Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Таваккалдан бошланган ИШОНЧЛИ БИЗНЕС

Таваккалдан бошланган ИШОНЧЛИ БИЗНЕС
 
Йигит кишига қирқ ҳунар оз. Ишга бутун оила бўлиб киришсангиз, изланишлар, хатти-ҳаракатлар кишига омад келтириб,  даромадли бизнесга асос бўлади. Бу йўлда мақсадга етиш осон кечади. Илғаган бўлсангиз, оилавий тадбиркорлик хусусида сўз юритмоқчимиз.
Оилавий тадбиркорлик, аждодлар ишини давом эттириш, касб-ҳунар  эгаси бўлиш аслида халқимизга отамерос. Бу анъана  кейинги йилларда яна ривож топмоқда. Касб-ҳунар, касаначилик, тижоратга қизиқиш ортаётир. Айни кунда юртимизда ўн уч мингдан ортиқ оилавий тадбиркорлик субеъкти борлиги фикримиз тасдиғидир. Аҳамиятли томони шундаки, бундай корхоналар аҳолини иш билан таъминлаб, бозорда маҳсулотлар миқдори ва сифатининг ошишига салмоқли ҳисса қўшаётир. Улар орасида ҳатто экспортни фаол йўлга қўяётганлари ҳам кам эмас.
Шулардан бири пойтахтнинг Учтепа тумани Фозилтепа маҳалласида истиқомат қилувчи Ғафур ота Муслимов оиласидир.
 
