Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тарихни тирилтиришда тетапоя

Тарихни тирилтиришда тетапоя

“Исломхўжа” бадиий-публицистик фильми ҳақида

Ўтган йил 7 августда Президентимизнинг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Унда бир қатор долзарб масалалар тилга олиниб, соҳага оид муаммоларни бартараф этиш баробарида кино ихлосмандлари учун замонавий, савияли, томошабоп, қизиқарли, тарихий-маданий фильмларни яратиш зарурлиги белгиланган. Куни кеча мутахассислар учун ёпиқ намойиши ўтказилган “Исломхўжа” бадиий-публицистик фильмини айни шу серия сирасига киритиш мумкин (режиссёр: Жаҳонгир Аҳмедов, сценарий муаллифи: Жўрабек Рўзметов).

Дастлаб, фильмнинг бош қаҳрамони хусусида. Исломхўжа тарихий шахс бўлиб, XIX аср охири – XX аср бошларида Хива хонлигида аввал Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), сўнгра эса унинг ўғли Асфандиёрхон (Фаррух)га хизмат қилган ислоҳотчи бош вазирдир. Ўн етти ёшида Ҳазорасп беклигига ҳоким бўлган Исломхўжа орадан тўққиз йил ўтиб, (1898 йил) хон томонидан бош вазир этиб тайинланади. У ўз даври учун муҳим бир қатор ислоҳотларни амалга оширади. Ичан қалъада кўплаб иншоотлар қурдиради,  қалъа ташқарисида янги шаҳар лойиҳасини ишлаб чиқиб, замонавий касалхона, телеграф биноси ва Нуриллабой саройини барпо этади. Унинг ташаббуси билан хонликдаги экин майдонлари, вақф ерлари, суғориш тизими, солиқ йиғиш ва сарой хизматчиларига маош тўлаш тартиби жорий этилади...  

Фильм воқеалари бугунги замон ёш тадқиқотчисининг (ролда актёр Ҳусан Жўраев) изланишлари асносида кўрсатиб борилади. Исломхўжа шахси билан боғлиқ асл ҳақиқатни қарор топтиришга бел боғлаган бўлғуси олим Тошкент, Хива ва Санкт-Петербургда бўлиб, архив ҳужжатлари билан танишади ва маълумот тўплайди. Тадқиқотчи замонавий дунёдан туриб мозий билан тиллашади, хаёлан ўтган аср бошларига саёҳат қилиб, Исломхўжа (ролни Улуғбек Қодиров ижро этган) билан суҳбатлашади. Хива музофотида кечаётган янгиланишлар кузатувчиси сифатида сарой сирларидан воқиф бўлади. Биз тарихга мурожаат қилишнинг бу тарздаги кўринишини муқаддам итальян киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Леонардо да Винчи” фильмида ҳам кузатган эдик.

Бош вазирнинг халқ манфаатини ўйлаши, камбағал ва ўртаҳолларнинг ҳимоячисига айланиши бир гуруҳ нопок амалдорларнинг ғазабини қўзғайди, Матвафо Баққол (ролда Матёқуб Матжонов) ва Ҳусайн Матмурод (ролда Боир Холмирзаев) бошлиқ мансабдорлар Исломхўжага қарши фитна уюштирадилар. Улар вазирни обрўсизлантириш мақсадида турли воситаларни, инчунин, мустамлакачи Чор Россиясининг генерал ва полиция раҳбарларини ишга соладилар. Якунда ғаразли мақсадга эришилади: Исломхўжа бир гуруҳ ёлланма қотиллар томонидан ўлдирилади...

Фильмни томоша қилар экансиз, бир талай оғриқли саволлар қаршисида қоласиз. “Асфандиёрхон (ролда Алишер Узоқов) нега бу ҳолатга бефарқ бўлди, ахир Исломхўжа бош вазир бўлиши баробарида унинг қайнотаси ҳам эди-ку?”, “Нега қотил (Қурбонбой бўзчи) аввал қўлга олинади-ю, сўроқ ва қийноқлардан сўнг қўйиб юборилади?”, “Нега Асфандиёрхон ҳаммасини билатуриб Матвафо Баққолни бош вазир этиб тайинлашга мажбур бўлади?”. Айни шу саволларга тадқиқотчи ва тарихчи олим (ролда Ҳошим Арслонов) биргаликда жавоб излайдилар. Улар архив материалларидан иқтибослар келтириб, қизғин муҳокамага киришадилар

Фильм камчиликлардан холи эмас. Ўжарроқ киномунаққид бўлса, уни бемалол “костюмлаштирилган томоша” деб баҳолаб юбориши ҳам мумкин. Исломхўжанинг характерини кўрсатадиган, адашмасак, биттагина воқеани кўрдик – лавозимини суиистеъмол қилиб, халқни эзадиган нозирнинг жазоланиш саҳнаси. Бутун фильм давомида илмий мақола ўқиб берилади гўё. Кадр ортидаги текстни тасдиқлаш учун эса ғўддайган, хўмрайган қиёфалар кўрсатилади. Актёрлар мазза қилиб ўйнайдиган эпизодлар қарийб учрамайди. Танланган мусиқалар жуда баланд овозда қўйилиши, ҳатто актёрларнинг ўзини тутиши ҳам туркларнинг “Муҳташам юз йил” сериалини эсга олишга мажбур қилади. Жуда арзон ва осон йўлдан борилган. Павильон масаласида эса... Бир аср олдинги давр муҳитини бериш, томошабин кўз ўнгидан замонавий унсурларни яшириш ҳам, афсуски, қойилмақом бажарилган, дея олмаймиз.

“Исломхўжа” бадиий-публицистик фильми кейинги давр миллий кинематографиямизда биринчи қадамлардан бўлгани боис айрим камчиликларига кўз юмиш мумкиндир, балки. Оддий бир томошабин сифатида билдирган фикр-мулоҳазаларимиздан ҳам фақат ва фақат яхшилик кўзланган. Кейинги уринишлар янада пухта бўлиши, бой тарихимизнинг сир-синоатлари ва машҳур аждодларимизнинг тақдир ажойиботларидан сарҳадлар оша афсона сўзлаши, кўрсатиши ва ўрташига тилакдошмиз.

Аслиддин АЛИМАРДОН