Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тошкентда Нанкин политехника институти филиали очилади

Тошкентда Нанкин политехника институти филиали очилади
2019 йил 21-27 июнь кунлари Хитойнинг Нанкин политехника институти делегацияси Тошкентда бўлди.  Сафар давомида ушбу олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш, ўзбекистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли профессионал ва ихтисослаштирилган малака ошириш курсларини очиш муҳокама қилинди.
Ўзбек-хитой савдо уюшмаси хабарига кўра, хитойликлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тошкент архитектура-қурилиш касб-ҳунар коллежи, «Ишга марҳамат» маркази ва бошқа жойларда учрашув ҳамда музокаралар ўтказди.
Музокаралар натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида Нанкин политехника институти филиалини очиш тўғрисидаги келишувга эришилди.
Шу муносабат билан 26 июнь куни Нанкин политехника институти ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент архитектура-қурилиш касб-ҳунар коллежи, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги «Ишга марҳамат» моно-маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Дастлабки босқичда, янги ўқув йилидан бошлаб, профессионал тестлар топшириш учун хитой тилини чуқур ўрганиш, архитектура ва дизайн, Нанкин политехника институтига кириш учун махсус тайёрлов курслари бўйича қўшма дастурларни ишга тушириш режалаштирилган. Кейинчалик «2+1» ва «2+2» тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш орқали олий таълим муассасининг тўлақонли филиалини очиш мўлжалланган.
Манба "Kun.uz" нашри.