Бу оиланинг аҳиллиги, меҳнатсеварлиги ва уддабуронлиги барчанинг ҳавасини келтиради. Ғафур отанинг ўғиллари — Умиджон ва Хуршиджон алоҳида-алоҳида оилавий корхонани бошқаришади. Мазкур корхоналарда айни пайтда ўттиздан ошиқ киши меҳнат қилмоқда.   
Хуршид Муслимов бошчилигидаги “Ҳафиза нур” корхонаси кунига дазмол тахтасининг 25 хилидан 100-150 дона, кийим қуритадиган жиҳозларнинг турли хилларини ишлаб чиқармоқда. Цехда ўнлаб ишчилар юмуш билан банд. Бир томонда йирик дастгоҳлар турли эҳтиёт қисмларга шакл берса, иккинчи томонда темирчи пўлат қувурларни турли ўлчовларда арралайди. Бир ёнда аёллар мато тикиш ва елимлаш билан банд. Яна бир ёнда машулотлар йиғилмоқда. 
Жараён четдан қараганда оддийга ўхшаса-да, ишнинг салмоғи катта. Наҳотки, оддий дазмол тахтасининг бозори шунчалик чаққон бўлса, деб сўраймиз Хуршид акадан. 
— Кўпчилик шу фикрни билдиради, — дейди Х.Муслимов. — Аммо бу маҳсулотга ички бозоримизда талаб катта. Бу йўналишда мамлакатимизда йигирмадан ортиқ корхона бор.
Х.Муслимов билан суҳбатда тадбиркорлик тарихи билан қизиқдик.
— Фаолиятимиз бундан ўн беш йил аввал коллежда ўқувчилик кезларимда бошланганди, — дейди у. — Отам ишдан бўш вақтларида турли буюмлар ясарди. Бир куни темир оёқ ўрнатилган дазмол тахтасини ясаб, акам иккаламизга уни бўяшни, ойимга эса устига ғилоф тикишни буюрди. Тайёр бўлгач, қарасак, мустаҳкам дазмол тахтаси чиқибди. Шунда ойим ҳазиллашиб “Буни бозорда сотсак ҳам бўларкан”, деб қолди. Бу гап отамга маъқул тушди. 
Биринчи хомашё учун эллик минг сўм пул тикилгани ҳануз ёдимда. Ишлатилган темир қувурлари олиб келиб, яхшилаб тозалаганмиз. Отам темирни пайвандлади, акам эса ДСП тахтасини арралади, бўёқ ишлари менга қолди.  Ойим матоларни тикиш ва елимлаш билан машғул бўлди. Тўрт дона дазмол тахтасини сотиш учун “Ипподром” бозорига тушдик. Қани энди бирор киши сўраса. Ҳамма Хитойдан келтирилган дазмол тахталарини харид қилади. Чунки у ихчам ва қулай, кўриниши бежирим. Бизники — қўпол, оғир ва кўримсизроқ, нархи ҳам Хитойникидан икки баробар қиммат. Харидорлар нархини эшитибоқ кетиб қоларди. Мижозларга маҳсулотни ўтказиш учун отам дазмол тахталар устига чиқиб пишиқлигини, қўл меҳнатида қилинганини кўрсатарди. Ўша куни тушгача айланиб, бир амаллаб сотдик. Шу ишга жазм этиб, дастлаб кунига икки дона дазмол тахта ясаган бўлсак, кейин ўнтагача чиқардик. Бозорлардаги дўконларга маҳсулот тарқатишни йўлга қўйдик. Аммо сотувчилар маҳсулотимизнинг бозоргир бўлишига ишонқирамас
ди. Тушкунликка тушганимизда отам сабр қилишни айтарди. Маҳсулотимиз сифатини ошириб борганимиз учун аста-секин харидорлар кўпайди. Жой камлигидан бўёқ ишларини болохонада бажарардик. Қишнинг совуғи, ёз жазирамасида айвонда ишлардик. Айниқса тўй мавсумида қўл-қўлга тегмай қоларди. 
Шунда отам Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлиб, беш нафар шогирд олди. Вақт ўтиб бу ишчи кучи ҳам камлик қилди. Кейин ижарага жой олиб, ишлаб чиқариш учун турли дастгоҳлар, фурнитуралар ясаш учун қолиплар қилинди. Олдин бутун иш жараёни қўлда бажарилган бўлса, кейин техника ишимизни енгиллатди. Маҳсулотимиз сифати рақобатда хорижникидан қолишмайдиган бўлди. Бу орада маҳаллий бозорга зангламайдиган, енгилроқ қувурлар кириб, ишимизнинг салмоғи ошди. Хомашё сифати дазмол тахтанинг бежиримлигини ошириб, вақтни ҳамда бўёққа кетадиган маблағни тежади. Буюртмалар ортгани сайин ишчилар сонини ошириб, фаолиятимизни ҳам кенгайтириб бордик. 2015 йили акам билан алоҳида-алоҳида оилавий корхона очиб, “Ҳафиза нур” корхонасини мана шу саноат зонасига кўчирдик. 
— Бозор — ўзгарувчан. Унга мослашиш тадбиркор учун ҳаёт-мамот масаласидир, — дейди тадбиркор. — Олдин харидорлар арзон маҳсулотни танлаган бўлса, энди қиммат бўлса-да, сифатлисини харид қилмоқда. Айни кунда маҳсулот брендининг замонавий янги белгисини яратиш устида ишляпмиз. Қадоқлаш ускунасига Хитойга буюртма берганмиз. Агар мана шуларни ҳал этсак, маҳсулотларимизни бемалол хорижга экспорт қила оламиз. Қўшни давлатлардан келган харидорлар маҳсулотларимизга қизиқиш билдирмоқда. 
Тадбиркорнинг эришган ютуқларини эшитиб, уни бугун қийнаб турган муаммолар бормикан, деб қизиқдик. 
— Айни дамда ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз ҳажми ортгани боис, жойимиз торлик қиляпти. Тайёр маҳсулотларни қўйишга жой йўқ. Корхонани кенгайтириш мақсадида Учтепа ҳокимиятидан ёрдам сўраганимизда улар имкони йўқлигини айтишди. Сўнг Зангиота тумани ҳокимиятига мурожаат қилдик. Улар ҳам 3-4 ойдирки, жавоб берганлари йўқ. Керакли  майдон ажратиб берилса, уч тсехимизни бир жойга жамлаб, яна 25 нафар янги иш ўрни яратган бўлардик. Бу маҳсулотимиз таннархининг  арзонлашишига ҳам олиб келади. 
“Иккита янги иш ўрни яратган тадбкиркорни бошимга кўтараман” деган эди Юртбошимиз. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни қўллаб турган бир пайтда,  оилавий тадбиркорнинг мурожаати эътиборсиз қолмас. Яна қўшимча иш ўрни яратаман деб турган бўлса. 
Зеро, яқинда эълон қилинган “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастурида ҳам бу каби оилалар сафини кенгайтириш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш назарда тутилган. Шундай экан, уларга ёрдам берилса, ўз йўлини топиб кетади. Натижада халқимиз бой бўлади. Бу эса давлат бой бўлади, деганидир. 
 
Бобур МУҲАММАДИЕВ,
Шолазиз ШОХИДОЕВ (фото),
“Hurriyat” мухбирлари



“Hurriyat” мустақил газетасидан олинди.