Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТИНИБ-ТИНЧИМАС БОҒБОНЛАР-ЕЙ...

ТИНИБ-ТИНЧИМАС БОҒБОНЛАР-ЕЙ...
Андижонда узумни ҳам плёнка остида етиштиришяпти
Водийлик миришкорлар тажриба, яъни эксперимент қилишдан чўчимайди. Бирда ўхшамаслик мумкин, иккинчисида ҳам кўнгилдагидек чиқмас. Аммо астойдил бел боғлаган одам барибир мақсадига етишади.
Биргина томорқачиликни олайлик: бодринг, помидорнинг турли навлари бир-бирига чатиштирилиб, алоҳида нав кашф этилганини аввалги чиқишларимизда ёзган эдик. Навларки, серсув, чидамли, мазаси ҳам ўзгача... Энди нима дейсиз, узумдан йилда икки марта ҳосил олиш учун плёнка остида парвариш қилишни имкониятларини ҳам чамалашяпти! Қаерда дейсизми, Улуғнор туманида!
Бу тажрибани ўз кўзимиз билан кўрмоқ ниятида шу туманга йўл олдик.
“Улуғнорда чарос узумзори” фермер хўжалигида дала маданияти, деҳқончиликдаги замонавий тамойиллар бир қарашдаёқ кўзга ташланади. Уч гектар майдоннинг асосий қисмида олма, бодом кўчатлари савлат тўкиб турибди. Қатор ораларига помидор, булғор қалампири, турли ошкўклар экилган. 70 сотих майдонда “Ризамат ота”, “Ҳусайни”, “Келинбармоқ”, “Кетмонсопи”, “Қора бармоқ”нинг қора ва оқ рангли навлари, “Тоғли бадахшон” сингари узум навлари бошқа жойларда ҳали ғўра бўлмаёқ бу ерда ғарқ пишган эди. Парваришига астойдил эътибор берилгани, бунда интенсив технологиялар жуда қўл келганини шундоқ билиниб турибди. Фарғонанинг Олтиариғидан олиб келиниб, синов сифатида экилган “Шаханак” нави ҳам ажралиб турибди.
Фермер Қодиржон Ҳакимов ташаббускор ва янгиликка ўч инсон экан. Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, жорий йилда узумзор атрофини ўраш ва мевани плёнка остида етиштириш тажрибасини қўллади. Бунинг учун “Асака” акциядорлик тижорат банкининг Андижон филиалидан беш йил муддатга 490 миллион сўм миқдорида кредит олинди.
– Бугунги кун фермердан нафақат ташаббусни, ўз навбатида илғор ғояларни ҳам кутмоқда, – дейди фермер. – Ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан юртимизда узумзорчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган эди. Шунга асосланиб,  режамизни амалга оширишга киришдик. Хўжалик қошида мева сақлаш музлаткичи қурилди. Тадбиркор ва фермерларга яратилаётган бугунги имкониятларга ишга янгича ёндашув, давр билан ҳамнафас қадам ташлаш орқали жавоб беришимиз керак.
Иброҳимжон Мирзааҳмедов тажрибали агроном. Хўжаликда 6 йилдан буён фаолият олиб боряпти. Унинг таъкидлашича, токларни иссиқхонада парваришлашдан икки хил мақсад кўзланган. Аввало, эртаки узумдан  муддатидан бир ой илгари ҳосил олинади. Бу – юқори даромадга асос. Иккинчи босқичда кечки узум навлари октябрь ойида – ҳосил пишиб етилгач, плёнка остига олинади. Натижада токдаги шингил узумни совуқ кунларда, ҳатто февраль-март ойларида ҳам бемалол узиб ейиш мумкин.
Ўтган йили узумзордан 4,5 тонна ҳосил олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 20 тоннага етишига шубҳа қолмади.
Хуллас, андижонликлар бугун ҳар қарич ердан унумли фойдаланмоқдалар. Тиниб ўтирган деҳқонни, фермерни, боғбонни биз тарафларда деярли учратмайсиз.
Зилола РАҲМОНОВА,
“ХХI asr” мухбири