Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тизимни нафс қулига айланган ходимлардан тозалаш – давр талаби

Тизимни нафс қулига айланган ходимлардан тозалаш – давр талаби         Фарҳод Шойзоқов, Сирдарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник:

        – Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларига Мурожаатномасида пост-патруль хизмати ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари видеокамералар билан таъминланиши, вилоятлар чегарасидаги постлар камайтирилиши ҳақида ҳам алоҳида қайд этди.

        Халқимиз ибораси билан айтганда, беш қўл баробар эмас. Ҳар бир соҳада, афсуски, бизнинг тизимда ҳам нафс қули бўлган кимсалар йўқ эмас. Ўз чўнтагини, нафсини ўйлаб пора олиш пайида бўлиш ҳолатлари учраб туради.

         Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз тизимни ана шундай нопок кимсалардан тозалаш, ўз касбига садоқатли, ватанпарвар ва малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан иборат. Ҳар бир ички ишлар ходими, у пост-патруль хизматида ишлайдими, йўл ҳаракати хавфсизлигидами ёки бошқа йўналишдами, унинг энг муҳим вазифаси турли қоидабузарликлар, йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлмоғи шарт.

        Мамлакатимизда 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари олдига қўйиладиган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишга бугуноқ киришишимиз даркор.

Улуғбек Ниёзов, Сирдарё туманидаги “Улуғбек” кўптармоқли корхонаси раҳбари:

       – Президентимиз парламентимизга Мурожаатномасида “...барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилади”, дедилар. Жуда тўғри ва ўринли гап. Ахир, ҳали тадбиркор иш бошлаб улгурмай, турли идоралардан “ташрифлар” ёмғирдек ёғилиб кетиши сир эмас-ку?! Ҳали олган кредити фоизини ҳам тўлаб улгурмай, топшириқ устига топшириқлар рўйхати столинг устида қалашиб қолади. Бундай аҳволда қўлинг ишга борадими? Тадбиркор кредитни тўласин, оз-моз бўлса-да, даромад олсин, кейин хайр-эҳсон дейсизми ё бирор мурувват ёрдами кўрсатиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга ўз хоҳиши билан жон-жон деб киришади.

       Экскаватор, бульдозер ва юк ташиш транспортларимиз бор. Кўп тармоқли кичик корхонамиз аҳолига транспорт хизмати кўрсатиб, буюртма асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. 20 киши доимий, 40 киши мавсумий иш билан банд.

        Қисқа қилиб айтганда, кейинги йил юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномаси ва эълон қилинган йил номидан келиб чиқиб, келгуси йил тижорат банкларидан кредит олиб, корхонамиз фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилдик. Бу, ўз навбатида, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшлар учун қўшимча иш ўринлари демак. Иш эса даромад, даромад эса фаровонлик дегани. Биз бундай ташаббусни тўла қўллаб-қувватлаймиз.
Бу ҳақда uza.uz ёзди.