Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТИЛИМИЗГА НОМУНОСИБ МУНОСАБАТ МАҲСУЛЛАРИ

ТИЛИМИЗГА НОМУНОСИБ МУНОСАБАТ МАҲСУЛЛАРИ
Кўча битиклари миллий маданиятимиз, саводхонлигимиз кўзгусидир. Афсуски, бу кўзгуда салбий манзаралар ҳам кам акс этмаяпти. Ижтимоий-сиёсий рекламалар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Лекин айрим маиший рекламалар, пешлавҳаларга кўзи тушган зиёли одам бир ғижиниб қўйиши бор гап. Шунда тадбиркорларимизнинг тафаккури ва саводхонлигига бироз шубҳа билан қарашга мажбур бўласан киши. Айниқса, хусусий корхона, ресторан, дўкон, пардозхона, фирма... номларини кўриб капалагинг учади, талаффузига тилинг айланмайди: ё чет тилидаги ажаб­товур сўзлар, ё она тилимизда хато билан ёзилган жумлалар... Тадбиркорлик субъектини рўйхатга олишда фақат статистика базасида бор-йўқлигига қараш билан чекланмай, тил экспертизасидан ҳам ўтказиб олишни йўлга қўйиш керакдир, эҳтимол. Ахир, она тилимизда ҳам минглаб маъноли, оҳорли ва, албатта рекламачилар истаганидек, жозибадор сўзлар бор-ку. Жамиятимизда бадиий мутолаа оқсаётганининг оқибатлари ва аломатларидан бири шу эмасмикан?! Куюнчак муаллифларимиз мамлакатимизнинг турли гўшаларида учраётган она тилимизга номуносиб муносабат маҳсуллари хусусида куйиниб ёзишмоқда. 
 
“РЕМОНТ”НИ ТУЗАТИШ КЕРАК!
 
