Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тўрт томоним қибла...ми?

Тўрт томоним қибла...ми?
Тадбиркор: иқтисодий суд бир зарб билан 12 йиллик қонуний хусусий мулкимдан маҳрум этди.

Бугун мамлакатда юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари узоқ йиллар “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида коррупциялашган тизимдан воз кечилиб, унинг ўрнида тартиб-интизом ўрнатилишига, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини қарор топтиришга хизмат қилишига умид ишонч уйғотади. Бироқ айни пайтда, мен каби бошига иш тушган, бу тизимнинг эски ғилдираги остида жабр кўраётган шахслар суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасига гумонсираб қолиши шубҳасиз.

Ўзи нима гап, дейсизми?

Гап шундаки, мен, бугунги кунда Президент, ҳукумат томонидан ҳар томонлама муҳофаза қилинаётган, фармону қарорлар билан қўллаб-қувватланаётган тадбиркорларнинг вакили сифатида, бундан ўн икки йил аввал барча қонун-қоидалар асосида қонуний сотиб олган мулкимдан “қонуний” ажраб ўтирибман. Яъни, Иқтисодий суднинг бир зарби билан ишлаб турган корхонам тортиб олинди, вассалом!

Ҳолбуки, бу корхонага менинг ва хорижий ҳамкорларнинг миллионлаб сўм маблағимиз сарфланган, узоқ мамлакатлардан қимматбаҳо станок ва ускуналар сотиб олганмиз.

Суднинг қарори нимага асосланди, денг? Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 сентябрдаги “Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (420-сонли) қарорининг иловасида эълон қилинган ва мен сотиб олган объект хато киритилган эмиш.

Демак, мен ҳукумат қароридаги номукаммаллик сабабли хусусий мулкимдан айрилишим қонуний эмиш!(?)

Бир қарашда чўпчакка ўхшайди, шундай эмасми? Нега мен – Иқтисодий процессуал кодексда аталган инсофли харидор ўзгаларнинг хатоси учун қонуний мулкимдан ажралиб чапак чалиб қолишим керак? Яна денг, бугунги кунда, тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланаётган бир пайтда!

Энди қисқача, бир бошдан.

Юқорида номи зикр этилган қарорнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг кўчмас мулк биржаси орқали сотиладиган объектлари (бинолар, иншоотлар ва тугалланмаган қурилишлар)” номли иловасида жами 21 та бино ва иншоот рўйхати берилган. Мазкур рўйхатдаги 6-объект – Тошкент вилояти Қибрай тумани Юқори-Юз маҳалласида жойлашган 3 қаватли Ўсимликлар генетикаси ва экспериментал биологияси институтининг сунъий иқлим лаборатория корпусини қонуний сотиб олдим. (Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилоят бошқармасининг 2004 йил 7 декабрдаги буйруғи; “Ўзбекистон кўчмас мулк биржаси” ЁАЖда 2006 йил 16 январда ўтказилган марказлаштирилган электрон биржа савдолари натижалари; “Биржа савдолари ғолибига мулкий ҳуқуқни бериш юзасидан олди-сотди шартномаси (07-06-Б-сонли); Мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордери (10299 – Б-сонли) ва бошқа ҳужжатларга асосан. Кадастр ҳам қилинган).

Ана қарангки, Тошкент туманлараро Иқтисодий суди 2017 йил 23 августда юқоридаги ҳужжатларнинг барчасини ҳақиқий эмас деб топди ва бу ҳақда ҳал қилув қарори чиқарди, натижада  ҳақиқий эмаслик оқибатлари қўлланди. Тошкент шаҳар Иқтисодий судининг 2017 йил 31 октябрдаги қарори билан юқоридаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Ажаб ҳангома! Мен, бу бинони барча қонун-қоидалар асосида қонуний сотиб олган инсофли харидор бу суд қарорларидан кейин ғирт “муттаҳам” бўлиб қолдим. Хўп, бу хато нимадан иборат экан?

