Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Томорқасини яшнатган яхши яшайди

Томорқасини  яшнатган яхши яшайди

Республика ишчи гуруҳи деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида такрорий экинларни экиш ҳолатларини ўрганмоқда

Донишманд халқимиз “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган мақолни бежиз тўқимаганига ҳар доим тан берамиз. Мамлакатимизда аҳоли томорқаларига ва ғалладан бўшайдиган ерларга такрорий экин экишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида ҳам ҳар оила тақдирига қайғуриш ҳисси ётибди. Томорқада қилинган озгина меҳнат ва ҳафсала ҳам қўшимча даромадга, ҳам фаровон яшашга замин ҳозирлашини бугун каттаю кичик англаб етди.

Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқалари ва бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экин экиш аҳволини ўрганиш, муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида республика ишчи гуруҳи ташкил қилинганди. Мамлакат миқёсида бир ой давомида фаолият юритиши кўзда тутилган, бир қатор вазирликлар ва ҳудудий бошқармалар, ҳокимликларнинг масъулларидан таркиб топган ишчи гуруҳ деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига кира бошлади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ дастлаб Сурхондарё вилоятида бўлди. Ангор туманида эртаги экиндан бўшаган ерларга такрорий экиш ишларининг ташкил этилиши, минерал ўғит ҳамда зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар етказиб берилиши, биринчи ҳосилнинг ички бозор ва экспортга чиқарилиши истиқболлари таҳлил қилинди.

Баҳорда...
ҳамиша баҳор

Гувоҳи бўлинганидек, тумандаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойданиб, яхшигина даромад кўрмоқда.

– Маҳалламизда 4 109 нафар аҳоли 674 та хонадонда истиқомат қилади, – дейди МФЙ раиси Панжи Маматқулов. – Экин майдонлари 261 гектар. Маҳалладошлар азалдан ер билан тиллашган. Айниқса, карам, гулкарам, лавлаги, саримсоқ, помидор ва бодрингни эртачи етиштиришади. Маҳсулотни чет элга экспорт қилишдаям вилоятда етакчимиз. Шу йил биринчи ҳосилдан 30 минг тоннага яқин маҳсулот Россия, Қозоғистон, Молдова, Чехия, Польша, Украинага экспорт қилинди.

Абдусалом Пирматовнинг хонадонига борганимизда ҳовлидаги 20 сотих ернинг бир қисмига саримсоқ, помидор, Голландиядан келтирилган экспортбоп маккажўхори экилганини, яна бир қисми эса ерёнғоқ экиш учун шудгорлаб қўйилганини кўрдик.

– Уйимизда уч жон яшаймиз, – дейди Раъно Худойбердиева, – турмуш ўртоғим Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказида ишлаш баробарида томорқани гуллатади. Қизим билан мен кўмакдошмиз. Бу йил об-ҳавонинг серёғин келиши ҳосилимизга барака берди. Карам ва гулкарамнинг ўзидан 22 миллион сўм даромад олдик.

Уларнинг қўшниси Меҳриддин Абдурасулов ҳам 30 сотих майдонга экилган шундай маҳсулотларни сотиб, 40 миллион жамғарди. Иккинчи экинга дарҳол бодринг экканди, ҳозир гуллаб, ҳосилга кирай деб қолган...

 

Жайлов отанинг
ғайрати

Етмиш яшар Жайлов бобо Маматмўминов ёшим бир жойга бориб қолди, деб оёқ узатиб ётганларни жини суймайди. Ўзидан қиёс: бир пасгина дам олишни билмайди, томорқадан бери келмайди. Бу юмушларни бажаришни иш эмас, бор-йўғи бадантарбия, деб қўяди хотиржам оҳангда.

30 сотихча келадиган ерида карам, бод­ринг, помидор, ловия, қовун, ошқовоқ, дайкон навли редиска етиштиради. Иссиқхонаси ҳам бор. Унинг ўрта қисмига лимон, мандарин, араб хурмоси кўчатларини ўтқазган, ёнларига эса помидор, анвойи гуллар эккан. Ҳаваси келади одамнинг. Қанийди, ҳамма хонадонда шундай манзара ҳукм сурсаю, ҳеч ким бозор-­ўчарга чопмаса...  Ўшанда ишчи гуруҳга ҳам иш қолмасди, деган ўй ўтади хаёлимиздан.

 

Бир жойда
икки экин

Халқ депутатлари Ангор туман Кенгаши депутати Камол Муҳаммадиевнинг хонадонига боринг. Кунгабоқар, маккажўхорининг экспортбоп навини тагида булғор қалампирини ҳам етиштириш мумкинлигига гувоҳ бўласиз. Чунки сояда яхши ўсиб, мўл ҳосил берадиган булғор қалампирини кунгабоқар билан маккажўхори иссиқдан ҳимоя қилиб туради.

– 20 сотихда иссиқхона қуриб, помидорнинг чинто навини етиштирамиз, – дейди Камол ака. – Бу навнинг битта кўчати 7 килограмгача ҳосил беради. Помидор кўчатини ноябрь ойида экиб, томчилатиб суғордик, ўзини ўнг­лагач, баҳордан бошлаб оқова сув ёрдамида озиқлантирдик. Мартдаёқ пишган помидорларни ички бозорга етказиб беряпмиз. Энди июль ойида унинг ўрнига бодринг экамиз, 45 кунда тайёр бўлади ва кузга қадар ҳосил беради. Бир жойдан йил давомида икки марта даромад қиламиз. Биргина помидордан ҳар йили 35 тонна ҳосил оламиз.

Иссиқхонада иш бошқарувчи ва тўрт ишчи меҳнат қилади. Маошлари вақтида берилади. Ҳовлида 100 тупдан мандарин, апельсин, лимон кўчатлари, олча, олхўри, олма дарахтлари ҳосилга кирган.

Меҳнат қилган олтин теради. Бу ҳикматни англаганлар эса “Кам таъминланганман, давлат ёрдам берсин”, деб иддао қилмайди. Аксинча, томорқасидан ҳосил олишга тиришади, фарзандларига ҳам ўрнак бўлади. Бундай хонадонда боқиманда эмас, меҳнатдан роҳат оладиган йигит-қизлар улғаяди.

 

Ғалладан
бўшаган ерлар...

Қизириқ туманида 16 минг гектар ғалла экилган эди. Айни вақтда ғалладан бўшаган ерлар шудгор қилиниб, фермер хўжаликлари томонидан кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга фойдаланиш учун берилмоқда.

– 53 гектар ерим бор, – дейди “Олимжон Абулқосимович” фермер хўжалиги раиси Олим Менглиев. – Менга 16 та кам таъминланган оила ва 6 нафар ишсиз ёш бириктирилган. Уларга эҳтиёжига қараб, ер ажратиб, шудгор қилиб берамиз. Хоҳлаган экинини экиб, қўшимча даромад олишлари мумкин.

Бундай хайрли ташаббус эҳтиёжманд оилалар учун ҳам айни муддао бўлди.

 

Янтоқзордан
даромадли ҳосил

Ишчи гуруҳ кузатувида аён бўлдики, қизириқликлар томорқадан унумли фойдаланишга ўзгача ташаббус билан ёндашмоқда. Тинчлик маҳалласида Ўрмон хўжалигига қарашли
2 гектар ер ўттиз йилдан буён қаровсиз эди. Янтоқзор, қамишзорга айланган бу қуруқ ер туман ҳокимининг қарори билан деҳқон хўжалигига айлантирилди.

– Мазкур майдонни шу ерлик аҳолига 6-7 сотихдан кадастр ҳужжатлари билан бўлиб бердик, – дейди Қизириқ туман ҳокими ўринбосари Абдуҳамид Кенжаев. – Улар обод қилиб, ерга ишлов беришди. Сўнг “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида имтиёзли фоизларда кредит олишларига ҳам кўмаклашдик.

Маҳаллада 462 хонадон мавжуд. 30 оилага паррандачилик, қорамол ва иссиқхона учун банк сармояси ажратилган. Фарҳод Тўраев 50 миллион сўм миқдорида кредит олиб, ўзига ажратилган 6 сотих ерда иссиқхона қурди.

– Иссиқхонани қуриб битказишда таъминотчи корхоналар ёрдам берди, – дейди Фарҳоднинг турмуш ўртоғи Тўхтахон Тўраева. – Бодринг экиб, 50 миллиондан кўп даромад олдик. Маҳсулотни бозорга етказиш учун “Дамас” сотиб олдик. Ҳали ҳосил мўл.

Ён қўшни Абдулла Марқаевга ҳам 15 сотих томорқасига қўшимча равишда яна 6 сотих ер берилган. Бу йил дастлаб кашнич, шивит, кўк пиёз экиб, 13,5 миллион сўм фойда кўрибди. Ошкўкларни ўриб олгач, қовун, булғор қалампири, ловия, ошқовоқ уруғларини қадаб қўйди. Томорқа четларига узум кўчатлари ўтқазилди.

 

Билмаганларга
ўргатишяпти

Фойдаланилмаётган томорқалар ҳам кўздан кечирилди. Тегишли ташкилотлар раҳбарлари назоратида бундай ерларга ишлов берил­япти. Керакли минерал ўғит, уруғ, кўчатлар келтирилиб, экин экишда кўмаклашилмоқда ва томорқачилик сир-асрорлари ўргатилмоқда. Томорқа қўшимча даромад манбаи экани тушунтирилмоқда.

“Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида иссиқхоналар ташкил этиш, чорва моллари ва парранда етказиб бериш, кредит ажратиш ҳолатлари ҳам ўрганиляпти. Аниқланган муаммолар жойида бартараф этилиши таъминланяпти.

Ҳеч ким назардан
четда қолмади

Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Қашқадарё вилояти бўлди. Айтиш жоизки, биргина Қарши туманида 35 минг 230 та хонадоннинг шахсий томорқа ва деҳқон хўжалигида 4 минг 17 гектар ер майдони мавжуд. Аҳоли 1 085 гектар ерга эртаги сабзавот, 450 мингта дарахт кўчати эккан, 205 та иссиқхона янгидан ташкил этилган.

Аҳоли томорқаларидаги жами 3 333 гектар майдонга экин экилиши таъминланди. Шундан 975 гектарда сабзавот, 950 гектарда полиз, 810 гектарда дуккакли экин, 75 гектарда картошка, 523 гектарда бошқа экинлар етиштирилмоқда. Тумандаги 706 та кам таъминланган оилага
6 500 та мевали дарахт кўчати, 25 мингта помидор ниҳоли олиб берилди.

Иссиқхона қуриш ва сабзавот етиштириш учун тижорат банклари молиявий кўмак ажратилиши тартибга олинди. Шу кунгача 1 220 та хонадонда иссиқхона мавжуд бўлган бўлса, бу йил яна 205 та қўшилди.

Ўрганиш жараёнида 1 138 та хонадоннинг 11 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги  кредитга эҳтиёжи аниқланди. Банк ходимлари ва маҳалла хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари ўтказган хатловда 670 та кам таъминланган оилага 2 миллиард 237 миллион сўм кредит ажратиш юзасидан кўрсатма берилди. 133 та ана шундай оилага 29 бош қорамол, 236 бош қўй, 450 бош парранда, 30 та тикув машинаси етказилди.

69 та кам таъминланган оилага чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш учун 255 миллион сўм кредит ажратилди. 261 оила 5 миллиард 828 миллион сўм кредит олиш бахтига муяссар бўлди.

 

Ҳар ҳовлида райҳон яшнайди

Талликурон қишлоғида сабзавот экмаган хонадонни топиш мушкул. Миришкорлар бодринг, помидор, булғор қалампири, кўкат етиштиришда вилоятликларга намуна бўлиб келмоқда. Қарши шаҳри бозорларини шундай маҳсулотлар билан таъминлайдиган ҳам талликуронликлар. Бу масканни райҳон қишлоқ ҳам дейишади. Сабаби, ҳар бир уй эшигида райҳон доимо яшнаб туради. Қувонч Рўзиев 9,5 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, яхшигина даромад олмоқда. 6 сотих ерда булғор қалампири, 3,5 сотих ерда эса бодринг етиштирди. Бу йилги даромадидан иссиқхонасига замонавий иситиш қурилмаси ўрнатмоқчи.

– Шолғомни бозорга эрта чиқарган деҳқон мўмай даромад қилади, – дейди Йўлдош Пўлатов. – Бунинг учун уруғни иссиқхонага экиб, январдан парваришлай бошлаймиз. Минерал ўғит бермасангиз, яхши ривожланмайди. Туманимиздаги минерал ўғит шохобчаси хўжакўрсинга ишлайди. Катталар келса, эшиги очилади. Кетишдими, тақа-тақ бекилади. Ўғитни қайдан олишни билмай сарсон бўлиб юрибмиз. Бу йил кеч чиққани учун шолғом сувтекин бўлиб қолди. Меҳнатимга ичим ачийди. Ишчи гуруҳ аъзолари шу муаммони ечишга сўз беришди.

Кам таъминланган оила соҳибаси Паризод Омонованинг 12 сотих ери бўш ётган эди. Партия фаоллари ёрдамга келиб, томорқа ерини ағдариб, экин экиб берди.

 

Излаган имкон,
дангаса эса баҳона топади

Чироқчи туманидаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 596 оила бор, 9 мингга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда оқова сув танқис, лекин олмазорликлар ер ости суви билан томорқа чанқоғини босмоқда. Хонадонларда 55 та иссиқхона бўлса, шундан 38 таси бу йил имтиёзли кредит асосида барпо қилинган. Холбўта Норлиев ўтган йили 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, 30 дона лимон кўчати экканди, бу йил нишона берди.

– 30 сотих томорқамиз бор, – дейди у.
– Бўш вақтимда ерга ишлов беришга ошиқаман. Сабзавот, ҳандалак, эртаки сабзи, помидор, бодринг мўл ҳосил беряпти. 15 сотих боғимда турфа меваларни кўрасиз. Даромад ҳам чаккимас. Ҳисобини айтмай қўя қолай, баракаси учади...

Ишчи гуруҳ аъзолари шу маҳаллада истиқомат қилаётган ёлғиз она Фотима Мейлиева хонадонида ҳам бўлишди. Опанинг ҳовлисида бўш жойни кўрмайсиз. Экинлар тартиб билан экилган. Шиғил ҳосил солган 30 туп анор ва қарийб 1,5 сотих майдонни эгаллаган битта ёнғоқ дарахтидан олинадиган ҳосил оила бюджетига яхшигина даромад келтирар экан.

– Турмуш ўртоғим вафот этганига йигирма йилдан ошди, – дейди у. – Шу-шу, тўрт фарзанд, рўзғор ташвиши елкамда. Эрта баҳордан болаларим билан ерга ёпишамиз. Чироқчилик­ларни кўкатга ўргатган биз десам, ишонаверинг. Томорқа даромадидан тўй қилдим, чорва моллари сотиб олдим. Барака топишсин, маҳалла фаоллари ҳам кўмак бериб туришди. Бу йил 2 сотихда иссиқхона қурмоқчиман.

Тумандаги “Ўсимликлар клиникаси ва томорқа хизматлари” масъулияти чекланган жамияти томорқа хўжаликларига яқиндан ёрдам бермоқда. Исматулла Халилов 4 сотихлик иссиқхонасида 30 туп лимон етиштирмоқда. Бир неча йиллардан буён яхши ҳосил бериб келаётган лимонлар бу йил барча гулларини ташлаб юборган. Барглари сарғайиб, касалликка чалинган. Шу куни МЧЖ агрономлари келиб, томорқачига тавсия беришди. Ерда намлик ортгани дарахт томирини чиритгани учун шундай ҳолга келган экан. Зарур препаратлар ёрдамида дорилаш ишлари олиб борилди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, сув танқислигини баҳона қилиб, ҳайҳотдай ҳовлига беда экиб қўйганлар ҳам талайгина. Ҳамма гап ҳаракатда, интилишда. Баҳоналар исталганча топилади, инсоннинг ўзида хоҳиш бўлмаса, қийин экан. Улар томорқа ерлари олиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирилди.

