот қилиш ва аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ишчи гуруҳлар тузилди. Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик тармоқларида микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда инвестиция йўналишида тадбиркор ва фермерлар олдида турган муаммолар, сунъий тўсиқ ва ғовлар таҳлил қилинди.

Жонли мулоқотлар натижасида 650 га яқин фуқарога ўз томорқасида тадбиркорлик қилиш учун, 1 000 нафардан зиёд ишбилармонга эса фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар олишда кўмаклашилди. Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳам партия электорати манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратиляпти. Ҳисобот даврида партия масъул ходимлари, фаоллар, маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари ва тегишли мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда 228 маротаба сайёр қабул ташкил этилиб, уларда 10 мингдан ортиқ кишиларнинг мурожаатлари эшитилди.

O‘zLiDeP охирги икки йил давомида давлат ва жамоат ташкилотлари, партия ва депутатлик корпуси сафини мамлакатни модернизация қилиш билан боғлиқ энг мураккаб вазифаларни ҳал эта оладиган янги авлод кадрлари ҳисобига кучайтириш, шунингдек, электорат муаммоларини ҳал этиш, аҳоли ҳаётига реал таъсир қилувчи иш фаолиятида бошланғич партия ташкилотлари иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

“Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳам ёшлар, хотин-қизлар масалаларига қаратилган лойиҳаларнинг таъсирчанлигини кучайтириш лозимлигини кўрсатаётир. Эътиборлиси, партиянинг халқаро йўналишдаги фаолияти мазмунан бойиб, тобора амалий аҳамият касб этиб бормоқда. Хусусан, O‘zLiDeP шафелигида ўтказилган бир қатор видеконференцияларда тадбиркорлар ва фермерлар маҳсулотининг потенциал харидори бўлмиш россиялик йирик савдо тармоқлари вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот уюштирилиб, улар ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилишига амалий ёрдам кўрсатилди. Бугунгача озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, сақлаш ва экспорт қилиш, енгил саноат ва тайёр кийим-кечаклар экспортига бағишланган мулоқотлар ташкил этилди.

Йиғилишда партия томонидан эришилган ютуқлар қаторида йўл қўйилган камчилик ва мавжуд нуқсонларни келтириб чиқараётган сабаблар атрофлича муҳокама қилинди. Остонада эшик қоқа бошлаган янги йил – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар йилига қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

– Қилган ишларимизга қараганда энди бажаришимиз керак бўлган вазифаларимиз салмоғи кўпроқ, – деди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов пировардида. – Олдимизда янада залворли юмушлар турибди. Модомики, сиёсий куч сифатида бирлашган ҳар бир тарафдоримиз, қуйи тузилмалар етакчилари, турли бўғинлардаги депутатлар юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар муваффақиятига масъул эканлигимизни унутмаслиги лозим.

Кун тартибида муҳокама этилган масалалар юзасидан парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Адҳам Шодмонов, Оҳангарон туман ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси Насиба Ғафурова, партия Андижон вилоят Кенгаши раиси, “Гулсум” хусусий корхонаси раҳбари Тоҳир Толипов, Самарқанд шаҳридаги “Тоҳирий” масъулияти чекланган жамияти директори Толиб Исматиллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, партия ташкил этилган давр­даги ҳолат, хусусий мулкдорлар қатламининг сиёсий куч сифатида оёққа туришида камарбаста бўлган инсонларнинг меҳнати, электорат манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган лойиҳаларнинг юзага келиши ва уларни амалга ошириш механизмларининг ишлаб чиқилиши, айниқса, кейинги йилларда кўзга ташланган сезиларли ўсиш-ўзгаришлар ҳақида мулоҳаза юритишди. Юксак марраларни забт этишнинг илғор ва натижадор усулларини партия тизимига жорий қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирди.

Йиғилишда, шунингдек, ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Мавлуда Хўжаева O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари этиб тасдиқланди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида онлайн аъзолик тизимини жорий этиш, аъзолик бадаллари миқдори ва уларни тўлаш тартибига ўзгартириш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тадбир давомида яқинда нашр этилган “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 15 йил халқ хизматида!” деб номланган китоб тақдимоти ўтказилди. O‘zLiDeP ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан узоқ йиллардан буён партия тизимида фаолият юритаётган ходимлар, фахрий маслакдошлар махсус ташаккурномалар билан тақдирланди. Партиянинг 14 та ҳудудий кенгашига хизмат автомобиллари топширилди.

Сўз тадбир қатнашчиларига

Ғафуржон ЖУМАНИЁЗОВ, Урганч ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати услубчи-йўриқчиси, O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгашининг 2004-2014 йиллардаги раиси:

– O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилишига фахрий партиядош, таъбир жоиз бўлса, Хоразм вилоятида либерал ғояларни тарғиб қилган илк ташаббускорлардан бири сифатида таклифнома олган кунимдан буён 15 йиллик хотиралар қайта жонланмоқда.

