Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТЎРТ СЕКТОР – ТЎРТ УСТУН

ТЎРТ   СЕКТОР – ТЎРТ УСТУН
Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланишига алоҳида эътибор қаратилаётгани одамларнинг қонунларга ҳамда давлат органларига ишончини мустаҳкамламоқда. Айниқса, аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган тиббий хизмат, коммунал соҳа, йўл қурилиши, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар жойида ҳал этилаётгани таҳсинга лойиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августда қабул қилинган “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган секторлар аҳоли дуч келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш билан бирга, жойларда қонунийликни таъминлашга ҳам ҳисса қўшаётир. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Конимехда ҳам туман ҳокими, прокурори, ИИБ ва солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигида тўрт сектор фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзларига бириктирилган ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан тизимли иш юритмоқда. Хусусан, 30 минг 553 нафар аҳоли яшайдиган туманда таълим, маданият, тиббий хизмат, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик, солиқ, қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш соҳаларида дуч келинаётган муаммолар жойида бартараф этилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини иш билан таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар уйма-уй юриб ўтказилаётган мулоқотларда муҳокама этилаётгани ҳам яхши самара бераётир.
 
Эзгуликдан диллар равшан

Туман ҳокими, партиямиз аъзоси М.Эгамқулов раҳбарлигидаги 1-секторга “Бирлик”, “Наврўз”, “Боймурод”, “Учтепа” маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 19 нафар ногиронга, 8 нафар ёлғиз кексага, 34 та кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Шунинг­дек, мазкур маҳалла ва овулларда яшовчи 62 нафар ишсиз фуқарога 493,1 миллион, кам таъминланган 40 та оилага 174 миллион сўмлик кредит олинишида кўмак берилди.
– Анча йиллардан бери ногиронлик аравачаси сўраб турли идораларга мурожаат қилдим, лекин ҳеч қандай амалий ёрдам ололмагандим, – дейди “Наврўз” маҳалласида яшовчи И. Алданазарова. – Яқинда шу масала юзасидан сектор раҳбарига учрашдим. Мурожаатим тез кунда ҳал этилиб, мутасаддилар уйимга ногиронлик аравачасини келтиришди. Мендан ҳол-аҳвол сўраб, кўнглимни тоғдек кўтаришди. Инсон манфаатлари улуғланган юртда яшаётганимдан фахрланаман.
Туманнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган Боймурод овулидан Муҳиддин Абдураимов, Учтепа овулидан Қолдибек Умрзоқов ҳам давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатидан мамнунлигини изҳор этишди.
 
Юмуши борнинг даромади бор

– Бизнинг маҳалламизни ҳам ўз ичига олган 2-секторга туман прокурори Ф.Тожиев раҳбарлик қилади, – дейди “Шўртепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси Нигора Абдураҳмонова. – Одамлар томорқада меҳнат қилса, даромадлари кундан-кунга ортиб, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан кескин камаяр экан. Ўтган қисқа вақт ичида сектор раҳбари ёрдами билан “Шўртепа”, “Юксалиш” МФЙ ва “Саржал” ОФЙда яшовчи 133 нафар фуқаро чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик билан шуғулланиш учун банклардан 705,8 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, муқим иш ўринларига эга бўлгани, оилавий шароитлари яхшиланиб бораётгани фикримиз тасдиғидир. Бир пайтлар Конимехда деҳқончилик қилинади, деса кўпчилик ишонмасди. Ҳозир сектор раҳбари ёрдамида аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ҳам ташкил этилмоқда. Мисол учун, маҳалламизда яшовчи Ойсара Саъдуллаева томорқасида иссиқхона қуриб, 10 туп лимон ўтқазди. Парваришлашни ҳам оби-тобида олиб бораётгани боис тез орада ҳосилга киради. Айтганча, лимон қатори орасида помидор, бодринг ҳам етиштиряпти. Тўқманғитлик пенсионер Розия Норбоева эса банкдан олган кредити ҳисобига парранда боқяпти. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аҳоли хонадонларининг ҳар бирига сектор раҳбари бориб, маслаҳат ва тавсиялар бераётгани ана шундай самарани таъминламоқда.
Туман ИИБ бошлиғи О.Саттаров раҳбарлик қилаётган 3-секторга “Шўркўл”, “Тўққизтепа” МФЙлар ва “Караката” ОФЙ бириктирилган. Мазкур ҳудудларда ҳам аҳолини иш билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ишсиз сифатида рўйхатга олинган 88 фуқаронинг 71 нафари ишга жойлаштирилгани сектор фаолияти самарадорлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар мунтазам ўтказиб келинаётгани, шунингдек, коллеж битирувчилари ва уюшмаган ёшлар билан алоҳида учрашувлар ташкил этилаётгани кутилганидан ҳам юқори натижа бермоқда.
– Олис чўл ҳудудида яшаётганим боис ишга жойлаша олмай, қийналиб қолган эдим, – дейди “Караката” овулида яшовчи Е.Буханов. – Сектор раҳбарининг ёрдами билан ишли бўлдим. Ҳозир 18-мактабда иш юритувчиман. Чекка ҳудудда яшасак ҳам, давлатимиз эътиборида эканимиз, инсон манфаати ҳамма нарсадан устун обод юртда яшаётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга фахру ифтихор бағишламоқда.
 
Тадбиркорга таянч

– Янгиқазған овули туман марказидан 100 километр узоқда жойлашган, – дейди Ҳамроқул Абдураззоқов. – Яқин-яқинларгача аҳоли ёғ, ун ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиш учун шунча йўл босиб, туман марказига ёки Навоий шаҳрига бориб келарди. Бунга озмунча вақт ва маблағ сарфланмайди, албатта. Йўлкиранинг ўзига анча-мунча маҳсулот олиш мумкин. Айниқса, ёзнинг жазирама иссиғи, қаҳратон қишнинг совуқ кунлари кексалар, ёш болали аёллар ниҳоятда қийналишарди. Президентимизнинг олис чўл ҳудудларида яшаётган аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасидаги қарорини ўқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш билан шуғулланадиган савдо дўкони очишни ният қилдим. Бу масалада ёрдам сўраб, сектор раҳбари, туман ДСИ бошлиғи И. Нурназаровга учрашдим. У киши таклифимни тинглаб, ўзининг маслаҳат ва амалий ёрдамларини аямади. Ҳозир “Абдураззоқ-таъминот” хусусий корхонасини ташкил этиб, 1600 нафардан зиёд аҳолига сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беряпман.
Туман ДСИ бошлиғи раҳбарлик қилаётган 4-сектордаги “Дўстлик”, “Гулис­тон” МФЙлар ва “Янгиқазған” ОФЙда 66 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатади. Ўтган вақт ичида 13 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 11 тасига банклардан кредит олиш ва бошқа масалаларда амалий кўмак берилди. Бундан ташқари, ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларидаги ер майдонларига 2018 йил ҳосили учун пиёз ва саримсоқ, тўқсонбости усулида сабзавотлар экиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилгани халқимиз дастурхонини тўкин этишга ҳисса қўшади, албатта.
Конимехда янги тизим асосида иш олиб бораётган тўртта сектор одамларнинг ишончли суянчига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг тўртта устунига айланаётганини ана шу хайрли ишлар мисолида кўриш мумкин.
 
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,
“XXI asr” мухбири