Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Тоғни боғ қилаётган миришкорлар (Водий томонларда)

Тоғни боғ қилаётган миришкорлар (Водий томонларда)

Мамлакатимизда рўй бераётган улкан бунёдкорлик ишлари, беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар офтоб нурлари янглиғ бепоён юртимизнинг олис-олис гўшаларига ҳам етиб бормоқда. Бу оддий ҳақиқатни Фарғона водийсининг дарвозаси ҳисобланган Поп туманининг тоғлар бағридаги Парда Турсун қишлоғи, бу сўлим масканнинг содда ва самимий, оқил ва тадбиркор одамлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Бобосига ҳавас айлаган Бобошер

Қишлоқда, энг аввало, кўзга ташланадиган нарса пурвиқор тоғлар бўлса, кейингиси тоғ ёнбағирларидаги мевасини кўтаролмай ётган олмазор боғлар, аскарлардек саф-саф бўлиб, осмонга бўй тираган адл тераклардир. Бу боғлар ҳам, теракзорлар ҳам Поп ихтисослашган ўрмон хўжалигининг Парда Турсун бўлимига қарашли. Бўлимга ёш, иқтидорли мутахассис Музаффар Сайдақулов раҳбарлик қилади.

– Хўжалигимиз умумий майдони
6 292 гектар бўлиб, шундан маданий ўрмонзорлар 370 гектарни ташкил этади, – дейди Музаффар. – Булар асосан олма, ўрик, ёнғоқ каби мевали дарахтлар, теракзорлар бўлиб, ҳар йили халқимизга сархил мева маҳсулотлари, қурилишбоп тераклар етказиб бермоқдамиз. Кейинги йилларда Кенгқулсой, Сосиворсой, Айриқсой бўйларида 50 гектар маданий ўрмонзор ташкил этдик.

Боғ четларига арслонқуйруқ, бўймадарон, кийикўт, қичима ўт, наъматак сингари доривор ўсимликлар экиб, халқимизни табиий шифобахш неъматлар билан таъминлаш баробарида мўмай даромад ҳам олаяпмиз. Ўтган йили 150 миллион сўм соф фойда кўрган бўлсак, бу йил бу кўрсаткични 200 миллион сўмга етказиш ҳаракатидамиз. Боғларни кенгайтиришга, янги теракзорлар яратишга, мевали ва манзарали дарахтларнинг янги-янги навларини кўпайтиришга асосий эътиборимизни қаратяпмиз. Ҳозирда кўчатчилик хўжалигимизда биз учун янгилик бўлган оққайин, қизилтерак каби ҳам манзарали, ҳам қурилишбоп дарахт кўчатлари етиштириляпти. Бу кўчатларни кўкламда экиш учун тоғ ёнбағирларидан 20 гектар майдонни очиб, тайёрлаб қўйдик.

 Музаффарга табиат билан ошнолик, ўрмончилик ота касб. Парда Турсун бўлимига кўп йиллар унинг бобоси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси раҳматли Ҳокимжон ота Сайдақулов раҳбарлик қилган бўлса, кейинчалик унинг ишларини ўғли Комилжон давом эттирди. Ҳокимжон ота тоғ ёнбағирларида, сой қирғоқларида адоқсиз мевазор боғлар яратиш билан бирга, ўша пайтларда Наманган вилоятида биринчилардан бўлиб Қрим қарағайи кўчати етиштиришни йўлга қўйганди. Бу ёғини сўрасангиз, бугун ҳам водийдаги истироҳат боғлари, катта йўллар бўйини обод қилиб турган Қрим қарағайи ва бошқа арча кўчатларининг кўпини Ҳокимжон ота етиштириб берган. Комилжон отасининг ишларини давом эттириб, маданий ўрмонзорларни янада кенгайтириш билан бирга, бўлимда ёрдамчи чорвачилик хўжалигига асос солди. Бугун бу хайрли ишларни Музаффар давом эттиряпти. Комилжон эса ҳам ота, ҳам устоз сифатида бош-қош бўлиб турибди.

