Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТОШДА ГУЛ УНДИРИШГА ҚОДИР АЁЛ

ТОШДА ГУЛ УНДИРИШГА ҚОДИР АЁЛ
Қурбонгул фермерлик соҳасига қўл урганда айримлар уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлди. “Аёлсан, фермерлик осон эмас, қийналасан”, дея маслаҳат беришди. Аммо Қурбонгул табиатан қатъиятли эмасми, одамларнинг гапига қулоқ солмади. Оқолтин туманидаги қулоғигача қарзга ботган чорвачилик фермасини қабул қилиб, унинг ўрнида “Ғулом ота” кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этди. Собиқ ферма атрофидаги 60 гектар майдон қаровсизликдан бутунлай хароб аҳволга келиб, тўқайзорга айланган эди. Қурбонгул ана шу ташландиқ майдонларни обод этишга бел боғлади. Ерлар қамиш ва янтоқдан тозаланди. Сўнгра текисланиб, аввал узунасига, сўнг кўндалангига икки марта сифатли шудгор қилинди. Ферма ҳудудида бир неча йиллардан буён тоғдай уюлиб ётган гўнг далага сепилиб, яна шудгор қилинди. Экин майдонлари атрофидан чуқур зовур қазилди. Натижада неча йиллардан буён зах, шўр босган майдонларга дармон кириб, мелиоратив ҳолати яхшиланди. Фермер дастлабки йилдаёқ пахта, ғалла ва сабзавот экинларидан мўл ҳосил етиштириб, катта даромад кўрди. Янги чопиқ трактори, сеялка, культиватор ва бошқа зарур техника воситалари сотиб олинди. Қурбонгул Мамадалиеванинг ташаббуси билан фермер хўжалигида техника, зарур эҳтиёт қисмлар сақланадиган гараж ва кичик деталларни ясайдиган алоҳида цех барпо этилди. Даромад эвазига яна техника воситалари сотиб олинди. Натижада гараж йилдан-йилга кенгайиб, машиналар билан тўлиб бораверди. Эндиликда 50 дан зиёд қишлоқ хўжалик техникаси тумандаги барча фермер хўжаликларига хизмат кўрсатмоқда.
Қурбонгул Мамадалиевани бугун наинки туманда, балки Сирдарё вилоятида кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари сифатида яхши танишади. У бошқараётган “Нурафшон орзу бўстон” фермер хўжалиги деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликка ихтисослашган. Ҳар бир соҳа равнақ топиб, катта фойда келтирмоқда.
Ғайратли аёл фермерлик билан бирга тадбиркорликка ҳам қўл урди. Қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи кичик корхона ташкил этиб, 20 дан зиёд маҳаллий ёшларни доимий иш билан таъминлади.
Ҳалол меҳнат инсонга бахт, обрў келтирар экан. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан Оқолтин туманидаги “Нурафшон орзу бўстони” фермер хўжалиги раҳбари Қурбонгул Мамадалиева меҳнатда эришган юксак натижалари учун “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
– Бу юксак мукофот менга катта  масъулият юклайди, – дейди у. – Бундан буён ҳам бор куч-ғайратимни, иқтидоримни юртимиз равнақига бахшида этаман.
 
Анорбой НОРҚУЛОВ,
“XXI asr” мухбири