Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Томорқа хўжалиги тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вақти келмадими?

Томорқа хўжалиги тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вақти келмадими?

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли деб ҳисобланган ер майдонларининг камлиги туфайли мавжуд ердан фойдаланишнинг самарали йўлларини излашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, юртимиз ҳудудининг 85 фоизи чўл ҳамда яримчўл ерлардан ташкил топган. Жами суғориладиган ерларнинг 49 фоизи турли даражада шўрланган бўлиб, унинг қарийб 18 фоизи кучли ва ўрта даражада шўрланган ерлардир, 23 фоиздан ортиғи эса бонитети паст ерлар тоифасига киради.

            Бугунги кунда юртимизда аҳоли ихтиёрида 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонлари мавжуд. Тасаввур қиляпсизми, чуқурроқ таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, албатта, бу ҳазилакам рақам эмас

              Мутахассисларнинг қайд этиш­ларича, инсоннинг нормал овқатланиши учун ҳар бир кишига ўртача йиллик 113 килограмм сабзавот, 50,4 килограмм картошка, 19,3 килограмм полиз, 21,3 килограмм мева ва узум, 40 килограмм гўшт, 140 литр сут, 121 дона тухум, 0,8 килограмм асал ва бошқалар талаб қилинар экан. Ўйлаб кўрайлик, номлари санаб ўтилган маҳсулотларнинг аксарият қисми осмондан тушмайди, сизу бизнинг кўз ўнгимизда, яъни томорқамизда етиштирилади. Демак, давлатимиз раҳбари ҳар гал такрор ва такрор айтаётган  долзарб масаланинг туб ечими ҳар бир оиладаги томорқа билан бевосита боғлиқ. Биз ана шу бебаҳо хазинадан унумли фойдалана олсаккина дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровон бўлади.

            Шу ўринда ҳақли савол туғилади: шундай экан, бугунги кунда томорқа ер эгалиги, ундан фойдаланишга дахлдор муносабатларнинг ҳуқуқий ҳолати қандай? Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, чунки улар давлат муҳофазасидадир” деб белгилаб қўйилган. Демак, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бош қомусимиз асосида тартибга солинади. Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги ва бошқа қонунлари мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

           Лекин, Конституциямиз асосида қабул қилинган ушбу кодекс ва қонунларимиз томорқа ер эгалигидаги ердан фойдаланиш борасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўла қамраб олмайди. Ушбу ҳолатни давлатимиз раҳбари томонидан охирги 2017 йил октябрь ва 2018 йил январь ойларида қабул қилинган фермер ва деҳқон хўжаликлари билан бир қаторда томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган 2 та фармон ва 2 та қарорнинг қабул қилиниши ҳам очиқ-ойдин изоҳлаб беради.

             Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 9 октябрдаги фармонида алоҳида қайд этилганидек,  аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада. Узоқ йиллар фойдаланилмаётган томорқа ер эгаларининг ерга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда зарур инфратузилмалар яратилмаган ҳамда соҳада бозор механизмлари етарли даражада шаклланмаган. 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стератегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, провард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпайтиришга бўлган муносабатларни тубдан ўзгартириш лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги ”Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қиш­лоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланиши белгиланди.

             Таъкидлаш жоиз, юқорида номи қайд этилган фармонда ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги халқ депутатлари туман кенгашларида муҳокама этилишига алоҳида урғу берилган. Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан ердан, хусусан, томорқадан унумли фойдаланаётган ер эгаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган 2017 йилдан бери “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида партиянинг энг қуйи бўғини маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотлари билан ҳамкорликда томорқасида хусусий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёки фаолиятини бошлаган, лекин айрим муаммоларга дуч келаётган оилаларга кўмак бериб келаётир. Шу кунгача қуйи бўғинлар 18 мингдан зиёд хонадон эгалари билан юзма-юз мулоқот ўтказишди. Пировардида 13 мингга яқин хонадон эгалари бу борада ўз фаолиятини бошлаб юборишди. Шунингдек, 9 мингдан зиёд оилага банкдан кредит олиш, уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф-тавсиялар берилди.

           Юқорида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан томорқа хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида қисқа муддатда қабул қилинган қатор ҳужжатлар ижросини таъминлашнинг аниқ ҳуқуқий механизмини яратиш вақти келди. Қолаверса, “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасидаги ўрганишлар, таъкидланганидек, 18 мингдан зиёд томорқа эгалари билан юзма-юз мулоқот, партия ташкилотларига бу борада қилинган мурожаатлар, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда O‘zLiDePнинг Сайловолди дастури доирасида кўзда тутилган қонунчилик ташаббусларини тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш гуруҳининг бу борадаги миллий ва хориж  тажрибасининг таҳлиллари томорқа хўжалигига оид яхлит ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишни тақазо этмоқда.

            Айни шу асосларга таяниб, O‘zLiDeP  “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг концепцияси ва дастлабки таҳрири лойиҳаларини ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳаларни яқин кунларда партия ташкилотлари ва электорати билан муҳокама қилиш режалаштирган.

          Қонун лойиҳасида, томорқа тушунчаси, томорқа ер эгалиги субъектлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми, томорқа ер эгалари фаолиятини, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими, ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмига оид нормалар киритиш назарда тутилмоқда. Соҳада, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш мақсад қилинган. Шунингдек, лойиҳада томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун кулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини белгилаб берувчи нормалар, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш, меҳнат муносабатларини ташкил этиш борасида нормалар ҳам киритилмоқда.

          Таъкидлаш керакки, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнидаги таҳлил ва ўрганишлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексини, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Давлат ер кадастри тўғрисида”, “Кооперация тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи  тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини қайта кўриб чиқиб, кластер тамойилларини уйғунлаштирган ҳолда ушбу қонунларни янги таҳрирда ишлаб чиқишни кун тартибига қўйишга асос борлигини кўрсатмоқда.

Нуриддин МУРОДОВ,

 O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси гуруҳ раҳбари