Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТЎРТ ФАСЛДА ҲАМ ТЎКИН ЮРТ БУ!

ТЎРТ ФАСЛДА ҲАМ ТЎКИН ЮРТ БУ!

– Яқинда бир ҳужжатли фильм кўрдим: дунёда шундай мамлакатлар бор эканки, одамлар иложсизликдан тош-шағал устига тупроқ ётқизиб, экин экишаркан. Шундай ҳудудлар мавжуд эканки, сув юзасига тахта қўйиб, ботқоқликларга похол ётқизиб, тупроқ тўшаб, деҳқончилик қилишаркан, – дейди Тошкент туманидаги “Ҳасанбой гузари” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Самирберди Каримов. – “Бирни кўриб шукр қил” деганларидек, биз жаннатмонанд диёрда яшаётганимиздан ҳар қанча севинсак, ғурурлансак арзийди. Зеро, ўлкамизда йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкинлик, фаровонлик. Зироатбоп ерларимиз беҳисоб. Тупроғимиз унумдор. Истаганча экин-тикин қилиш, боғ-роғлар барпо этиш мумкин. Бинобарин, давлатимиз раҳбари одамлар билан мулоқотлар чоғида томорқалардан унумли фойдаланиш зарурлигини бот-бот таъкидлаётганлари ҳам бежиз эмас. Биз ана шу даъват моҳиятидан келиб чиқиб, бу борада аҳоли ўртасида янада кенгроқ тушунтириш ишларини мунтазам олиб боряпмиз. Айни пайтда маҳалламиздаги 694 та хонадоннинг деярли ҳаммаси томорқачилик билан шуғулланяпти. Хусусан, шу йили 11 оила банк сармоялари эвазига товуқ парваришлашни йўлга қўйди, бир қанча ҳовли эгалари ёнғоқ кўчатлари ўтқазди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бир сотих ерда картошка парваришлаб, рисоладагидек ишлов берган деҳқон 450-500 кг, пиёз экиб, 600-650 кг, помидор ниҳолини ўтқазиб 800-900 кг ҳосил олиши мумкин.
Маҳалла идорасидан ташқарига чиқамиз. Кўчада ҳаёт қайнайди. Бу ҳудуддаги аксарият юртдошларимиз чеҳраларида ҳаётдан мамнунлик, хатти-ҳаракатларида эса ўз кучига ишонч, ғайрат-шижоат сезилиб турибди.        
Қўштерак кўчасида яшовчи Бахтиёр Ғофуров кафтдеккина – 3 сотих томорқасида иссиқхона барпо этибди. Асосан бодринг, помидор, булғор қалампири етиштириларкан. Ер кичик бўлса-да, самарадорлик катта. Унинг айтишича, наинки экин, ҳатто бир сиқим тупроқ ҳам назардан четда қолмайди. Барчасига қалб қўри билан  ишлов берилади. Шу боис кузги-қишки, баҳорги-ёзги ва оралиқ мавсумларнинг ҳар бири охирида 7-8 миллион сўмдан даромад олинаяпти.
– Айни ҳафтада кунора бозорга бориб, 70-80 кг бодрингни кўтара нархда пуллаб келяпман, – дейди Б.Ғофуров. – Иссиқхона – мен учун қўшимча даромад. Ўзим бир корхонада сменали ишда ҳам меҳнат қиляпман.  Айримлар машаққати кўп дея томорқадан унумли фойдаланишга журъат қилолмайди. Баъзилар онгига эса экин ўстириш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди, деган эскича фикр ўрнашиб қолган. Менимча, шу каби гаплар ҳафсаласизлик, ишёқмасликнинг ниқобланган ҳолдаги кўриниши. Ахир, нега мен қилган ишни бошқа киши қилолмас экан? “Кўз қўрқоқ, қўл ботир” деган нақлда ҳикмат кўп. Насиб этса,оила аъзоларим билан бамаслаҳат ҳолда шу йилдан бошлаб қорамол боқишга киришмоқчимиз.  Муҳими, юртимизда ишлайман деганга ҳуқуқий ва бошқа томондан ҳамма шароит бор. Айтайлик, қуёш нурига чидамли плёнкалар, хилма-хил ўғитлар, касалликларга қарши дорилар, махсус асбоб-ускуналар – барчаси сероб. Яна денг, лизинг ва бошқа қулай усуллар таклиф этиляпти.  Кўп ашёларни уйдан чиқмай ҳам топиш мумкин. Масалан, ўтин ва кўмир кули – ажойиб ўғит. Иссиқхонани ҳозир шулар билан иситаяпмиз. Кул, айниқса, калий, фосфор ва кальцийга бой. Сув билан аралаштириб сепилса, тупроқда азот миқдори ошади. Шу мақсадда эски экинлар пояларини ёқиш ҳам мумкин. Хуллас, шу мўъжазгина еримиз битмас-туганмас кон, бойлик. Ундан тушаётган даромад хонадонимизга барака келтиряпти. Фарзандларимизни ўқитяпмиз, уй-жойларимизни янгилаяпмиз, тўйлар қиляпмиз.
