Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Томдида туман бўйича бор-йўғи битта дорихона фаолият юритади

Томдида туман бўйича бор-йўғи битта дорихона фаолият юритади

Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз вакили жойларда соғлиқни сақлаш тизими
муаммоларини ҳал қилиш учун ваколатини ишга соляпти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасига ҳам алоҳида тўхталиб, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу масала билан жиддий шуғулланиши зарурлигини қайд этган эди. Шундан ке­йин парламент қуйи палатасида Фуқароларнинг соғлигини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил қилингани эътиборга молик. Мазкур қўмита аъзоси, фракциямиз вакили Ўткир Турсунов Навоий вилояти туманларида фуқаролар саломатлиги муҳофаза қилиниши ҳолатини ўрганиб, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича иш олиб борди.

             Томди – вилоятнинг энг чекка ва олис чўл туманларидан бири. Шу боис давлатимиз томонидан бу ерда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, соғлиғини сақлашга, айниқса, катта эътибор қаратилаётир. Туманда тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатяпти. Бирлашма қошида 2 та тез ёрдам бригадаси ташкил этилган.

         – Туманда тиббиёт соҳасидаги ютуқлар билан бирга айрим камчилик­лар ҳам кўзга ташланди, – дейди Ўткир Турсунов. – Хусусан, олий тиббий маълумот талаб этиладиган 15 та штат бирлиги бўш турибди. Бундай муаммонинг юзага келиши баъзи омиллар билан боғлиқ. Айрим лавозимлар Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Молия вазирлик­лари томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжат асосида, аҳоли сонидан келиб чиқилган ҳолда ажратилган. Масалан, уролог, травматолог-ортопед, окулист, лор лавозимлари учун бор-йўғи 0,25 штат бирлик­лари берилган. Шундай мутахассисликка эга, лекин бошқа туманларда яшовчи тиббиёт ходимларини ишга жалб қилиш қийин кечяпти. Аҳволни ўнг­лаш юзасидан  изланяпмиз. Жумладан, яқинда тиббий йўналишдаги олий таълим муассасасининг 8 нафар  битирувчиси билан суҳбат ўтказдик. Уларга шу ҳудудда фаолият бошлашса, зарур шарт-шароит яратилиши тушунтирилди.

         Яна бир ташвишли ҳол шуки, қишнинг аёзли кунларида ҳам туман марказий касалхонасидаги иситиш тизими яхши ишламайди. Учта қозонхонанинг деярли барчаси таъмирталаб. Бу эса беморлар ва шифохона ходимларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Партиямиз вакили саъй-ҳаракати билан ушбу муаммо вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда муҳокама қилиниб, тезда бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, бажариш муддатлари белгиланди.  Туман бўйича бор-йўғи битта дорихона фаолият юритаётгани ушбу соҳада ҳам тадбиркорликни ривож­лантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

           Ўрганишлар жараёнида маълум бўлганидек, банк масъулларининг бепарволиги туфайли айрим муассасалардаги шифокор ва ҳамшираларга ўтган йилнинг декабрь ойи учун иш ҳақи ўз вақтида тўланмагани аниқланди.  Мазкур масала Марказий банкнинг вилоят бошқармаси билан биргаликда кўриб чиқилиб, тиббиёт ходимлари маошининг 94 миллион  сўмлик қисми тўланди. Банк маъмурияти эса огоҳлантирилди.

        Ҳа, партиямиз вакиллари  эскича иш услубидан воз кечиб, халқ ичига тобора чуқурроқ кириб боряпти, одамлар билан юзма-юз гаплашиб, уларга ҳамдард, ҳамнафас бўляпти.

 

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири