Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тўйдан ортган пулга мошина оладиганни кўрганмисиз?

Тўйдан ортган пулга мошина оладиганни кўрганмисиз? Газетамизда “Дабдаба бизни дабдала қилмаяптими?” сарлавҳа остида  мақола берган эдик. Унда  тўйлар дабдабаси ортидан юпун кишиларнинг моддий жиҳатдан дабдаласи чиқаётгани гапирилганди. Шу кунгача бу мавзуда ОАВ орқали турли мақолалар чоп этилди. Ҳали ҳам ёзилмоқда. Тўйларни ихчам ва камхаржли қилиб ўтказиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини аста-секинлик билан кўрсатмоқда. Эндиликда, орамизда  тўйдан ортган пулга мошина оладиганлар ҳам топилаяпти. Гап исботи учун “Ҳуррият” газетасида чоп этилган ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.  


“ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?” ЁХУД ЯНА ТЎЙ МАШМАШАЛАРИ

 

—Одамлар билан нима ишим бор. Тўйдан кейин улар мени боқармиди ёки қарзга ботсам тўлаб берадими? — деди Олим ака хотинига. — Бўлди, тамом  уч юз кишидан ортиқ меҳмон чақирмайман. Шундоқ ҳам сарпо-суруқ, латта-путталаринг бир тўйнинг пулини еди.

 

 — Ия, нима деганингиз бу? Ҳалиям импортнийларидан кам бўлди. Шукр денг, қуда бўлмишлар тушунган одамлар экан. Шунинг учун ҳам тўйни беш юз кишидан кам қилмасдан ўтказиш керак. Бўлмаса қудалар олдида уятга қоламиз, – деди хотини ҳар кунги дийдиёсини бошлаб.

 

— Ким чиқарган экан, шунақа тўй қилишни, —  Олимжон зорланди.

 

Тўй бошлагандан бери уйда тинчлик йўқ. Она бола бир томон, ўзи бир томон бўлиб, тўй харажатлари устида тортишгани тортишган. Хотини ҳам, ўғли ҳам “Буни қилиш керак, уни қилиш керак, бўлмаса одамлар кулади” деган гапни ҳар куни чайнайверишади. “Эртага тўйдан кейин ҳам кун бор. Бироз кичикроқ қилайлик. Бирон сўм орттирсак, қолгани шу болаларга”, дея қанча гапирди аёлига. Қани гап кор қилса. Ҳар икки куннинг бирида бозорда.

 

Унаштирувдан сўнг Олим ўғлини чақириб, ётиғи билан тушунтирди.

 

– Ўғлим, бир кунлик тўй ўтади-кетади. Кел, ихчамроқ қилиб ўтказайлик. Бир-икки сўм тежалсак, ўзингга бирор нима оларсан. Нима дейсан?

 

Ўғли бироз жим туриб:

 

— Сиз нима десангиз шу, – деди норозироқ оҳангда. Кейин бор дардию орзу-ҳавасини онасига тўкиб солибди.

 

Ўша кунларда Юртбоши тўйни ихчам қилиш ҳақида гапириб қолдику, Олим аканинг куни туғди. Худо деган одам-да. Ўзида йўқ хурсанд. Бу гап-сўзлардан бохабар хотини ҳам  тўйни кичикроқ  ўтказишга рози бўлақолди.

 

— Энди, хотин ишхонанинг катталари билан маслаҳатлашдим. 150-200 кишидан оширманг деяпти, — деди аёлига.

 

Аёли ҳам “тўйхонага бормаганларни бошқа келди-кеттиларга чақираман”, деб мажбур кўнди. Неча ойлик машмаша бўлган тўй ихчамгина, озгина-созгина бўлиб ўтди.  Лекин биров ғинг деган гап-сўз қилмади. Тўй чарчоқлари чиқиб, келди-кеттилар тингандан сўнг, Олим ака ўғлини ёнига чақирди.

 

— Тўйдан кўнглинг тўлдими? Ҳеч ким кулмадими ишқилиб?

 

— Билмасам...

 

— Кўрдингми ўғлим, бир кунлик тўй ўтди-кетди. Одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди ўша тўйинг.  Шу десанг, тўйдан ортган озгина пул бор. Нима қилсак экан? Ўғлининг юзи ёришиб, кўзлари чақчайиб кетди.

 

— Қанча дада?

 

— Бирор кичикроқ машинага етар-этмасов.

 

—Йўғе?! Ундай бўлса, машина олайлик. Кам бўлса ўзим қўшаман, ўртоқларим тўёнага озгина пул йиғиб беришганди...

 

 “Агар шу тўйдан бир сўм орттирсам, борини боламга бераман” деб ният қилганди. Шу-шу ўғлига машина олиб берди. “Тўй  қиламан” деб машина сотганини эшитган эдигу, аммо тўйдан ортган пулга машина олганни ҳеч кўрмагандик. Ҳаётда шунақаси ҳам бўларкан-да.

 

Юртбошимизнинг тўйларни ихчамлаштириш ҳақидаги ташаббуси кўпчиликни, айниқса, тўй бошида турганларни қувонтирди. Тўй қилган биладики, уни бошладингми, сарф-харажатларнинг кети кўринмай қолади. Маблағи бор-ку қилар. Аммо йўқ-чи?...

 

Буни қарангки, неча юз йилдан буён “одамлар гапиради” деб ўзимизни ўққа-чўққа уриб, қарзга ботиб тўй қилаётирмиз. Бу ҳақда юз йил олдин маърифатпарвар Беҳбудий, Абдулла Қодирийлардан ташқари давлат бошқаруви хонлик ва амирлик даврида ҳам тўйларни ихчамлаштириш бўйича фармонлар эълон қилинган. Унга бўйсунмаганлар 100 даррадан жазо олиши ҳам белгиланган. Лекин тартибга солиш ҳамон қийин кечмоқда.

 

Истиқлол йиллари илк бор 1998 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги Фармони имзоланган эди. Бироқ унга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг мажбурияти бўлишига қарамай, 20 йил ичида унинг ижроси йўлда қолиб кетди. Умидимиз эса Олий Мажлиси Сенати қарорига биноан тузилган Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида. Агар унда барча тўй-маъракаларнинг тартиб-таомиллари аниқ белгиланиб, жавобгарликлар ҳам тўлиқ кўрсатилса, кўзланган мақсадга етиш мумкин. Бу кунларга ҳам етамиз Худо хоҳласа.

 

 Бобур МУҲАММАДИЕВ