Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Товар бозорлари ривожида янги босқич

Товар бозорлари ривожида янги босқич

Президентимизнинг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони хусусий сектор вакиллари манфаати, демакки, O‘zLiDeP дастури ва сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифалар билан ҳам ҳамоҳанг. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ташаббуси билан ташкил қилинган, мазкур фармон тарғиботига бағишланган давра суҳбатида ана шу фикр алоҳида таъкидланди. 

Мулоқотда парламент қуйи палатаси депутатлари, Иқтисодиёт, Молия вазирлик­лари ҳамда Солиқ, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмиталари вакиллари, партия фаоллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи Темурмалик Холиқов фармонга мувофиқ бекор қилинаётган айрим талаблар, ана шундай чоралар кўрилишига сабаб бўлган омиллар  хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан,  маҳсулотларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини Давлат рақобат қўмитаси билан келишишнинг амалдаги тартибидан воз кечилди. Аввалги тартибга кўра юқори ликвидли маҳсулотлар бўйича моддий баланслар, сўнгра  баланс моддалари бўйича чораклик прогноз графиклар тасдиқланар, графиклар асосида биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотлар ҳажми кўрсаткичлари Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Давлат рақобат қўмитасига ёзма равишда тақдим этиларди. Мазкур жадваллар асосида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар белгиланган муддатлар ичида маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш графикларини ишлаб чиқар ва уларни Давлат рақобат қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқларди, қўмита эса уларни биржага етказарди. Аксар ҳолларда чўзилиб кетадиган ана шу жараён ўрнига соддалаштирилган тартиб жорий этилди. Яъни, жадваллар корхоналар томонидан ишлаб чиқилгач, биржа ахборот порталига жойлаштирилади. Давлат рақобат қўмитаси эса бундан хабардор қилинади. Шунинг баробарида улгуржи савдони амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш ва савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартиби ҳам бекор қилинди. Шу пайтгача савдо жараёнлари бошқарилишига бозор механизмлари жуда секинлик билан татбиқ этилаётган, хусусан, ўзини ўзи тартибга солиш механизмлари суст ишлаётганди. Улгуржи савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар  ваколатли органлар томонидан бериладиган лицензияларни расмийлаштиришда бюрократик тўсиқларга дуч келаётганди. Таҳлиллардан шу ҳам маълум бўлдики, улгуржи савдо фаолияти давлат томонидан назорат қилиниши натижасида улгуржи савдо субъектларининг товар айланмаси, гарчи улар чакана савдо нуқталарини маҳсулотлар билан таъминласа-да, чакана савдо корхоналари товар айланмасидан бир неча баробар кам. Бинобарин, улгуржи савдони лицензиялаш тартибининг бекор қилиниши давлатнинг истеъмол бозорига аралашувининг қисқаришига, улгуржи савдо корхоналари сони ортиши, савдо соҳасида рақобатнинг кучайиши, қўшимча янги иш ўринлари яратилишига имкон яратади.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Қутлимурат Бабашев таъкидлаганидек, фармон асосида экспортёр корхоналар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратил­япти. Эндиликда интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товар (хизмат)ларни экспорт қилаётган корхоналардан харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди. Фармонга мувофиқ Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази ташкил этилиши ҳам айни муддаодир. Мазкур марказ республикамизда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларга ахборот бериш учун мунтазам янгиланиб бориладиган электрон-ахборот порталини яратиш, ички ишлаб чиқариш қувватлари, товарларга бўлган талаб ва таклифларнинг ҳажмлари, шунингдек, ички бозорда маҳсулотлар нархларининг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш билан шуғулланади. Шунингдек, товар бозорларидаги нархлар, талаб ва таклифларнинг ўзгариши динамикасини таҳлил қилиш, тармоқ бозорлар конъюнктурасини республика ва ҳудудлар кесимида комплекс ўрганиш, уларнинг мувозанатли ривожланиши бўйича таклифлар тайёрлаш ҳам янги ташкил этилаётган марказ зиммасидаги вазифалар сирасига киради.

Давра суҳбатида тадбиркорлар ҳам фармон юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар, ушбу ҳужжат хусусий сектор фаолияти самарадорлиги ортиши, ишбилармонлар учун янада қулай шарт-шароит яратилишига хизмат қилишини таъкидладилар.



Беҳзод ИСРОИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

Суратларни
Солижон ЗОИРОВ олган.