Қуйи инстанция судлари қарорларини ўзгаришсиз қолдирган Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 11 майдаги қарорида таъкидланишича, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг тўртинчи моддаси иккинчи қисмининг 6-бандига кўра, ионланувчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи корхоналар ва объектлар давлат тасарруфидан чиқарилмас эмиш.

Маъқул. Бу масала бўйича бизнинг илтимосномамизга кўра, Апелляция инстанция суди талаби билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Саноатгеоконтехназорат” инспекциясидан хулосалар олинди. Уларда кўрсатилишича, собиқ лаборатория биносининг фақат битта хонасида ионланувчи нурланиш қолдиғи мавжуд бўлиб, уни хоҳлаган тараф томонидан осонликча бартараф этиш мумкин экан. Демак, суд буни хусусийлаштириш тўғрисидаги барча ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топишга асос қилиб олмаса ҳам бўларди.

Хўп, бу суднинг иши, асос қилиб олиши, тўғри ҳам дейлик. Лекин менда нима айб,  ўн икки йил олдин бу бинони сотиб олаётганимда унинг битта хонасида нурланиш бор-йўқлигини қаёқдан билишим мумкин эди? Ахир бу бино Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан сотилган, мен эса сотиб олганман-ку!

Олий суд судлов ҳайъатининг юқоридаги қарорида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига нисбатан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун юқори юридик кучга эгалиги таъкидланган. Маъқул дейлик. Унда бир қонун бошқа бир қонундан кўра юқори юридик кучга эга бўла оладими-йўқми деган саволни бериб, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасида айтилган “Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди” деган талабни ким бажаради, ким бу қонунга риоя қилади –  Судлар риоя қилмаса? Бу қонун кучида турибди, бекор қилинмаган ва  унда “Хато хусусийлаштирилган объектлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин” деган банд ҳам йўқ...

Ёки судларнинг ўзига маъқул қонунни қўллаб, номаъқулини рад этиш ёхуд эътиборсиз қолдириш ҳуқуқи ҳам борми?

Тушунаман, янги жамиятга ўтиш даврида яшаяпмиз. Юртбошимизнинг илм-фанга жиддий эътибор қаратаётгани, зиёлиларни ардоқлаётгани улуғ иш бўлди. Айни пайтда, ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ундан-да улуғдир. Шундай экан, агар мен ўз маблағимга қонуний асосда 12 йил муқаддам сотиб олган хусусий мулким мабодо Фанлар академияси учун зарур бўлса, унга тенг қийматда бошқа жой ажратиб, бунисини бўшатиб қўйсин деган қарор чиқариш мумкин эмасмиди? Қолаверса, Фанлар академиясига гўёки зарур бўлган бу бино бугунги кунда турли ижарачиларга бериб қўйилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Хорижий ҳамкорларимиз ҳам талай маблағ киритган хусусий мулкни, тадбиркорнинг мулкини тортиб олиб, “тўрт томонинг қибла, кетавер’’ қабилидаги суд қарорини қандай тушуниш мумкин?

Энг қизиғи: ҳамкорларим билан бирга мазкур бинони гаровга қўйган ҳолда “Ипотекабанк”дан  2 миллиард 800 миллион сўм кредит олиб, хориждан ускуналар сотиб олганмиз,  бу маблағни қайтариш учун унга тенг қийматдаги бинони топиш ҳам жиддий муаммо-ку!

Шу боис мен бугун сарсону саргардон бўлган бир тадбиркор сифатида бошимдан ўтганларини оммавий ахборот воситаси орқали жамоатчилик, хусусан, ҳукуматимиз, одил судларимиз эътиборига ҳавола этишни лозим топдим. Ўйлайманки, бу муаммо тегишли идоралар эътиборидан четда қолмайди ва ижобий якун топади.

Фазлиддин АЛИМОВ,
тадбиркор,
Тошкент шаҳри