Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТОМОРҚАСИНИ ГУЛЛАТГАННИНГ ҲАЁТИ ҲАМ ГУЛЛАЙДИ

ТОМОРҚАСИНИ ГУЛЛАТГАННИНГ ҲАЁТИ ҲАМ ГУЛЛАЙДИ
Ана шундай эзгу ниятларни кўнглига туккан юртдошларимиз оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, бозорларимиз тўкинлигига ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани айни ҳақиқат. Шу маънода “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
Партиянинг Қашқадарё вилоят Кенгаши таркибидаги 982 та қуйи бўғин 23 минг маслакдошни бирлаштирган. Ҳозирга қадар депутатлар, БПТ аъзолари ва партия фаоллари 10 мингдан ортиқ хонадонга бориб, одамларнинг турмуш шароити, ижтимоий-маънавий муҳит, оила бюджети ва томорқадан фойдаланиш ҳолатларини синчиклаб ўргандилар.
Ерини гуллатган инсон ҳаётини баҳордек яшнатиб, шоду хуррам умргузаронлик қилаяпти. Бундай хонадонларда муаммолар эмас, янги-янги ғоялар дунёга келяпти. Миришкор туманида меҳнат фахрийси Тўра бобо Нусратовни кўпчилик яхши танийди. Кексаликни писанд этмайдиган бу отахон хонадонида O‘zLiDeP фаоллари ажойиб манзарага гувоҳ бўлдилар. Бобонинг 16 сотих томорқасида эрта баҳордан то қора қишгача бир қарич бўш ерни кўрмайсиз. Оила аъзолари кун бўйи меҳнатда. Улар билан зироатчилик сирлари ҳақида суҳбат қурсангиз, беихтиёр сизда ҳам деҳқончилик қилиш истаги пайдо бўлади. Томорқадан келаётган маблағ кичикроқ фермер хўжалигининг даромадидан ортиқ бўлса ортиқ, асло кам эмас. Яқин атроф­даги қишлоқлардан ҳавасмандлар тез-тез келиб, отахон ва оила аъзоларидан деҳқончилик сир-асрорларини ўрганиб кетишяпти.
Ҳар йили 8 сотих ерга сара саримсоқ пиёз экилиб, 1-1,5 тонна ҳосил кўтарилади. Бугун юртимизда экспорт қулоч ёзмоқда. Шу боис Тўра бобо маҳсулотини эндиликда хорижга, валютага сотмоқчи бўлаяпти. Ҳозир айни саримсоқпиёз экадиган палла. Ерни сифатли тайёрлаб, яхши уруғ танлаб, сентябрь тугамасдан экиб бўлсангиз, мўмай даромад сизники. Совуқ кунлар бош­лангунга қадар бир-икки суғориб, бегона ўтлардан тозалаб қўйсангиз бўлди. Саримсоқпиёз қор тагида ҳам куч олиб, баравж ўсаверади. Баҳорда уч марта суғорилади, енгил ишлов берилади. Май ойида ҳосилни йиғиштириб олгач, ерга яна икки маротаба экин экиш мумкин. Вилоят шароитида бунга эришаётган миришкорлар жуда кўп. Уларнинг тажрибаларини партия депутатлари ва БПТ етакчилари тарғиб қилмоқдалар.
Тумандаги “Чаманзор” МФЙ ҳудудида тузилган таянч тузилма етакчилари Шамсиддин Муҳаммадиевнинг хонадонида бўлганида, фермер 6 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош эккани, аммо суғориш учун сув берилмаётганини айтиб, амалий ёрдам сўради. Депутатлар ва партия фаолларининг кўмаги билан Миришкор массивидаги Сув истеъмолчилари уюшмасига мурожаат этилиб, масала ижобий ҳал қилинди.
Ғузор туманидаги “Савбоғ” МФЙдаги БПТ ташаббуси билан “Хосиятли” фермер хўжалиги раиси Хайрулла Шерқулов ҳомийлигида тўртта хонадонга лимон кўчатлари етказилди. Шунинг­дек, саховатли фермер ҳудуддаги бешта қишлоқда яшовчи муҳтож оилалар фарзандларининг суннат тўйини ўтказиб берди.
– Отамнинг ташаббуси билан қишлоғимизда илк бор 5 сотих томорқамизга тут кўчати экиб, сувни сотиб олиб, челаклаб суғориб, кўкартирганмиз, – дейди Яккабоғ туманидаги Чуброн қишлоғида яшайдиган ўқитувчи Шокир Ярашев. – Шу маҳалгача одамларнинг ҳовлисида бирорта ҳам дарахт йўқ эди. Кўкармайди, деб экишмасди. Ҳозир ҳар бир хонадонда яшиллик бор. Ҳамқишлоқларимиз партия ташаббусига “лаббай” деб жавоб бериб, ҳовлиларида ёнғоқ кўчати экишни бошлаб юборишди. Ҳозир айни пайти. Бир-икки сувласангиз тутиб кетади. Ҳар бир оила 10 тадан ёнғоқ кўчати экаяпти. Уч-тўрт йилдан кейин бу дарахтлардан яхшигина даромад ола бошланади. Биласизми, Президентимиз ташаббуси одамларни уйғотди. Бизлар томонда баҳорда дарахтлар орасига картошка экиб, икки бор суғориб, мўлгина ҳосил кўтариш ҳадисини олмоқдалар.
Косон туманидаги қуйи тузилмалар фаоллари мингдан ортиқ хонадонда бўлиб, томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида амалий маслаҳат ва тавсиялар бердилар. “Қуйибоғ” МФЙ, “Пўлати” ҚФЙ, “Капитал инвест” БПТлар фаоллари Наргиза Сайимова, Обид Муҳаммадиев, Хўжамберди Маҳманазаров, Севара Ҳусанова ва Жаҳонгир Бобошарипов оиласидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиб, уларга экиш учун дарахт кўчатлари, ўз кучи билан иссиқхона ташкил этганларга эса лимон ва бошқа цитрус мевалар ниҳолларини олиб беришди.
Китоблик сафдошимиз, БПТ етакчиси Санобар Умарова Инобат Ёқубова хонадонидаги 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиш ҳамда лимон кўчатлари экишга ҳомийлик қилди.
“Осиё фахри” хусусий корхонасидаги таянч бўғин фаоллари билан мулоқотда Бўстон қиш­лоғида яшовчи, моддий тарафдан қийналаётган Алишер Темиров 4 сотих ери борлиги, аммо экиш учун уруғ сотиб олишга маблағи йўқлигини билдирди. БПТ кўмагида унга саримсоқпиёз ва пиёз уруғлари олиб берилди.
Касби туманидаги “Денов” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган БПТ раиси Шуҳрат Намозов ўндан ортиқ хонадонга кириб чиқди. Денов қишлоғида яшовчи оила соҳиби Баҳодир Ботиров паррандачилик билан шуғулланиш истагида экан. Аммо товуқ сотиб олиш учун маблағи йўқ. Қуйи бўғин етакчиси қисқа фурсатда унга 25 та парранда олиб берилишига эришди. Комилонлик Юлдуз Чориевага ҳам маҳалла қошидаги БПТ фаоллари кўмагида 30 дона лимон кўчати етказилди.
– Партиямизнинг мазкур лойиҳаси натижасида хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлиги ҳам таъминланяпти, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Муҳиддин Ҳамроев. – “Томорқаси борнинг баракаси бор”, дейди донишмандларимиз. Аммо буни айрим воҳадошларимиз ҳалигача англаб етгани йўқ. Шундай ҳолатлар ҳам бўлаяптики, фаолларимиз баъзи хонадонларга уруғ олиб бориб, ҳатто ўзлари экиб бераяпти. Оила аъзолари эса томошабин бўлиб туришибди. Бундай одамлардан томорқани қайтариб олишни таклиф қиляпмиз. Ахир, эплаганга ер йўқ, эпи йўқнинг эса ери кўп. Бир неча боқибеғам фуқароларнинг томорқаси кам таъминланган оилаларга бўлиб берилди.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири
 
***
“O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси амалиётга татбиқ қилиниши натижасида бир парча ердан мўмайгина даромад олиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилиб, шу ишга енг шимариб киришган юртдошларимиз сафи ортиб бормоқда.
Партиянинг Андижон вилоят Кенгаши БПТлар билан ишлаш гуруҳи ҳам бу борадаги ишлар кўламини тобора кенгайтирмоқда. Жумладан, O‘zLiDeP Избоскан туман Кенгаши таркибига кирувчи 38 та таянч тузилма томорқа соҳибларининг ишончли ҳамкорига айланган. Жумладан, “Ойбек” маҳалласида яшовчилар ҳам маслакдошларимиз ёрдамидан мамнун.
– Беш фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам муқим жойда ишламаймиз, – дейди Муҳаббат Чирмашева. – Асосан мавсумий иш билан банд эдик. Партия қуйи бўғинлари ёрдами билан шахсий томорқамизда зироатчиликни йўлга қўйдик. Ернинг ярмида иссиқхона бунёд этиб, қолган ярмида полиз экинларини парвариш қиляпмиз. Келгусида БПТ ёрдами билан 50 сотих ер олиб, томорқачиликни янада ривож­лантириш ниятидамиз.
***
O‘zLiDeP Хонқа туман Кенгаши таркибидаги бошланғич ташкилотлар ҳам лойиҳада фаол иштирок этмоқда.
– Кўпгина хонадонларда бўлиб, моддий аҳволи, турмуш тарзи билан танишдик. Бир қанча оилаларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур ёрдам берилди, ишсизлар иш билан таъминланди, – дейди Хонқа тумани истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятидаги БПТ раиси Умрбек Қаландаров.
“Гулғунча” маҳалласида яшовчи Муродбек Қурязов томорқаси катталиги боис чорвачиликни йўлга қўйиш ниятида юрганди. Лекин гап маб­лағга келиб тақалганда... Бошланғич ташкилот аъзолари мазкур масалада унга амалий ёрдам бердилар. Шунингдек, Имомаддин Абдираимовга иссиқхона қуриш, Дониёр Шарипов ва Жалол Ниёзалиевга чорвачилик фаолиятини бошлаш учун сармоя олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
 
* * *
 O‘zLiDeP Оқдарё туман Кенгаши таркибидаги 105 та партия таянч нуқтаси 3 минг 550 нафар либерал ғоялар тарғиботчисини бирлаштирган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли тумандаги 146 мингдан зиёд аҳоли орасида партиямизнинг эзгу ташаббуслари кенг ёйилмоқда.
 – Асли касбим шифокор, – дейди тумандаги “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Толиб Эгамбердиев. – Дастлаб томорқамизга беш туп апельсин кўчати ўтқазган эдик. Маҳалламизда фаолият юритувчи O‘zLiDeP бошланғич ташкилоти фаоллари ёрдами ва маслаҳати билан 7 сотих жойда иссиқхона ташкил этиб, 35 туп лимон, апельсин, анжир кўчатларни парвариш қиляпмиз.
Шу маҳаллада яшовчи Ҳамидулло Муродов бир мавсумда томорқасидан 15 миллион сўм даромад олишни кўзлаяпти.
– Эрта тонгдан томорқада ишлаш жисмоний тарбиянинг бир тури: қон юришади, руҳ тетиклашади, – дейди у. – Муҳими, бу ҳаракатлар оилага мева-чева, ризқ бўлиб қайтади.
Бугун мамлакатимизда ишнинг кўзини билган одам борки, фаровон турмуш кечираяпти. Уларнинг илғор тажриба ва эзгу ташаббусларини тарғиб этиш орқали эса “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси халқимиз орасида тадбиркорликнинг янада кенг қулоч ёзишига хизмат қилмоқда.
O`zLiDeP ҳудудий кенгашлари
матбуот хизматлари маълумотлари
асосида тайёрланди.