Дарвоқе, Бахтиёр Ғафуров қишлоқда биринчилардан бўлиб яна бир янгиликка қўл урди: иссиқхонага томчилатиб суғориш тизимини жорий қилди. Биргина мурватни бураш билан эгатларга бир текисда сув таралади. Натижада бир-икки кишининг ана шу иш билан машғул бўлишига, вақт, меҳнат сарфлашига эҳтиёж қолмайди.
Ёшлик кўчасида истиқомат қилаётган Турғун ака Дўлтаев гул парваришлаш ҳадисини олган. 8 сотих ердаги иссиқхонада хилма-хил хонаки гуллар барқ уриб ўсаётир. Деҳқон меҳнатининг самараси – улкан моддий имкониятлар, обрў-эътибор кўпчиликнинг кўнглига ҳавас ва ҳайрат солган. Шу сабабли бу ерга соҳада иш бошлаш ниятидаги кишилар ҳам кўп келишяпти. Уруғ, кўчат харид қилиш истагидаги одамларнинг эса кети узилмайди. Моҳир гулчи ҳунари сир-асрорини ўғлига ўргатяпти. Айни вақтда икки ёшга томорқаларида гулчиликни йўлга қўйишларига ёрдам бераётгани таҳсинга лойиқ. 
– Йигитлардаги интилиш, қатъиятни кўрганим сайин кўнглим тоғдек кўтарилади, – дейди Турғун ака. – Устоз сифатида улар эришаётган ютуқлардан фахрланаман.
Соҳибкор гурунг баҳонасида ўзини қийнаётган бир муаммони ҳам тилга олди.
– Иссиқхонани қишда иситиш биз учун энг ўткир, ғоят мураккаб масала бўлиб турибди. Негаки, ўтин, кўмир қиммат. Қаттиқ совуқларда жуда кўп ёқилғи керак, шу масалада ёрдамга муҳтожмиз...
 Турғун ака ишбилармон, келажакдан умиди катта. Зеро, янги технологиялар жадал кириб келяпти. Давлатимиз, ҳукуматимиз тадбиркорларни изчил қўллаб-қувватлаяпти. У тез орада юқорида айтган мазкур муаммонинг ҳам ечими топилишига астойдил ишонади.  
Экин парваришлаш хосиятини обдон уққан, она заминимизнинг ҳар қаричини қадрловчи бу инсон томорқачилик афзалликларини батафсил сўзлаб берди. Аввало, бетиним ҳаракат туфайли одам жисмонан соғлом бўлади, бевақт қаримайди. Тирик унсурлар – ўсимликлар билан тиллашиш туфайли эса унинг қалби гўзаллашади. Айни дамда йўналишга оид илм-фан янгиликларидан доим хабардор бўлади, изланади, ўрганади, давр билан ҳамоҳанг қадам ташлайди.   Шунингдек, ўзига хос қийинчиликлар одамнинг иродасини тоблайди, ақлини чархлайди. Маҳсулотни сотишга доир жараёнлар кишини уддабурон, ишбилармон қилади. Яна бир жиҳат шуки, болалар меҳнатга ўрганади. Улар пешона тери билан топилган пул қадрини ҳис этишади. Аёллар ҳам бекор қолмайди.
– Аёзли кунларда ҳам лой кечиб уйга келаману, иссиқхонага кираман, – дейди суҳбатдошимиз. – Бу ерда эса авжи баҳор, ўсимликлар яшнаб турибди, ранго-ранг гуллар очилган, ёқимли ифордан одамнинг дили қувнайди. Шу пайтдаги завқ-шавқ, руҳий кўтаринкиликни сўз билан ифодалаб беришим қийин...
Назаримизда, ана шу сингари беқиёс маънавий неъматлар қаршисида ҳатто моддий манфаатдорлик ҳам хиралашгандек.  Шундай эмасми?!

Беҳзод ИСРОИЛОВ,
XXI asr” мухбири

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган