Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Таъзим сизга, яхшилар!

Таъзим сизга, яхшилар!

 

65 ёшдаман. 2017 йил май ойида хасталаниб қолдим. Уй шароитида  дорихоналардан ул-бул дори-дармон олиб, истеъмол қилиб турдим. Шифокорга учрашай десам ўтиб кетар деб ўйлабман.

       Аттанг, охири йиқилиб, ётиб қолиш даражасига бордим. Энди яшашдан умидимни узган эдим. Уйда касалманд хўжайиним, икки нафар ёш неварам бор. Уларнинг келажагини, еб-ичишини, кир-чирини, ётиш-туришини ўйлаб ҳам хасталикни енгаман деб ўйладим. Ўзим юролмасам, охири эрим бир машинани кира қилиб, зудлик билан Жомбой туман бирлашган шифохонасининг кардиолог шифокори Лола Хўжаева қабулига олиб борди.

        Замонавий аппаратлар ёрдамида текшириб кўришдики, аҳволим кўнгилдагидек эмаслиги боис тезлик билан тиббий ёрдам кўрсатишга шошилишди. Юрак уриш пульсим ниҳоятда  паст экан. “Тез ёрдам” бўлимига Лола Хўжаеванинг ўзи олиб бориб ётқизди. Шу куннинг ўзида ўз вақтида тиббий кўмак берилганлиги учун анча ўзимга келиб қолдим.

       Кечаю кундуз шифокорлар назоратида бўлдим. Ниҳоят, бир муддат керакли муолажалар қилинганидан сўнг  уйга қайтишимга рухсат беришди. Уйда яна керакли дори-дармонлар истеъмол қилиб туришим учун тавсиялар ёзиб, қўлимга тутқазишди.

       Бир ҳафталик дорим қолганидан сўнг хўжайиним Жомбой ва Самарқанд шаҳар дорихоналарини излаб ҳам ўша керакли таблеткани тополмади. Энди нима қилишни билмай қолдик. Қариндошларимдан бирининг маслаҳати билан “Жомбой тонги” газетасининг бош муҳаррири Исомиддин Пўлатов ҳузурига эрим борибди.

       Яратганнинг меҳрибончилигини қарангки, орадан кўп вақт ўтмади, нонуштадан сўнг хомуш ҳолда ҳалиги топилмас дорини энди қаердан излаймиз, деб ўтирсак, бир йигит уйимизга келиб, бир қути дорини қўлимга тутқазса бўладими. Қарасак, еру кўкдан ҳам излаб тополмаган ўша савил таблетка!

      Кўзларимга ёш келди. Шунчалар қувондимки, кўнглида биз каби муштипар одамларга яхшилик соғиниб яшаётган саховатли Исомиддинжонни йиғлаб дуолар қилдим. Энг қувончлиси, ҳозир ҳам ўзимдан, оиламдан шу йигитлар мунтазам хабардор бўлиб туришибди. Яхшиларга таъзим қиламан!

Мавлуда ИСЛОМОВА,

Жомбой тумани