– Музаффар томорқасида асаларичилик, қўйчиликни йўлга қўйган, – дейди Комилжон. – Бундан яхшигина даромад олади. Асалариларга, чорва ҳайвонларига ўғли Бобошер қарайди. Саккизинчи синфда ўқиётган шу тиниб-тинчимас неварамга “Келгусида ким бўлмоқчисан, қайси касбни танламоқчисан?” деб савол берсам, “Худди Ҳокимжон бобомга, cизга ва дадамга ўхшаб ўрмончи бўламан!” деб жавоб берди. Унинг бу қароридан бошим кўкка етди. Хурсанд бўлмайинми? Демак, ўрмончилар сулоласининг чироғи ўчмайди.                                                            

От изини той босар

 Маҳкамали ­– Ботир полвоннинг ўғли. Ботир полвон водийнинг кўзга кўринган чавандозларидан эди. Ҳовлисидан икки-учта отни узмасди. “От хосиятли жонивор, одам боласига яхши дўст, ҳамроҳ”, дегувчи эди раҳматли. Бу депарада биринчилардан бўлиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, қишлоқ марказида чорвачилик маҳсулотлари, мева-чева билан савдо қилувчи шохобча очганди.

 – Дадам миришкор боғбон ҳам эди, – дейди Маҳкамали. – Қишлоғимиз тепасидаги тоғ этагидан, шундоқ Кенгқулсойнинг бўйидан ўн-ўн беш сотих ерни қайириб олиб, картошка, сой қирғоқларига эса олма, олхўри, ўрик кўчатларини экиб парваришларди. Биттаси битта шўрвага ярайдиган, хуштаъм, қайроқи картошкалар, кўкламгача бандидан янги узилгандек ярқираб турадиган шириндан-шакар олмалар дадамнинг шу боғида битарди.

От изини той босар, деганларидек, Маҳкамали ота ишини давом эттирди. Оиласи, ўғиллари билан тоғ ёнбағрини ўзлаштириб, икки гектардан мўлроқ ер очди ва олма, олхўри, нок, ўрик кўчатларини ўтқазди. Анча қуйида оқадиган сой сувини тепага – ёнбағирга тирмаштириб, икки четига терак ниҳоллари ўтқазди. Мевали дарахтларни ҳам, теракларни ҳам меҳр билан парвариш қилди. Мана, бугун тоғ ёнбағрида жаннатмисол бир боғ барпо бўлди.

 – Ўтган йили икки тонна олхўри, беш тонна олма етиштириб, яқин йигирма миллион сўм даромад қилгандик, – дейди Маҳкамали. – Бу йил энди... олма жонивор бошини кўтаролмай ҳосил қилди. Камида ўн тоннани чамалаб турибман. Олхўридан ҳам беш-олти миллион сўмлик даромад қилдик. Олмадан ўттиз-қирқ миллион сўмнинг нари берисида фойда кутяпмиз. Ўттиз бошга яқин зотдор қўйимиз ҳам бор.

Асли касби доришунос бўлган Маҳкамали бурноғи йили қишлоқ марказида дорихона очганди.

– Қишлоғимизда шифохона йўқ, одамлар қўшни қишлоққа қатнаб, анча қийналишяпти, – дейди у. – Бу йилги даромадимиздан дорихона ёнида кичикроқ бўлса-да, тиббий шохобча очмоқчиман. Икки қаватли бинода ҳозирда пардозлаш ишлари кетяпти. Худо хоҳласа, янги йилнинг биринчи кунидан ишга туширамиз. Боғимиз жуда сўлим, оромбахш ерда жойлашгани боис келгусида бу ерда узоқ-яқиндан келадиган сайёҳлар, дам олувчилар учун “Меҳмон уйлари” қуришни ҳам мўлжаллаб турибман...

Ёзувчининг боғбон жияни

Орифжонни танимасангиз, таниб олинг: камтар-камсуқум, тадбиркор бу йигит ёзувчи Парда Турсуннинг жияни бўлади. Ўзи тоғаси номидаги сиҳатгоҳнинг кўзга кўринган шифокорларидан. Айни пайтда миришкор боғбон ҳам.

 – Отам раҳматлини бу депарада Жанай дўхтир дейишарди, ветеринар шифокор эди, – дейди Орифжон Жумаев. – Қўли очиқ, меҳмондўст, оилапарвар одам бўлганлар. Боғни, боғбонликни яхши кўрардилар. “Кимнинг қандоқлиги, диди-фаросати остонасидан ҳатлаганингдаёқ билинади”, дегувчи эди раҳматли. Биз ака-укаларга у кишидан ҳикматларию кўклатган дарахтлари мерос бўлиб қолди...