Бир гуруҳ ташаббускорлар 2003 йил 5 октябрь куни Тошкент вилоятининг “Кумушкон” оромгоҳида тўпланганмиз. Мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларидан келганлар орасида мен ҳам бор эдим. Қизғин баҳс-мунозаралар давомида янги партия кимнинг манфаатини ҳимоя қилади, номи қанақа бўлади, дастурий мақсадларида қандай вазифалар акс этади, навбатдаги сайловларга бир йил қолиб турганда янги сиёсий куч жамиятда ўз ўрнини топиши учун нималар қилиш керак, деган аниқ саволлар атрофида жўяли муҳокамалар бўлиб ўтди. Жойларда қуйи бўғинларни тузиш бўйича асосли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Вилоятга қайтгач, ҳозирги кунгача партия тизимида фаолият кўрсатиб келаётган Клара Жумамуратова, Бахтиёр Менглиев, Бахтиёр Ибрагимов сингари маслакдошларимиз билан биргаликда аввал туман ва шаҳар бўлимлари, кейин партия Хоразм вилоят ташкилий қўмитаси йиғилишини ўтказдик. Янги ишни бошлаш осон бўлгани йўқ, албатта.

Биз “давлат аралашуви камроқ, фуқаролар ташаббуслари кўпроқ бўлсин”, “давлат – жамиятни ривожлантириш ва модернизациялаш двигатели” каби халқаро либерал-демократик ҳаракат тамойилларини ҳаётга изчил татбиқ қилиш тарафдори сифатида майдонга чиққанмиз.

Ўйлаб қарасам, 15 йил аввал партия вилоят Кенгашида тўрт-беш киши жамоатчилик асосида фаолият кўрсатарди. Бугун-чи? O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши, шаҳар ва туманларда жами 44 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Воҳада партиядошларнинг умумий сони 30 мингдан ошди. Таянч тузилма ҳисобланган БПТларнинг ўзи 860 тага етди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари айни пайтда 139 нафарни ташкил этаётгани ҳам амалий саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Дарвоқе, мен нафақат партия қалдирғочлари, балки дастлабки депутатларидан бири бўлганимдан ҳам фахрланаман.

Мавлуда ХЎЖАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси
ўринбосари:

– Партия Сиёсий Кенгашининг XI йиғилишида алоҳида таъкидланганидек, қилинган ишдан кўра энди бажариладиган юмушларнинг салмоғи кўпроқ.

Айнан мана шу мажлисда менга катта ишонч билдирилгани – O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланганим зиммамга янада масъулиятлироқ вазифалар юклаганини ҳис қилиб турибман. Зеро, олдимизда турган ишлар кўлами ниҳоятда катта. Биргина соғлиқни сақлаш тизимига хусусий капитални янада кўпроқ жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда соғлом рақобат муҳитини яратишнинг ўзи тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилади.

Ҳанузгача аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда жиддий ва туб ўзгаришлар сезилмаётганлиги, хусусан, шу йилнинг ўтган даврида тиббиётга доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушганлиги бу соҳада ҳали ҳам талайгина муаммолар борлигидан далолатдир.

Биргина мисол, бирламчи тиббий-санитария ёрдам хизмати, туманлар марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва  малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талаб даражасида эмаслиги оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ эвазига Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда. Шу боис тиббиёт тизимидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни тўлиқ қайта ўрганиб чиқиш, бунда то қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардан тортиб, марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиниши зарур. Бу борада аниқ партиявий ташаббусларни илгари суриш учун эса O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” фаолиятини янада такомиллаштириш, тадбиркор хотин-қизларнинг Олий Мажлис депутатлари билан ҳамкорлигини кучайтириш талаб этилади.

Тоҳир ТОЛИПОВ, O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси:

– Биз кейинги икки йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар самарасига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас. Масалан, ишлаб чиқарувчиларга сезиларли солиқ имтиёзлари берилиши туфайли экспорт-импорт имконияти ҳам кенгайди. Айнан ишбилармонлар қатламининг манфаатини ифодалайдиган партиямиздан сайланган депутатларнинг электорат олдига бораётгани, халқ ичига чуқурроқ киришга интилаётгани эса кундалик фаолиятда учрайдиган турли муаммолар, юзага келиши мумкин бўлган сунъий тўсиқларни жойида бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Хонадонма-хонадон юриш усулига асосланган бундай тизим орқали биз бир вақтнинг ўзида партиянинг иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасидаги вазифаларини ҳам амалий жиҳатдан бажараяпмиз, десам муболаға бўлмайди. Зотан, мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини таъминлаш бундан кейин ҳам  O‘zLiDePнинг бирламчи вазифаси бўлиб қолаверади. Бу жараёнда эса хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, бизнес вакилларига кўпроқ эркинлик бериш муҳим аҳамият касб этади. Демак, давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи меъёрларини янада қисқартириш, буйруқбозлик иллатларини бартараф этиш, кичик бизнес субъектларининг кредит-молия ва хомашё ресурсларидан, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга давлат буюртмаларидан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирларимизни сифат жиҳатдан янги босқичда давом эттиришимиз даркор.

Қўшсаҳифа материалларини
Норқобил ЖАЛИЛОВ,
Озод РАЖАБОВ,
Акбар МУЗАФФАРОВ ва Солижон ЗОИРОВ(суратлар) тайёрлади.