Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Тош қаттиқми, бош?

Тош қаттиқми, бош?

           Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ўтказган сайёр қабулдан сўнг оқланиб,
лавозимига қайта тикланган ички ишлар ходими хусусида

           Кўпни кўрган отахонлар ҳар доим: “Тинчлик, хотиржамлик бўлсин, ўт балоси, туҳмат балосидан асрасин” дея дуо қилишади. Бу бежиз эмаслигига одам тақдир синовларини кўрган сайин амин бўлар экан. Қуйида ёшлигидан эл-юртга хизмат қиламан деган навоийлик оддий бир фуқаронинг туҳмат балосига учраб, йиллар давомида азият чеккани, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, қолаверса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жойлардаги Халқ қабулхоналари ва вазирлик, идораларнинг сайёр учрашувларида ушбу масала адолатли кўриб чиқилгани туфайли  эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлгани хусусида ҳикоя қилинади.

Болаликдаги
орзулар рўёби

       Баҳриддин Холмуродов 1983 йил 25 октябрда Кармана тумани Маданият қишлоғида оддий оилада туғилди. Отаси Эркин Холмуродов ­– қурувчи, онаси Сарвар Ғаффорова эса ўқитувчи. Тўрт ўғилни вояга етказаётган бу инсонларга барчанинг ҳаваси келарди. Шундай оилада туғилган Баҳриддин мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ тартибли, интизомлилиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. У доим ички ишлар ходими бўлишни, ўз юрти, маҳалласи, ота-онаси тинчлигини сақлаш йўлида хизмат қилишни орзуларди. Ўқувчилик йиллари “Касбим – фахрим” мавзусидаги иншоларида ҳам шу нияти ҳақида рўй-рост ёзарди. Шунинг учун уни ўқитувчилари ҳам, дўстлари ҳам “мелиса” деб чақирарди. Бундан фахрланиб, шу касб эгаси бўлиш учун тарих ва ҳуқуқий адабиётларни тинимсиз ўқиди, спорт билан мунтазам шуғулланди.

     Буни қарангки, интилиш ва изланишлар мақсадга эришишга замин яратиб, 2001 йили Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кирди. Орзулари рўёбга чиқаётганидан ўзи бир қувонса, ота-онаси минг қувонди. Кармананинг чекка бир қишлоғидаги оддий оила фарзандининг шундай нуфузли даргоҳга ўқишга киришининг ўзи катта бахт эди. Бундай имкониятдан унумли фойдаланган ёшгина йигит ички ишлар органларининг олий даргоҳида ҳам яхши ўқиди, касб сирларини мукаммал ўрганди. 2005 йили академияни муваффақиятли тугатган Баҳриддин Навоий шаҳар ички ишлар бўлимида иш бошлади. Хуллас, 2005­-2013 йиллар давомида шаҳар ва вилоят ички ишлар органларида самарали меҳнат қилиб, жиноятчиликни олдини олиш, аҳоли тинчлигини асрашда фаол иштирок этди. Жамоа орасида обрў-эътиборга эришди. Унвони ҳам кўтарилиб, капитан бўлди. Ҳаммаси жойида кетаётган эди...

Тупуклаб ёпиштирилган
жиноят

     2013 йил 20 январь куни ички ишлар органларига келган тезкор маълумотлар асосида ўтказилган тадбирда “Навбаҳор пахта тозалаш” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан кимёвий ишлов берилган 21 тонна истеъмолга яроқсиз, уруғлик чигитнинг бир қисми йўқ қилинмасдан  ғиждувонлик жувозчиларга сотилгани фош этилади. Ушбу тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Баҳриддин Холмуродов ҳам иштирок этган. Сўнг бу масала юзасидан тўпланган ҳужжатлар суриштирув ишларини олиб бориш учун вилоят ички ишлар бошқармасига топширилади. Шундан кейин Баҳриддин Холмуродов бу масала билан умуман шуғулланмаган. Қолаверса, 2013 йил 25 январдан меҳнат таътилида бўлган. Бу орада, яъни 2013 йил 28 январь куни “Навоийпахтасаноат”да ишловчи Воҳид Қосимовдан ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатни “ёпти-ёпти” қиламан деб фуқаро Шуҳрат Жўраев 1 000 АҚШ доллари олаётганида вилоят миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинган. У тергов жараёнида пулни вилоят ИИБ ходими Баҳриддин Холмуродов топшириғига асосан олганман деб кўрсатма берган. Ана шу гап асосида 2013 йилнинг 2 февралида меҳнат таътилидаги милиция капитани ҳибс этилади.

      Узоқ давом этган тергов жараёнида Баҳриддин Холмуродов ўзининг айбсизлиги ва бу ишга алоқадор эмаслигини исботлашга ҳар қанча уринмасин, бари бефойда кетди. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Орадан тўрт ой ўтгач, яъни ўша йилнинг 3 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси З. Бобонов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида ҳам терговдаги “ясама сценарий” яна такрорланди. Ростми ёки ёлғонми, биргина кўргазма туфайли ёш ва қобилиятли ходимнинг, қолаверса, бир инсоннинг тақдири осонгина, худди хамирдан қил суғургандек ҳал этилди. Судья тергов хулосасидан чиқиб, ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Баҳриддин Холмуродов Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисмининг “б” банди ва 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш) 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Адолатнинг боши эгилди. Маҳкумнинг ота-онаси ва бош­қаларни қўя туринг, бу воқеадан тўла хабардор бўлган ички ишлар ходимларининг ҳам кўнглида ғулғула уйғонди. Битта одамнинг нотўғри ва асоссиз кўрсатмаси билан инсон тақдири ҳал этилса, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилса-я?! Инсон умиди ва ишончи ўлмайди, деганлари рост экан. Адолат эгилиши, букилиши, лекин синмаслигига ишонган Баҳриддин Холмуродов ўзини йўқотмай сўнгги сўзида ҳам, панжара ортида Шавкат Раҳмоннинг ушбу шеърини ўқиди:

...Юксакда бўлса-да

бошим эгилган,

юрагим йиғлайди, Барокўҳ тоғим.

Кўриб бўлармикан бу нокасларнинг

қора курсиларга ўтирар чоғин?

 

Аммо тўлармикин кўнгил шу билан,

шу билан кетарми хотирдан ғашлик,

юраклар куларми,

қуларми буткул

шу билан юксакда ўсган пасткашлик?

Агар мен бақирсам, ёрилар осмон –

ҳар дамим оламнинг дамин тўзитар.

Аммо Барокўҳда бошим эгилди,

қарашга ор қилдим элнинг кўзига...

     Зиёли инсонларнинг фарзанди бўлгани учун ёшлигидан адабиёт, шеъриятга қизиққан, айни дамда туҳмат тошидан елкаси ва қалби шикас­таланган ўттиз ёшли навқирон йигит шу сатрларни суд залида ўқиди!

    Орадан кўп ўтмай, судда кўргазма берган фуқаро Шуҳрат Жўраев ҳам у яшаётган маҳаллага бориб, Баҳриддинга туҳмат қилганини, уни ҳам казо-казолар шундай дейишга мажбурлашганини айтиб, яқинларидан кечирим сўраган. Лекин ўша замонлар буни эшитганлар эшитмасликка, кўрганлар кўрмасликка олган...

Жабрланувчининг
кечинмалари

         “...У ёқларда энг яқин дўстим, сирдошим ва қалбимнинг овунчоғи адабиёт ва бадиий китоб бўлди. Уйда қолган гўдак болаларим, мени не-не умидлар билан вояга етказган, емай-ичмай ўқитган ота-онам кўз олдимдан кетмади. Адолатни қарор топтириш учун нима қилишимни китобдан изладим. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Александр Дюманинг “Граф Монте Кристо” каби кўплаб асарларидан ўзимни ва адолатни изладим...”

