Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тил ҳақидаги қонун замон талабларига жавоб берадими?

Тил ҳақидаги қонун замон талабларига жавоб берадими?
9 йил. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни бир кам ўттиз “ёш”ни қаршилабди. Бу вақт ичида мамлакатимиз ҳаётида нималар ўзгармади дейсиз. 
 
21 октябрь – "Давлат тили тўғрисида"ги қонун қабул қилинган кун.
 
Тўғри, қонуннинг жойларда ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аммо... фақат 21 октябрни катта байрам сифатида ҳар йили бир марта нишонлашдан у ёғига ўтолмаяпмиз. 
 
Назаримда, бугунги кунда орамизда соф ўзбекча гапирадиганлар камайиб кетгандек. Мулоқот жараёнида рус тилидан ўзлашган сўзларни ишлатмасдан гапириш ўта мушкул. Масалан, “Кийимимни утюг қилдим”, “Телефонимнинг заряди йўқ”, “Кейинги остановкада тушаман” ва ҳоказолар. Нега оддий сўзлашиш жараёнида ҳам ўз тилимиз бўлса-да, бошқа тилдан фойдаланяпмиз? Йўқ, мен ўзга тилни ўрганиш, ўша тилда мулоқот қилишга қарши эмасман. Замон шуни талаб қилади. Юртдошларимиз камида икки ёки ундан кўп халқаро тилни билиши тарафдориман, бироқ ўз она тилига паст назарда қаралишига қаршиман. 
 
Майли, бу алоҳида мавзу. Ҳозир эса 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга эътиборингизни қаратмоқчиман. (Мазкур қонун Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрдаги 167-I-сон “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинган.) Ушбу қонун бугунги кун талабларига жавоб берадими? Маълумки, “Таълим тўғрисида”ги қонун 1995 йил қабул қилинган. Аммо у бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги инобатга олиниб, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, янги таҳрирда қабул қилиш учун Қонунчилик палатасига муҳокама учун киритилган. Долзарблик даражаси “Таълим тўғрисида”ги қонундан қолишмайдиган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун эса фақат қоғозда ишлаяпти, холос.
 
Ёзувчилардан бири “Бизда миллатни севиш, ўзбек тилини ҳимоя қилиш ва ардоқлаш тушунчаси йўқ. Бу борада японлардан ўрганишимиз керак”, деган эди куюниб. Унинг айтишича, ўғли фарзандлари билан Японияда яшайди. Японлар бошқа давлат вакиллари болаларига япон тилини бепул ўргатар эмиш. Бир япон аёл ҳафтада икки марта ўғлимнинг уйига бориб, набираларимга япон тилидан сабоқ беради. Ҳозирги кунда икки набирам ҳам япон мактабига боради. Мана, ўз она тилига бўлган ҳурмат, дейди у. Дарҳақиқат, ўз она тилини севиш йилда бир марта фақат тил байрамидагина оташин нутқ қилиш, жойларда тадбирлар уюштириш билан белгиланмайди.
 
Пойтахт кўчалари Ўзбекистон эмас
 
Нафақат пойтахт балки вилоят, туман кўчаларида ҳам ўзбек тилидаги номларни ҳадеганда учратавермайсиз. Аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари номларидан тортиб, ошхона-ю тўйхоналаргача пештоқидаги ёзувлар рус, инглиз ёки бошқа тилда битиладиган бўлди. Хорижий давлат билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган қўшма корхона бўлса-ку бошқа гап, аммо маҳаллий тадбиркорларимиз ҳам ажнабий сўзларга муккасидан кетган. Кўчаларнинг номи бир-биридан чиройли: “Алишер Навоий”, “Амир Темур”, “Махтумқули”, “Шаҳрисабз”, “Дўстлик”... Лекин шу кўчалардаги айрим кафе, бар ва ҳатто ташкилот, корхона номлари ҳам ўз тилимизда эмас.
 
