Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тошкент вилоятида 17 та кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда

 Тошкент вилоятида 17 та кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда

        Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 августдаги “Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланди.

        Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини бунёд этиш бўйича катта ишлар амалга ошириляпти. Мутасаддилар чиқишлари айнан шундай хулосага келиш имконини берди.

         Иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси мутахассиси Лутфулло Тожиев маълум қилганидек, вилоятда жами 17 та кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. КСЗларни бошқариш дирекциялари тузилиб, раҳбарлар тайинланган. Белгиланган ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, маҳаллий ҳамда хорижий инвестициялар жалб этилишини ўрганиб бориш, маҳсулот ишлаб чиқариш, уни ички ва ташқи бозорга етказиб беришни йўлга қўйиш учун вилоят ҳокими бошчилигида Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича маъмурий кенгаш иш юритяпти. Кенгаш ҳар ҳафтада назорат-таҳлил йиғилишларини ўтказиб бораётир. Бино ва иншоотлардан “ноль” қийматда фойдаланиш учун тадбиркорлар билан ўн йил муддатга ижара шартномалари расмийлаштирилди.

        Саноат зоналарида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан жами 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилгани диққатга сазовор. Кичик саноат зоналарида умумий қиймати 1 триллион 417 миллиард 903 миллион сўмга тенг бўлган 113 та лойиҳани амалга татбиқ қилиш бўйича ишлар тўхтовсиз давом этяпти.

         Мисол сифатида айтиш мумкинки, ҳозирда Бўка туманидаги ғўзапоядан брикет ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Алтер фуэл фром” МЧЖ, Юқори Чирчиқ туманидаги қуёш панеллари ишлаб чиқаришни режалаштирган “Modern Power Sistems” МЧЖ, Қибрай туманидаги “Perfect Textile Company” МЧЖ ва “Label Impex” МЧЖ корхоналарида зарур ускуна ва дастгоҳлар ўрнатилаяпти. Бўстонлиқ туманидаги “Energy Great Gold” ва “Triger group” хусусий корхоналари қурилиш-монтаж ишларини шу йилнинг апрель ойида, “G‘azalkent building” ва “Mineral Plyus” МЧЖлар эса май ойида битказишни мўлжаллашяпти.

         Оҳангарон туманида 2017 йилнинг октябрида истиқболли лойиҳалар ўртасида ўтказилган танлов натижаларига кўра 3 та лойиҳага “оқ йўл” берилган. Бир неча ойдан кейин мева-сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш, мих, электрокабель ишлаб чиқариш бўйича корхоналар ишга туширилиши кутилмоқда.