Адолат тантанаси

    Баҳриддин  Холмуродов икки йилдан ортиқроқ вақт жазони ижро этиш муассасаларида бўлганидан кейин, унга тайинланган жазо 2015 йили ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Ўзига ноҳақ қўйилган айбларни олиб ташлаш, топталган ҳақ-ҳуқуқини тиклашни сўраб 2015-2017 йиллари вилоят, республика миқёсидаги идораларга қатнайвериб чарчамади. Умид битта – барибир адолат тантана қилиши керак-ку! Уни бир туҳмат билан севган ишидан айир­ган, бошига минг бир кулфатлар солган, эл-юрт олдида ўзи ва оиласининг бошини эгган кимсалар таралла-бедод қилиб юриши ҳеч ҳам ақлга сиғмайди-да. Минг афсуски, қайси амалдорга учрашмасин, бир хил жавоб олди: “Сизга тўғри айб эълон қилинган”. Ҳар сафар шу гапни эшитганида унинг кўнглидан нималар ўтгани ўзига аён. Тош қаттиқми, бош қаттиқ деганларидек, Баҳриддин ҳаммасига сабот ва матонат билан чидади.

      Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганида унинг умиди учқунлади, юзи ёришди. Яна денг, вилоят, туман ва шаҳарларда Халқ қабулхоналари ташкил этилганида жамиятда адолат эпкинлари эсаётганини ҳис қилди. Адолат қабулхоналарига биринчилардан бўлиб мурожаат этди.

Давлат маслаҳатчисининг сайёр қабулидан сўнг

  – Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлади, деб доно халқимиз бежиз айтмаган экан, – дей­ди Баҳриддин Холмуродов. – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойберганов Навоийга келиб, вилоят Халқ қабулхонаси масъ­уллари билан биргаликда сайёр қабул ўтказди. Ана шунда бошимдан кечган кўргуликларни батафсил тушунтириб бердим. Кейин менга нисбатан ноҳақдан ўқилган ҳукм қайтадан кўрилди. Апелляция инстанциясига раислик қилган Д. Атамуратов 2017 йил 16 ноябрь куни ишни кўриб чиқиб, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2013 йил 3 июндаги ҳукмини бекор қилди ва менга қўйилган айблар олиб ташланди. Менинг ҳаракатларимда жиноят таркиби бўлмагани боис Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан мен реабилитация қилиш йўли билан оқландим. 66 миллион сўмдан зиёд иш ҳақим ундирилиб, эски иш жойим ва лавозимимга тикландим. Хуллас, адолат тантана қилди. Менга туҳмат уюштирган казо-казо ташкилотлардаги валломатлар ҳам энди қонун олдида жавоб бериши керак!

     Туҳмат орқасидан шунча жабр-ситам кўрганимда ҳаётга қайтарган, ишлаш ва адолат учун курашишга йўл очган Юртбошимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш мен учун ҳам қарз, ҳам фарз. Истайманки, умидбахш ислоҳотлар менга ўхшаб туҳмат жабрини тортаётган бошқа инсонларнинг ҳам юзи ёруғ бўлишига хизмат қилади. Халқ билан мулоқот шу зайлда давом этса, халқ давлатдан албатта рози бўлади, одамларимизнинг адолатга ишончи ортади. “XXI asr” газетасининг шу йил 5 апрель сонида журналист Нурхон Элмирзаева қаламига мансуб “Ўн йилга чўзилган оқлов ёхуд Нурулла Қаюмов бошидан кечган ажаб савдолар хусусида”ги мақолани ўқиб, йиғлаб юбордим. Ахир, тақдиримизнинг ўхшашлиги, қолаверса, менга ўхшаб азият чекканлардан бирининг оқланиб, юзи ёруғ бўлганидан қувондим жуда. Буни туҳматнинг зардобини тотганлар жуда яхши билади.

         Энди умримнинг охиригача адолат учун курашаман! Мен каби халқ осойишталиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган укаларимга маслаҳатим: “Ҳеч қачон виждонингизга қарши бормасдан қонунга сидқидилдан хизмат қилсангиз кифоя. Сизни қонун ва адолатпарвар Юртбошимиз ҳар доим ҳимоя қилишини, мана, менинг ҳаё­тим мисолида кўриб турибсиз”.

Сўнгсўз ўрнида

            – Ҳамкасбимиз Баҳриддин Холмуродовнинг иродаси,
матонати ва касбига садоқати барчамиз учун ўрнак бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят ИИБдаги бошланғич ташкилоти етакчиси, капитан А. Нурматов. –  Адолат  тантана  қилганидан барча ички ишлар ходимлари хурсанд бўлдик. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига раҳматлар айтамиз. Қонун устувор бўлган жамиятимизда ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан Президентимиз билдирган ишончни оқлаймиз.

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири