Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тошкентдаги Байналмилал кўчасига Сеул номи берилади

Тошкентдаги Байналмилал кўчасига Сеул номи берилади
             Тошкентдаги Байналмилал кўчаси Сеул шарафига қайта номланади. У корейс услубида реконструкция қилинади. Бу ҳақда  пойтахт ҳокимининг инвестициялар, инновациялар ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Тиллаевнинг берган маълумотига асосланиб «Газета.uz" ёзди.

      "Жанубий кореялик мутахассислар Бешёғоч кўчасидан Оқтепа чорраҳасига бўлган кесмадаги Сеул кўчасини лойиҳалаштириш ва дизайнини яратишда шаҳар архитектура хизмати билан ҳамкорлик қилади", — деди Алишер Тиллаев.

          Лойиҳада Оқтепа анҳори соҳилида сайлгоҳ, шаҳарликлар дам олиши учун айвончалар, кафе, ресторан ва бошқа объектлар қурилиши кўзда тутилган.

         Лойиҳани ўзбек томони ишлаб чиқмоқда, бироқ у жанубий кореялик экспертлар томонидан тасдиқланади. «Биз дарвозалар, айвончалар ва бошқа объектлар корейс услубида бўлиши учун уларнинг аслида корейсча дизайнда эканини тасдиқлашимиз керак. Агарда қайсидир белги, ҳарфда хато қилинса, у корейс эмас, бошқа услуб бўлиб қолади», — дейди Сеул маъмурияти вакили Ким Дай Сонг.

           Ким Дай Сонг Ўзбекистонга Тошкент ҳокимияти таклифи бўйича келган. У Мўғилистон, Миср, Франция, Германия, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардаги Сеул боғларини лойиҳалаштиришда қатнашган.

             Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ноябрда Корея Республикасига давлат ташрифида икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик рамзи сифатида Тошкентдаги кўчалардан бирини Сеул номи билан аташни таклиф қилган эди. 2014 йилнинг кузида эса Ўзбекистон пойтахтида Сеул боғи очилган эди.