 

Кафтдек ерга
катта эътибор

Яккабоғ туманидаги Мевазор маҳалласи аҳолиси томорқачиликда яхшигина тажриба орттирган. Аслида томорқадан самарали фойдаланишдан мақсад нима, биринчидан, рўзғор учун зарур экинлар, мевали дарахтлар бўлса, оила бюджетига фойда, бозордан сотиб олинмайди. Иккинчидан, ортиқча маҳсулотлар бозорга чиқарилса, арзончилик ва тўкинчилик бўлади. Буни яхши англаган мевазорликлар кичиккина томорқасини ҳам яшнатиб, фаровон ҳаёт кечиряпти. Намунали лойиҳалар асосида қурилган ҳовлилардан бирида яшовчи Азамат Мейлиевнинг ҳовлиси бор-йўғи 4 сотих, лекин у ерда мевали дарахт ва полиз экинларининг тур-турини топиш мумкин.

– Нафақага чиққанимдан сўнг зерика бош­ладим, – дейди у. – Бор меҳримни ерга бердим. Сабзавотлар ва гул кўчатлари экдим, 30 туп ток, хурмо, мевали дарахт кўчатларини қададим. Ҳовлимиз гулзор бўлди-қолди. Шаҳардан невараларим келса, кетгиси келмайди. Эрта тонгда туриб, томорқамда ишлаб дам оламан, баҳри дилим очилади.

Ишчи гуруҳи Ғузор туманидаги “Батош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкилот, корхоналар раҳбар ва мутахассислари, тадбиркор, фермер ва томорқа ер эгалари иштирокида семинар ташкил этди. Тажриба алмашилди. Ушбу маҳаллада яшовчи Тўра Даминов анча йилдан буён оғир хаста. Жисмоний меҳнатга имконияти йўқлиги боис оилавий шароити қийинлашиб қолган. Унга туман фермерлар кенгаши ва маҳалла кўмаги билан имтиёзли нархда 1 сотихлик иссиқхона қуриб, 20 та товуқ ҳам берилди...

 

12 маҳаллага
артезиан қудуғи

Ғузор тумани ҳудуди сойлик ва лалми ерлардан иборатлиги боис оқова сув муаммо.

– Бу масалани бартараф этиш учун оби ҳаёт танқис бўлган 12 та маҳаллага артезиан қудуқлари қазиб берилди, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Бўриев. – Шу йил 860 та кам таъминланган оилага томорқачиликни ривожлантириш учун 5 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилди. Уларнинг ҳар бирига фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонларидан такрорий экин экиш учун 1 гектардан ер ажратиш режалаштирилди. Ер ҳатто ҳайдатилиб, уруғ, ўғит ва сувгача етказиб берилади.

Бугун вилоятда 426 мингдан ортиқ томорқа хўжалиги мавжуд бўлиб, уларга Ўсимликлар клиникаси намунали хизмат кўрсатмоқда. Намунали томорқаларга “Кўп тармоқли томорқа” мақомини бериш борасида таклиф тайёрланди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дас­тури асосида имтиёзли кредит ажратилиши ишчи гуруҳ назоратига олинди.

Гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча туманларидаги аҳоли томорқаларини ўрганиб чиқишди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Саҳифани O‘zLiDeP Сурхондарё ва
Қашқадарё вилоят кенгашлари

матбуот хизматлари кўмагида

 партия матбуот котиби Элмурод ПАНЖИЕВ, журналист  Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“XXI asr” мухбирлари Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА, Сайфулла ИКРОМОВ тайёрлади.