Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тест натижалари бўйича АПЕЛЛЯЦИЯ шикояти қаерга берилади?

Тест натижалари  бўйича АПЕЛЛЯЦИЯ шикояти қаерга  берилади? Савол: Олий ўқув юртига кириш имтоҳонидаги натижамдан норозиман. Апелляция шикояти бериш тартиби қандай?

У. ТУРОБОВА,
Олмалиқ шаҳри

Жавоб: Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача (белгиланган иш вақтига мувофиқ, дам олиш кунларисиз ўн бир календарь куни ичида) бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

Абитуриентга апелляция шикояти қабул қилингани тўғрисида уч иш куни ичида хабарнома берилади. Апелляция шикояти Давлат тест марказида ҳамда унинг Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларида қабул қилинади. Шикоятга абитуриент рухсатномасининг нусхаси илова қилиниши керак. Шикоят берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.

Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади. Шикоят комиссия томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. 

Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.

Абитуриент апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.