...Ишларим кўп эди: биринчи, туфлимни яматиш, кейин қўл телефонимни тузатиш, тушликдан сўнг телевизорни устага кўрсатиш... Буларнинг барига қандай улгурарканман?.. Шошиб йўлда кетиб бораяпман, бирорта туфли ямаш жойи учрамайди. Анча пиёда юрдим, ён-веримга аланглаб. Ниҳоят, “Ремонт обуви”ни топдим. Ичкарига мўраладим, ўрта ёшлардаги киши “Хўш, хизмат”, деган маънода тикилди. Пошнаси едирилганини, алмаштириш кераклигини тушунтирдим, бошини тебратди.
Йигирма минут “ремонт”дан бош­қа сўз миямга келмади. Ўзгартирса, бўлмасмикан, деб ўйлайман. Менга ўхшаган мингтаси айтгандир, барибир ўзгартирмаган. Эҳтимол, шу пайтгача ҳеч ким эътироз билдирмагандир. Ўрнига қандай муқобили бор экан? Ямаш, тўғрироқ. Негаки, ямоқчи деб кўпроқ этикдўзларга нисбат берилади. Кимдир, жуда қўпол деб айтганди бир баҳсда. Хўп, майли, ундай деб ёзилмаса ҳам, “Пойабзал тузатиш (устахонаси)” деган ибора тилимизга сингишиб кетган-ку!
Оёғимга туфлини илиб, тўппа-тўғри телефон тузатиш устахонасига отландим. У ерда ҳам бир бурчакка тиқилган яна ўша ёзувга кўзим тушди: “Ремонт телефон”. Об-бо, деб ўйлай бошладим. Ҳаммаси ремонт, тузук нарсанинг ўзи борми? Қаерга борсам, шу.
­­— Қанча пайтдан бери телефон тузатасан? — дедим жаҳлим чиққанини сездирмасликка тиришиб. — Бир кунда нечта одам келади олдингга?
— Уч йил. Санамайман, баракаси учади, ака!
— Барака топгур, шуни ўзбекча ёзиб қўй! Мижозлар асосан ўзбеклар-ку!
— Клентлар ўзбек, конечни... Қайсини ўзбекча ёзай?
— “Ремонт”ни.
— Ўзбекча-ку!.. Ҳамма тушунади.
— Ҳамма тушунади-ю, лекин сен тушунмаяпсан. Ҳар куни шундан нон еяпсан, ҳеч бўлмаса, битта шуни “тузатиш”, деб ёзиб қўй.
Уста йигит мендан сал хафа бўлди-ю, лекин кейинроқ фикримга қўшилди. Ҳарқалай, кимгадир телефон қилиб, рекламани ўзгартириш кераклигини айтди. Тўғри-да, бир кунда юз одам келса, ҳар бири “ремонт”ни кўради. Шу хотирасига михланади, ёзгандаям, эҳтимол, шундай ёзар. Айниқса, болаларнинг кўриш орқали эслаб қолиш қобилияти юқори бўлади. Ўқитувчи уларнинг хатосини тузатгунча, боши ачиб кетади.
Доим тилга масъулиятли кишиларни шу нарса ўйга толдирса керак: четдан ўзлашган сўзларнинг муқобили ўзимизда бўла туриб, нега “ремонт”, “beauty салон”, “shop”, “market” сингари атамаларни ишлатишни яхши кўрамиз?.. Жарангдор туюладими, одамларнинг эътиборини кўпроқ жалб этадими?.. Кимдир ўйласа керак, барининг ортида реклама бор, деб. Четдан кўпгина маҳсулотлар ва уларнинг ортидан номлар кириб келаётир. Аммо сўзини тузатувчи, тўғриловчи ўзимиз-ку!
Техника-ку тараққиёт билан кириб келар, қурилиш-чи? Қурилиш борасида ҳам ўзбек тилининг тарихий илдизига назар солганимиз йўқ. Нари-бери юз йил ичидаги “шпатлёвка” ва “ремонт”дан фойдаланиб юрибмиз, холос. Аслида, илгари аждодларимиз уй қуришмаганми, деган савол беихтиёр хаёлга келади. Ёки уйлари ҳеч бузилмаганми? Унда “шпатлёвка”, “ремонт” сўзларини нима дейишган экан?
Яқинда қўшнимизникига ҳашарга бордим. Ҳамма ўша ерда экан, бирин-кетин том устига чиқиб лойсувоққа тушдик. Шунда бир бобо айтиб қолди:
— Уйинг бироз қийшиқ, Бозорбой. Қибла тарафини қалинроқ гулкари қил, билинмай кетади...
Анчадан бери шу сўзни излаб юргандим, дедим ичимда. Бу “шпатлёвка”нинг асл ўзбекча айтилиши эди... Кечгача ишлаб, ҳали луғатда йўқ талай сўзларни, ибораларни эслаб қолдим.
Телевизорни устага кўрсатиш ке­йинги кунга қолди. У ерда ҳам шу хато! Нега энди фақат “ремонт” қилишимиз керак, таъмирласак, тузатсак, ямасак, тўғриласак, бизни биров уришадими?! Ваҳоланки, бари соф ўзбекча. Хуллас, бош ҳам ачиб кетди, бунақада калланиям “ремонт” қилдиришга тўғри келади! Хаёлдаги ишларимнинг барини тузатишга бир кунда улгурмас эканман.
“Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонлик­ларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деганди улуғ ёзувчимиз Абдулла Қодирий. Бу фикрнинг изоҳини юқоридаги сўзнинг маъно товланишларида ҳам кўрдик, билдик...
 
Олим ЖУМАБОЕВ
 
ХЎРОЗҚАНД ЧЕТ ЭЛНИКИ ДЕСА...
 
Яқин ўтмишда ҳам она тилимизнинг мавқеини ошириш учун қандай курашлар бўлганини, минбарларда ва расмий иш қоғозларида ўзбек тилига ўрин берилмаганини кўпчилик юртдошларимиз яхши эслайди. Лекин бугунги дориломон кунларда она тилимизни қадрлаш, ёш авлодни унга ҳурмат руҳида улғайтириш ўрнига тадбиркорлик субъектларини номлашда ажнабий сўзлардан фойдаланишга муккасидан кетганимизни оқлаб бўладими?! Ишбилармон ака-ука, опа-сингилларимиз сержило тилимиз имкониятларини мукаммал билмайдиларми ёки ўзга миллат тилига шу қадар ифтихор билан қарайдиларми? Халқимиз топиб айтган: хўрозқанд чет элники деса, ётиб ялайдиган юртдошларимиз, афсуски, етарлича топилади.
Айни пайтда жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, айниқса, савдо дўконлари номларининг аксари хорижий тилларда аталганига кўзимиз ҳам, кўнглимиз ҳам кўниб-кўникиб кетди. Буни айрим ҳолларда ҳатто “маданиятлилик” белгиси деб ҳисоблашга ўрганиб қолганмиз. Масалан, Андижон шаҳрининг марказий кўчаларидаги пешлавҳаларни кўриб, она тилига лоқайдликми ёки “оммавий маданият”ни қаршилашми, билиб бўлмайди: “Bogema”, “Boyner”, “Eneos”, “Anzi”, “Chicco”, “Piatti”, “Dandi”... Яна бир ном эътиборимни тортди: “Rich men’s wear” – ўзбекчалаштирилганда “бой кишилар кийими” деган маънони берадиган ушбу дўконга фақат пулдорлар ташрифи мўлжалланганми?!
Кези келганда, тадбиркорлик фаолиятига рухсатнома берадиган мутасаддиларнинг ҳам бу борада анча бефарқлигини таассуф билан таъкидлаш керак. Тўғри, аслида қандай ном танлаш тадбиркорнинг шахсий иши, аммо ўзлигимизни, миллий қад­риятларимизни асраш ҳам фақат зиёлиларнинг зиммасидаги масъулият эмас-ку! Гапнинг индаллосини айтганда, она тилини тараққий топтириш умуммиллий жараён, бу хайрли амалдан тадбиркорларимиз ҳам четда турмаслиги зарур.
 
