Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Теддининг тарихини биласизми?

Теддининг тарихини биласизми?

Айиқ ўйинчоқлари ичида ўз исмига эга Тедди кўринишидан ғамгин, ярадор бўлсада дунё бўйлаб энг оммабоп "айиқ" ҳисобланади. Нима учун Тедди, нега ғамгин ва нима сабабдан у ярадор? Ҳа, демак унинг ҳам маълум бир тарихи бор. Қизиқувчилар учун унинг қисқача тавсифини келтириб ўтамиз. 

Маълум бўлишича, ХХ асрнинг бошларида америкалик ўйинчоқ ясовчи Моррис Мичтом, германиялик Ричард Стеиф ва Президент Теодор “Тедди” Русвельт томонидан бу ўйинчоққа асос солинган.

Тедди айиғининг номи Америка Қўшма Штатларининг олдинги президентларидан бири, одатда кўпчилик уни “Тедди” деб биладиган (гарчи буни хоҳламасада) Теодор Русвельт билан боғлиқ. Бу ном 1902 йилда Миссисипи ҳукумати бошлиғи Андрю Н. Лонгино Русвельтни у ерга таклиф қилган пайтда,  Миссисипидаги айиқ овлаш саёҳати можаросидан келиб чиққан. Овда  яна бир қанча овчилар мусобақалашаётган бўлиб, уларнинг кўпчилиги аллақачон ҳайвонларни ўлдирган эди. Ҳолд Коллиер бошчилигидаги  Русвельт хизматчилари Америка қора айиғини узоқ вақт ҳолдан тойдириб тақиб қилади, уни тутиб, боғлаб таёқ билан уради. Хизматчилар Русвельтни бу ерга чақириб, айиқни отишни таклиф қилади.

У буни спортчиларга хос ҳаракат деб ўйламагани учун айиқни отишдан бош тортади, лекин уни бу бахтсизликдан қутқариш учун ўлдиришга кўрсатма беради. Бу ҳолат 1902 йил 16 ноябр куни "Вашингтон Пост"да Клиффорд Берримен томонидан сиёсий карикатура қилиб чиқарилади. Дастлабки карикатурада катта қора айиқни тутувчи лассо билан ушлаб турган тасвири бор эди ва бу  рамзий маъно Русвельтнинг ғазабини келтиради, кейинроқ унинг бошқа сонларида ва Берриманнинг навбатдаги карикатураларида айиқ кичикроқ ва ёқимлироқ қилиб тасвирланади.



Моррис Мичтом Русвельтнинг расмини кўради ва бу карикатура Моррисни Тедди айиғини яратишга илҳомлантиради. У кичкинагина юмшоқ айиқ боласини яратади ва Русвельтга айиқни жўнатиб, унинг исмидан фойдаланишга рухсат олгандан кейин маҳсулотни “Тедди айиғи” белгиси билан дўкон ойналарига жойлаштиради. Ўйинчоқлар тезда муваффақият қозонади ва Мичтом идеал янгиликка асос солади.



Худди шу вақтда Германияда Мичтомнинг айиғидан бехабар Стеиф фирмаси Ричард Стеифнинг дизайни билан тўлдирилган айиқ ишлаб чиқарди. Стеиф 1903 йили мартда Лейпзиг Ўйинчоқлар Ярмакасида уни намойиш қилади. Янгилик у ерда Жорж Боргфелд & Нью Ёрк компанияси учун харидор Ҳерман Берг томонидан кўрилади. У Қўшма Штатларга 3 000 та ўйинчоқ юборишга буюртма беради. Стеифнинг қайдномалари айиқлар ишлаб чиқарилганилигини кўрсатган бўлсада, улар АҚШга келганлиги қайд этилмаган, аммо “55ПБ” деб ном олган айиқларнинг кема ҳалокатига учраши ҳақидаги ҳикояси бор эди.  Шундай қилиб Стеиф ва Мичтом кўриниши бир хил Тедди айиқларини чиқараётган эди. Трансатлантик алоқаларнинг ёмонлиги сабабли улар бундан бехабар эдилар

Шимолий Америкалик педагог Сеймоур Итон Русвельт айиқлари ҳақида бир қанча болалар китоблари ёзади, бастакор Жон Волтер Бреттон 1907 йилда “Тедди айиқларининг сайри” мусиқасини басталайди, 1932 йилда эса лирик шоир Жим Кеннеди унга сўзлар ёзади.

Олдин тедди айиқлари ҳақиқий айиққа ўхшатиб узун тумшуқ ва маржондек кўзлар билан ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирги айиқлардаги каттароқ кўзлар, пешоналар ва кичиқроқ бурунлар, чақалоқларникига ўхшаш юз кўриниши ўйинчоқларнинг ёқимлилигини оширди. Шунингдек, айиқнинг ҳар хил турлари – қутб айиғи, гризли айиғи ва пандалар акс этган тедди айиқлари ҳам ишлаб чиқарилди.

Аввалига айиқлар мохер (ангорка жуни) билан қопланган бўлиб, бугунги Тедди айиқлари кенг тарқалган савдо матолари, кўпинча синтетик мўйнали кийимлардан ишлаб чиқарилади.    

 Болалар ўйинчоғи бўлган Тедди айиғи бугун эртак, қўшиқ ва филмларда машҳур. Ҳақиқий айиқ болачасига ўхшатиб яратилган илк пайтдан буён теддиларнинг ўзгача шакли, стили, ранги ва матоси бор. Маълум бўлишича,оммавий аукционларда олдинги ва ноёб теддилар намойиш қилиниб, аукционерларнинг қадрли буюмларига айланган. Айиқлар ичида тедди болалар учун энг оммабоп совға ва у тез-тез улғайган йигит-қизларга севгисини ифодалашда, табриклашда ёки ҳамдардлик билдирилганда берилади.

Унинг бу қадар оммалашиб кетганлигининг асл сабаби – балки унинг мана шундай тарихи борлигидадир. Яна ким билсин?!

Интернет манбалари асосида
Дилдора ТЎЙЧИЕВА
тайёрлади.