 Бугун Жанай дўхтирнинг катта боғини тўрт ака-ука тенг тақсимлаб олган. Ака-укаларнинг ҳовлисини бир-биридан ажратиб турадиган деворнинг ўзи йўқ. Чегара белгиси ­– дарахтлар. Биттасининг уйини отасидан ёдгор олма ажратиб турса, бирисиникини нок, яна бирисиникини олхўри, бош­қасиникини ўрик фарылаб туради. Бу дарахтлар энди тўртала оила учун ҳам муққаддас саналади. Устига чиқилмайди, шохи синдирилмайди.

Боғнинг Орифжонга тегишли қисми унча катта эмас. Тоғ ёнбағрини ҳисобга олмасак, етти-саккиз сотихнинг нари-берисида. Аммо шу дўппидек томорқада нақд 30 туп беш хил навдаги олма, беш тупдан нок, ёнғоқ, уч туп олча мева беряпти. “Роса чакалакзор экан-да”, дейишга шошманг. Орифжон дарахтларнинг ҳар бирига шунчалар усталик билан шакл берганки, ҳеч бири тарвақайлаб кетмаган. Кичикроғ-у, аммо... ҳосил дегани кўплигидан шохлари мажнунтолникидек эгилиб ётади. Бунинг устига, дарахтлар орасидаги офтоб тушадиган жойларга карам, помидор, картошка, сабзи, пиёз, булғор қалампири, ошкўки, райҳон, жамбил сингари ўн бешдан зиёд қозонга тушиб, овқат деганининг “жонини киритадиган” неъматлар экилган.

– Ҳаммаси кимёвий дорининг ўзи тугул, юзини ҳам кўрмаган, экологик тоза маҳсулотлар, ўзимиз ва меҳмонжонлар учун, – дейди Орифжон.

 Дўхтири тушмагур ўз дарахтларини фарзандидек ардоқлаб гапирса, отасидан ёдгор дарахтларни сизлаб гапиради. Пишганда бола-чақаси билан авайлаб узиб, чанг-ғуборини артиб, ҳар бирини тоза оқ қоғозга ўраб, толдан махсус ясалган қутиларга битталаб териб чиқади. Кейин мўътадил ҳаволи омборга жойлаштиради. Сархил мевалар то ёзгача карсиллаб тураверади.

– Мева сақлашни ҳам дадам раҳматлидан ўрганганман, – дейди Орифжон.

Дарахтлар “жарроҳи”

 Хайрулла Бўстонов ҳам шифокор. Андижон тиббиёт институтининг амалий жарроҳлик факультетини битирган. Уйлангач, аёли орқама-кетин беш болани туғиб ташлади. Хайрулла оила юмушларига, бола-чақа ташвиш­ларига ўралашиб, шаҳарга қатнаб ишлолмади. Қишлоқдаги сиҳатгоҳга даволовчи шифокор бўлиб ишга кирди. Ҳовлиси яқинидаги тоғ ёнбағридан ер очиб, бир гектардан зиёдроқ боғ яратди, боғбонга айланди.

Хайруллани қишлоқда “дарахтларнинг жарроҳи” дейишади. Чунки у дарахтларга шакл бериш, пайванд­лашнинг обдон ҳадисини олган. Ўз боғидаги юз туп олма дарахтининг ҳар бирида уч-тўрт навдаги олма битади. Бир шохида қизил, бир шохида сариқ, бир шохида кўк, бир шохида оқ олмалар. Гулми, дейсиз, томоша қилиб тўймайсиз. Мўъжиза дегулик.

 – Бу олмаларнинг ўз харидори бор, ҳадемай ўзлари келиб узиб кетишади, – дейди шифокор-боғбон. – Ўтган йили 15 миллион сўмлик олма сотдим. Бу йил ҳосил дегани ўтган йилгидан икки ҳисса кўп. Болаларимнинг насибаси, рўзғоримиз қут-баракаси шу боғ.

Хайрулла қишлоқда қўлма-қўл. Тўйлар, айниқса, суннат тўйлари усиз ўтмайди. Боиси, жарроҳ йигит болажонларнинг қўлини ҳалоллаб, хатна қилади. Йиқилиб жароҳат олган, оёғи ёки қўли синган, яра-чақа тошган беморларни беминнат даволайди. Янги боғ қилган қўни-қўшниларининг кўчатларини турли навларга улаб-пайвандлаб беради. Зарурат туғилса, шодиёна кунларни тасвирга тушириб, тарихга муҳрлаб ҳам қўяверади.

– Гарчи шифохонада ўз касбим бўйича ишламасам-да, одамларга фойдам тегиб турибди, шундан хурсандман, – дейди у.

Ортиқали НОМОЗОВ,

 “ХХI asr” мухбири