Бир неча ой олдин Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг ҳисоботи бўлиб ўтган эди. Унда қўмита раиси, шоир Иқболжон Мирзаалиев давлат тили ҳақида куюниб гапирганди.
 
– Биздек боқибеғам, ўзини ҳурмат қилмайдиган халқ бўлмаса керак, – деди И.Мирзаалиев. – Тилга эътибор – бу жуда оғриқли масала. Унга ечим топилмаса, икки ёзувлик (кирилл ва лотин), саводсизлик, ўз тилини билмаслик фожиаси давом этаверади. Ўз тилимизни ҳимоя қилайлик! Йўқ, қўрқоқлигимиз, бепарволигимиз сабаб ҳамон давлат тилига эътибор суст. Ҳамон ҳукуматнинг айрим қарор, фармонлари рус тилида. Нимага? Ўзлигини англамаганлар шунгача олиб келди. Биз оғиздагина ўзимизга бекмиз, амалда эса... Бунда миллатчилик қилиш керак эмас, миллатни севиш керак! Шавкат Раҳмон айтганидек, ичимиздаги хоинни ўлдирадиган вақт аллақачон келган. Қўмита иш режасида жорий йил август-сентябрь ойларида «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Тошкент шаҳридаги ижроси ўрганилди. Тез орада хулосамизни билдирамиз.
 
Минг афсуски, идоралараро ҳужжатлар, кўчадаги афиша ва турли шохобча номлари ҳам ўзга тилда. Давлат тили қачон ишлайди ўзи? Унинг ижросини ким назорат қилади? Наҳотки, уни янги таҳрирда чиқариш ёки жойларда ижросини назорат қилишга эҳтиёж бўлмаса? Бор-да. Нега дейсизми, чунки унинг жойлардаги ижросини бирор-бир тузилмага юклаш керак. Бугун эса ўша тузилмани тузиш зарурати туғилмоқда. Тилшунослар фикрича, давлат тилининг жойлардаги ижросини таъминлаш учун қўмита, жамият ёки уюшма тузиш керак. Бунинг учун юқоридаги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиб, унинг назоратини эса янги тузилма зиммасига юклаш зарур. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, драматург Шароф Бошбеков ҳам унутилиб бораётган тилимиз ҳақида ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига фикр қолдирди. Унда айтилишича:
 
– Россияда ижод аҳли ва илм зиёлилари “Рус тилини ҳимоя қилиш жамияти” деган норасмий уюшма тузган эмиш. Рус тилини кимдан ёки нимадан ҳимоя қилмоқчи улар? Ажнабий сўзлардан! Жонажон ўзбек тилимизнинг ҳозирги аҳволини кўриб беихтиёр бизга ҳам шундай уюшма зарурмикан, деган фикр келди. Аҳвол чидаб бўлмас даражага етди. Ахир ўзбек тилимиз хорижий сўзлар денгизида чўкиб кетяпти-ку! Томошабин бўлиб тураверамизми?! Ижодкор зиёлилар, илм аҳли ва бошқалар ҳам шу мақсад йўлида бирлашайлик! “Ўзбек тилини ҳимоя қилиш жамияти” тузиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аниқ таклифлар билан чиқайлик. Ушбу жамиятга барча тилпарвар инсонларни, Ўзбек тили ва адабиёти университетини, юртимиздаги ҳамма газета ва журнал таҳририятларини, Ўзбекистон телерадиокомпаниясини, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини, тилчи-олимларни жалб қилишимиз керак.
 
Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тил бузганга ҳеч ким индамайди” деган эди. Сиз, биз нега индамаяпмиз? Нега Она тилим, жону дилим деймиз-у уни онамиздек эъзозлаб, ҳимоя қилмаймиз? Нега уйимизни ноҳақ бузиб ташлашса, тегишли жойга шикоят қиламиз-у, ўзбек тилининг бошқа тиллар томонидан сиқиб чиқарилишига лоқайдмиз? Ғафлат уйқусидан уйғониш вақти келмадими!

Хуршид Қодиров

ЎзА`дан олинди.