Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Томорқадан келса бойлик...

Томорқадан  келса бойлик...

Бугун диёримизнинг қай бир ҳудудига борманг, ер билан “тиллашиб”, фаровон турмуш кечираётган юртдошларимизни истаганча учратишингиз мумкин. Хусусан, деҳқончилигу боғдорчилик борасида ўзига хос мактаб яратилган Фарғонада ҳам.

 – Заминимизда етиштирилган нозу неъматлар ҳозир ҳам Сибиргача етиб бораётир, – дейди Тошлоқ туман ҳокими ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Комилахон Кавлонова. – Чунки фарғоналиклар азалдан “Ер хазина, сув гавҳар” ҳикматига амал қилиб келишади.
Комилахон опа гурунг орасида туманнинг “Қанжирға” маҳалласида амалга оширилаётган ибратли ишлар билан танишишимизни тавсия қилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Отабекова бизни бободеҳқон фарзанди Валижон Аҳмаджонов хонадонига бош­лади. У ўз ҳовлисида учта 2,5 сотихли ҳамда битта 1,5 сотихли иссиқхона ташкил қилган. Иссиқхонада аёли Ирода Мамажонова қизлари билан ишлайди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида иссиқхонага булғор уруғлари сепилганди. Орадан уч ой ўтиб, сепилган уруғ 20 000 дона кўчатга айланибди ва ҳар бир донаси 600 сўмдан сотилибди. Бу 12 миллион сўм даромад дегани-да! Шунингдек, иссиқхонага 4 200 туп булғор кўчати ўтқазилибди. Ирода опанинг сўзларига кўра, ҳар бир туп булғор ўртача 3 килодан ҳосил беради. Ўтган йилда килоси 2 000 сўмдан 15 000 сўмгача сотилган. Шуни инобатга олиб, ўртача 6 000 сўмдан ҳисоблаганда ҳам бу деҳқонга 72-75 миллион сўм даромад келтиради. Булғор ҳосилини апрель ойи ўрталаридан июннинг охирларигача бемалол узиб олиш мумкин. Кейин эса август ойида иссиқхоналарнинг бирига бодринг, қолганларига жанду экилади.
– Жандуни андижонлик Носиржон исмли йигит олиб кетади. Валижон аканинг ҳосили, деган маънода қопларга “В” ҳарфини ёзиб қўяр экан. Чунки аввал бизнинг ҳосил сотилиб, кейин бошқаларига навбат келар экан, – дейди кулимсираб оила бошлиғи.
Бундан ташқари, Валижон Аҳмаджонов қўшни Ёзёвон туманидаги деҳқон ёки фермер хўжаликларидан ер олиб, тарвуз ҳам етиштиради. Бинобарин, айни пайтда иссиқхоналарнинг бирида 23 000 дона тарвуз кўчатлари тайёр бўляпти.
Албатта, ҳосил ўз-ўзидан пишиб етилмайди. Яъни, юқори даромадни мўлжаллаган деҳқон шунга яраша меҳнат қилиб, экинга оби-тобида ишлов бериши керак. Шу маънода айтганда, Валижон ака бугунгача булғор кўчатларини маҳаллий ўғит билан бирга 30 килограм минерал ўғит солиб ҳам озиқлантирган. Умуман олганда мавсум якунигача 10 маротаба ўғит сепилади. Иссиқхона ерларини ҳайдаш учун эса “Патриот” минитракторини сотиб олган.
– Ўзим мактабда бошланғич синф ўқитувчисиман. Дарсдан келибоқ, иссиқхонага кираман. Қизларимизга мана шу деҳқончиликдан олинган даромадга тўй қилдик, – дейди хонадон соҳибаси.
Дарвоқе, қаҳрамонимиз Валижон ака ҳеч қаерда ишламагани боис яқинда пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақини тўлаб, бир йиллик иш стажига ҳам эга бўлибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қонунчилигимизга киритилган бу янгилик В.Аҳмаджонов сингари миллионлаб томорқа эгаларига берилган катта имкониятдир.
Аммо таассуф билан таъкидлаш лозимки, томорқаси бўлган ҳамма юртдошларимиз ҳам ердан унумли фойдаланаётгани йўқ. Валижон ака сингари серғайрат инсонлар кичкинагина майдондан юз миллионлаб даромад олаётган бир пайтда, орамизда ҳайҳотдек ҳовлиси ёки томорқасини қаровсиз қолдираётганлар ҳам йўқ эмаслиги кишини ўйлантиради.
– Бизнинг маҳаллада бундай дангасалар йўқ. Фақатгина 54 ёшли Сабоҳатхон Умарованинг турмуш ўртоғи вафот этганлиги ва ёлғиз қизи кун бўйи ишда эканлигини инобатга олиб, аёлнинг томорқаси жамоат ишига жалб қилинган фуқаролар ёрдамида чоптирилиб, “Тош­лоқ томорқа хизмат” МЧЖ томонидан пиёз, кашнич ҳамда исмалоқ уруғлари етказиб берилди, – дея изоҳ берди Дилором Отабекова.
“Қанжирға” маҳалласида истиқомат қилувчи 670 та хонадонда 67,2 гектар томорқа ери мавжуд. Шундан 200 тадан ортиқ хонадонда иссиқхоналар ташкил қилинган. Уларнинг айримлари “Ҳар бир оила - тадбиркор” Давлат дастури доирасида тижорат банкларининг имтиёзли кредитини олишган.
Шуни таъкидлаш лозимки, айни пайт­да вилоятнинг барча туманларида тегишли секторлар раҳбарлари малакали мутахассислар ҳамроҳлигида хонадонма-хонадон юриб, иссиқхона, томорқа битмас-туганмас даромад манбаи эканлиги ва ундан самарали фойдаланиш юзасидан батафсил тушунтириш олиб боришмоқда. Қолаверса, хизмат кўрсатувчи субъектлар томонидан аҳоли томорқаларидаги қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши учун талаб этиладиган моддий-техника ресурслари ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист