Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Томорқангиз бўшми, демак, ўзингиз ҳам бўшсиз-да!

Томорқангиз бўшми,  демак, ўзингиз ҳам бўшсиз-да!

Амударё туман Кенгаши депутатлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари уйма-уй юриб, ердан фойдаланиш самарадорлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб
боришмоқда.

           Аҳолининг аксар қисми томорқасига сабзавот ва полиз экинлари экиб, мўл ҳосил ва даромад олиш учун барча агротехник тадбирларни амалга оширмоқда. Аммо турли баҳоналар топиб, томорқасини ўз ҳолича ташлаб қўйиб, озиқ-овқат маҳсулотларини бозордан келтиришга одатланганлар кўп. Бундай хонадонлар эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида олинган тасвирлар овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида муҳокама қилинмоқда.

           Куюккўпир овули ҳудудида ўтказилган ана шундай ўрганишлар давомида аҳолининг кўпчилиги апрель ойи бошидаёқ томорқасига уруғ қадагани аниқланди. Аммо баъзи томорқа ерлари ҳамон экилмасдан қолмоқда. Уларга туман фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда давлат солиқ қўмитаси томонидан огоҳлантириш хатлари жўнатилмоқда.

            Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга асосан, ўтказилган мониторинг натижасида экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, туман ҳокимининг прогноз кўрсаткичлар тўғрисидаги қарорида белгиланган экин турларини тўлиқ эккан, агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган, томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгаларига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади. Агарда томорқада белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмагани, чорва моллари сотиб олинмагани, иссиқхона барпо этилмагани, шу жумладан, ер участкаси ободонлаштирилмагани аниқланса, томорқа ер эгасидан жорий йил учун ер солиғининг уч баробар оширилган қиймати ундирилади. Деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

            Шундай экан, ҳурматли юртдошлар, томорқангизга экин экиб, даромад олишга интилинг ва оилангиз, эл-юртимиз дастурхонининг тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшинг! Зеро, томорқа – даромад манбаидир.

Ғуломжон ЕШНИЁЗОВ,
Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати