Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тилла зирак “операцияси”

Тилла зирак “операцияси”
Суд залидан
 
Аёл кишининг қўлида ҳунаргинаси бўлса-да. Уй-рўзғор, ош-овқатдан ортганда қўли бўш қолмаса, хаёлида бекорчи ўйлар ғувилламаса. Ахир ҳамма бемаъни ишлар ана шу бекорчиликдан келиб чиқади-да.
Камола Муртазоева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қизчасини боғчага ташлаб келди-ю, тағин ҳар кунгидек зерика бошлади. Ул-бул қилган бўлди-да, айланиб келиш мақсадида бинойидек кийиниб, кўчага отланди. Маҳаллани кезиб юриб, Чирчиқ шаҳридаги 24-мактаб олдидан чиқди. Ва негадир тўғри шу ёққа қараб юрди.
– Мен иш сўраб келувдим, – деди ўзини директор ўринбосари Дилобар Ҳикматуллаева деб таништирган аёлга.
 Дилобар опа раҳбар ҳузурига кириб чиқиб, ҳозирча бўш иш ўрни йўқлигини, агар ўзи ҳақидаги маълумотларни қолдирса, зарурат туғилса, уни чақиришларини билдирди.
– Майли, – елкасини қисибгина эшикка йўналди Камола.
– Синглим, тўхтанг, – деди Дилобар. – “Олтин диёр” кафесини биласизми?
– Ҳа, жуда яхши биламан.
– Шу ерда сизни дугонам кутиб олади, ҳозир қўнғироқ қилиб қўяман, мана бу атир-упаларни унга бериб кетсангиз, – дея Камоланинг қўлига 700 минг сўмлик пардоз маҳсулотлари солинган сумкани тутқазди.
Камола мактабдан чиқаётиб, ҳовлида ёлғиз ўйнаб ўтирган қизчага кўзи тушди. Унинг қулоғида тилла зирак ялтирарди.
– Исминг нима? – мулойим оҳангда саволга тутди у.
– Фарангиз, –  қўлини кўксига қўйиб салом берди ўқувчи қиз.
– Бунча ширин экансан, – қизалоқнинг бошини силади Камола. – Ойинг сени расмга тушириб келишимни айтди, борасанми?
– Билмадим, – нозиккина елкасини қисганча эшикка қаради қизалоқ. – Ойим устозим билан суҳбатлашиб ўтирибдилар, ҳозир чиқиб қоладилар, кейин бирга борайлик.
– Мени ойингнинг ўзи юборди. Суҳбатлашгунимча қизимни суратга тушириб келинг, деди. Сени суратинг аълочилар доскасига қўйилар эмиш.
– Ростданми, кетдик унда, – суюнганча қўлини бегона аёлга тутқазиб, сакраб-сакраб йўлга тушди Фарангиз.
– Юр, анави скамейкада бироз ўтирайлик, оёғим оғриб қолди, – деди Камола бироз йўл юришгач.
– Зиракларинг бунча чиройли, қимматми дейман-а? – ўтиришгач, тағин гап бошлади Камола.
– Ҳа, дадам туғилган кунимга совға қилдилар, мени яхши кўрадилар-да, – бошини у ёқ-бу ёққа ташлаганча эркаланиб, мақтанди қизча бийрон-бийрон сўзлаб.
– Бир кўрсам майлими, мен ҳам қизимга олиб бермоқчи эдим.
Қизча ўз қўли билан зирагини ечиб берди. Камола эса оддий металдан ясалган сирғасини Фарангизнинг қулоғига тақиб қўйди.
– Вой, ўлмасам, мана бу сумкани бериб келишим керак эди-ку, эсим қурсин, – Камола сакраб ўрнидан турди шошган киши бўлиб. – Сен шу ерда ўтириб тур, мен ҳозир келаман.
У шундай деганча, йўловчи такси тўхтатди-ю, ғойиб бўлди...
 
Тузоқ
 
“Ов”и юришганидан қувонган Камола ҳайдовчидан Рудакий кўчасидаги 15-мактабга элтишни сўради. “2-синф хонаси” деб ёзилган эшикни тақиллатди. Эшикни очган устозга коллеж талабаси эканини, амалиёт ўташ учун келганини билдирди. Аммо мазкур даргоҳда амалиёт ўташ учун коллеж раҳбарияти берган  йўлланмаси бўлмаган кимсани ўқитувчи ичкарига йўлатмади.
Шундай бўлса-да, қўнғироқ чалиниб, ўқитувчи чиқиб кетгач, Камола синфга кирди-да, охирги партага бориб ўтирди. Атрофга аланглаб, ўзига мос “мижоз” қидира бошлади. Икки парта олдинда ўтирган ўқувчи – Маржонанинг қулоқларидаги тилла зиракни кўргач, секин унинг ёнига яқинлашди:
– Мен амалиёт ўташ учун келганман, бу ерни ҳали яхши билмайман, менга ҳожатхонани кўрсатиб юбор, – дея ширинсўзлик билан ялинди у.
Қизча “Хўп бўлади, юринг”, деганча “меҳмон”ни ортидан эргаштирди.
– Ҳу ана, – Маржона ингичка кўрсаткич бармоқчаси билан тегишли томонни кўрсатди. – Мен дарсга кеч қолмай.
Аммо қизгина ортига бурилиши биланоқ Камола унинг билакчасидан маҳкам тутиб олди-да, ўзига яқинлаштириб:
Зирагинг бунча чиройли, ечиб бер, яхшилаб томоша қилай? – деди.
Йўқ, бермайман, ойим ҳеч кимга берма деганлар, – қизалоқ ниманидир сезгандай қўлини қаттиқ тортишга уринди.
Агар қаршилик қилсанг, қулоқчаларинг билан қўшиб кесиб оламан!
Камола энди қўрқитишга тушди, атрофга олазарак боққанча. Табиийки, муштдеккина қизгина тек турди-қолди. Фирибгар эса чиркин мақсадига эришди...
 
Бир кунлик “даромад” 1 миллион 700 минг сўм!
 
“Қаҳрамон”имиз кун ботгунча ўзгаларнинг шунча қийматдаги буюмларини фирибгарлик, талон-тарож қилиш йўли билан қўлга киритди. Атир-упа ва икки жуфт олтин зиракларни Чирчиқ шаҳар марказий бозорига бориб пуллади.
 
Айб кимда?
 
Мақола аввалида аёл кишининг ҳунарли бўлиши лозимлигидан бежиз гап очмаган эдик. Чунки барча ёмонликларга бекорчилик сабаб бўлганидек, Камола Муртазоева ҳам бирор ҳунарнинг бошини тутиб, фойдали меҳнат билан шуғулланганида эди, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам жабр қилмаган бўлар эди.
Шу ўринда бу товламачи аёлнинг ҳаёт йўлига назар ташлайлик: муқаддам фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларини содир этгани учун судланган ва амнистия актига асосан, тегишли жазодан озод қилинган. Бироқ у бундай инсонпарварлик тамойилларидан тўғри хулоса чиқариб, фойдали меҳнат билан шуғулланиш, фарзандига ҳалол луқма едиришни истамади. Аксинча, яна жиноятга қўл урди ва суд томонидан унинг жиноятига яраша жазо тайинланди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Ушбу воқеа тафсилотларидан кўриниб турибдики, фирибгар аёл қизалоқларнинг қимматли буюмларини турли йўллар билан қўлга киритишга ҳаракат қилган. Бу эса ўз ўрнида ота-оналар зиммасига янада масъу­лият юклайди. Улар фарзандларини мактабга юбораётганида зеб-зийнатларига эмас, дарсга нечоғлик тайёргарлиги, одоб-ахлоқига эътибор берсалар, фойдадан холи бўлмасди. Бу ҳам ўзларининг, ҳам фарзандларининг хавфсиз ва саломатлиги учун жуда муҳимдир.
 
Азамат ШОМУРОДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди судьяси,
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
журналист