Зилола РАҲМОНОВА
 
БЕПУЛ ХИЗМАТНИНГ ҚАДРИ ЙЎҚ…МИ?
ёки «нахўт шўрбо»дан «поворот»гача...
 
...Эълон ва реклама ёзувларини тайёрлаш билан шуғулланадиган фирмага ишимиз тушди. Буюртмамиз тайёр бўлмаган экан, озроқ кутиб туришимизни илтимос қилишди. Кутиш асносида шу ерда тайёрланган дизайнерлик ишларидан иборат альбомни томоша қилдик: ошхона, пардозхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари учун тайёрланган битиклар турли шакл ва услубларда, қоғоз, ёғоч, темир ва бошқа ашёларга туширилган. «Биз зўр дизайнерлар билан ишлаймиз, шунинг учун ҳар бир ишга ўзгача ёндашамиз», дея қўшимча қилди ходим. Аммо бизнинг ҳайратимиз сабаби бошқа нарсада – ёзувлардаги имло хатоларида эди.
­— Ҳақиқатан ҳам, ишларингиз жуда сифатлига ўхшайди, аммо билимдон тилшунослар билан ҳам ишламас экансизлар-да, имло хатоларига нега эътибор қаратмайсизлар?
— Нега энди, имкон борича хатосиз ёзишга интиламиз...
Сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Буюртмаларингиз матнини  электрон манзилимизга жўнатинг, биз имло қоидалари асосида тўғрилаб берамиз.
— Бунинг учун сизларга пул тўлашимиз керакми?
— Йўқ, хизмат мутлақо бепул.
— Қизиқ-ку, сизларга бундан нима фойда?
Кўчадаги ёзувларда камроқ хато учрашининг ўзи биз учун фойда.
Фирма ходимлари бу таклифимиздан хурсанд бўлишди. Аммо… келинг, яхшиси, аввал бу таклифни нега билдирганимиз ҳақида тушунча берсак. 
Ҳа, кўчадаги ёзувлар, дўконларнинг номлари ҳақидаги фикрлар айтилавериб, кўпчиликнинг меъдасига тегиб қолди. Бу масала зиёли кишилар тўпланган масканда албатта бир тилга олиб ўтилади. «Ошга мархамат!», «Нахўт шўрбо», «Дамашний самса», «Мантунинг зўри», «Туграма самбуса» ­— хуллас, бу ёзувларни ўқигач, миллий таомларимизнинг номи ўзгариб кетмаганмикан, деган хаёлга борасиз. Турли корхона ва идораларда, ҳатто таълим муассасаларида ҳам огоҳлантирувчи, тавсия шаклдаги матнлардаги хатолар манаман деб кўзга ташланиб туради.
Бугун шаҳарларимиз тобора кўркамлашиб, замонавийлик касб этаётган бир пайтда баъзи ёзувларни ўқиб, қаерда юрганингизни ҳам англолмай қоласиз. Пештоқларга осилган “Подарки”, “Lavash centre hallway”, “Burger Center”, “Tutus”, “Moracco” каби ёзувларни ёзаверсам, саҳифада жой қолмайди. Нима учун бундай номлагансиз, ўзбекча сўз маъқулроқ эмасмиди каби саволларимизга “Бу ҳам ёмонмас, жарангдор-ку”, деб жавоб беришади.
Биз ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулотлар ёрлиғидаги сўзларнинг имло қоидаларига зид равишда ёзилаётгани нафақат катта ёшли кишиларни, балки мактаб ўқувчиларининг ҳам эътирозига сабаб бўлади. Бу фикрни исботлаш учун узоққа бориб юриш шартмас. Ёки шу маҳсулот ёрлиғидаги хатолардан атайин парча келтириш ҳам зарур эмас, назаримда. Музлаткичингизни очиб, бирор маҳсулот ёрлиғини ўқиб кўрсангиз, кифоя. Айниқса, лотин ёзувига асосланган ўзбек имлосидаги гапларни ўқисангиз, ишлаб чиқарувчи шунча меҳнат қилибди-ю, ёрлиқдаги тўрт қатор ёзувга эътибор қаратмабди-да, дея аттанг қиласиз. Манзилларнинг баъзида эски тартибда “…жамоа хўжалиги” ёки русчада “…к/з” дея берилаётганини ҳам кузатиш мумкин. 
Баъзи ёрлиқларда маҳсулот номи рус тилида ёзилади-ю, бошқа маълумотлар ўзбек тилида берилади. Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасида  “Муассаса, корхона, давлат ва жамоат ташкилотларининг расмий муҳрлари, тамғалари ва иш қоғозларининг матнлари рес­публика давлат тилида бўлади, русча таржимада такрорланади. Миллий-маданий жамиятлар ва марказларнинг муҳрлари, тамғалари ва иш қоғозларининг матнлари улар танлаган тилдан ташқари респуб­лика давлат тилида бўлиши шарт. Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади ҳамда рус ва бошқа тилларда такрорланади. Ўзбекистон Респуб­ликаси корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ёрлиқлари, корхона белгилари, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари ўзбек тилида ҳамда миллатлараро муомала тилида бўлиши таъминланади. Мамлакатнинг бошқа республикаларидан ёки чет эллардан келтирилган маҳсулотни савдо идоралари ва ташкилотлари ўзбек тилида ва миллатлараро муомала тилида битилган йўл-йўриқлар билан таъминлаши лозим”, дея белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ёки хориждан келтирилаётган барча озиқ-овқат маҳсулотлари ёрлиқларида аҳвол шундай салбий, демоқчи эмасмиз…
Ҳа, кўчадаги ёзувлардан тортиб, маҳсулотлар ёрлиқлари, йўналишли жамоат транспортлари пешлавҳасида кўрсатилган жой номлари, хизмат турлари тасвири туширилган кўргазмали воситалардаги хатоларга аллақачон кўзимиз ўрганиб қолди. Эҳтимол, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга мазкур хатолар учун жарима қўллаш бўйича модда киритилиш вақти келгандир.
Дарвоқе, мақола аввалида келтирилган воқеада кўргазмали воситалар тайёрлаш билан шуғулланувчи корхонага билдирган таклифимизга жавобан, мана, бир йилдан ошдики, бирор марта қўнғироқ бўлмади. Эҳтимол, бепул хизматнинг ростдан ҳам қадри бўлмас. Тадбиркорларимиз ҳам чўнтагидан жарима тўлагунча она тилимизга номуносиб муносабатни давом эттираверадими?!
 
Гулруҳ МЎМИНОВА
 
ТАҲРИРИЯТ:
 
Бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнининг ижобий томонларини таъкидлаш билан бирга, унинг миллий ўзига хосликларни, азалий қадриятларни бир ўпқон мисоли еб-ютиб юбораётганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Дунёдаги носоғлом экологик муҳит таъсирида қанчадан-қанча ҳайвонот ва ўсимлик олами турлари йўқолиб бораётган бўлса, шу билан параллел равишда муомаладан чиқиб кетаётган ўлик тиллар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Ўзбек тилида бугун бир неча ўн миллион одам сўзлашиши бизга хотиржамлик бағишламаслиги керакки, қарийб ўттиз йил аввал қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун замон талабларидан келиб чиқиб қайта ишланиши, қонун нормаларини бузганлик учун аниқ жазо чоралари белгиланиши ва буни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизми аниқ кўрсатилиши ҳозирда кечиктириб бўлмас вазифага айланмоқда. Кейинги бир йилда ўзбек тилимизнинг нуфузи анча ошди, дея бемалол айта оламиз. Президентимиз Шавкат Мирзиеёв нуфузли халқаро анжуманларда, хусусан, қардош давлатлар билан музокараларда бевосита она тилимизда сўзлаётгани жаҳон афкор оммасининг қулоқларига асл ўзбекча оҳангларни сингдирмоқда. Умид қиламизки, давлат раҳбарининг она тилига муносабат бобидаги тутуми ҳар бир юртдошимизга чинакам ўрнак бўлгуси, давлат тилига нисбатан салбий ҳолатларга эса тез орада қонуний йўл билан барҳам берилгуси.