Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

"ТЎТИҚУШ" ГИД-ҲАМРОҲЛАР КЕРАКМИ?!


Мамлакатимиз туризм салоҳияти кун сайин ошиб бораётгани баробарида ички туризм борасида кўпгина муаммолар кўзга ташланмоқда. Анча пайтдан бери ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ҳақда қизғин баҳс юритишмоқда. Хусусан, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси Бош муҳаррири Норқобил Жалилов ўзининг “Facebook”даги саҳифасида Қашқардарё вилоятида жойлашган Ҳазрати Башир зиёратгоҳи ичи ва теварагида кечаётган “гашти бозор” тўғрисида айрим маълумотларни келтириб  ўтади. Журналист қўлбола тайёрланган тарқатма материаллар сифатсиз эканини таъкидлаб, унда учрайдиган ғиж-ғиж имловий хатоларга алоҳида урғу беради:  

“Ҳазрати Башир зиёратгоҳига борсангиз мана шу бир парча буклетни сизга пуллашади! Шахсан мен бу саводсизларча юзаки тайёрланган (қаерда, ким томонидан чоп этилгани номаълум, демак, нафси ҳакалак отган бир нечта кишининг иши бу) қоғозчада ҳозирча 82 та имловий хато топдим!”


Шунингдек, у сайёҳларга ҳамроҳлик қилаётган гидларнинг билим-савияси ҳам ҳаминқадар эканидан ҳайратга тушиб, “Зиёратгоҳ маъмурлари ҳам ҳатто бу манзилда мангу қўним топган зот – Ҳазрати Башир тасаввуфнинг улуғ шайхларидан бири эканлиги, асл исмлари Султон Саййид Аҳмад Али, ул бузруквор Яссавия тариқатига амал қилганликлари, асосан ботиний илмлар соҳиби эканлиги, инсон тарбиясида моддийликдан ғойибга интилиш – нафсни синдириш ғояси ётганлиги...хуллас зиёратчи учун муҳим маълумотларни кам билиши бизни ажаблантирди” дея фикрларини давом эттирган.