Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тўйингизда чироқ ўчмасин

Тўйингизда чироқ ўчмасин
...Қаҳратон қиш кечалари уйимизда чироқ бўлмасди. Шунда укаларим билан ярим тунгача шам ёруғида бармоқларимиз билан турли хил ҳайвонларнинг шаклини деворда акс эттирардик. Электр бўлган
оқшомлари эса ўша ўйинларни қўмсаб, тез-тез чироқ ўчишини хоҳлаб, шам
шуъласи ёритган лаҳзаларни соғиниб қолардик.
Яқинда шунга ўхшаш бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Болаликда бирга ўсган дўстим Сафарнинг тўйи баҳонасида қишлоққа бордим. Кўпчилик дўстларимни мактаб давридан буён кўрмаган эканман. Бир неча йиллик учрашув кишига ўзгача завқ бағишлайди. Айниқса, талашиб-тортишиб ўсган жўраларнинг қадри бошқача бўлади-да. 
Ҳовлидаги томорқада катта давра. Стол устидаги дас­турхон турли ноз-неъматлар билан тўла. Ёр-ёр садолари остида келин-куёвни даврага таклиф қилишганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, ўйин-кулгу авжига чиқди. Давранинг бир томонида қизлар, иккинчи томонида йигитлар, ўртада сирли-маъноли қарашлар... Тўй қизигандан қизир, куёв жўралар ўртани ҳеч кимга бермайди. Бир маҳал...бехосдан лип этиб чироқ ўчиб қолса денг. Қий-чув, шовқин-сурон бош­ланиб кетди. 
Бошида хабарим йўқ эди, одатда, бундай вазиятларда дастурхон устидаги тарвуз, қовун пўчоқлари, узум доналари мўлжал олишга мослаштирилиб, қизлар томонга улоқтирилар экан. Билмасдан қоронғуда қизлар томонга ўтиб қолган эканман, юзимга келиб теккан шапалоқдек тарвуз пўчоғининг зарбасидан кўзим атрофни тиниқроқ кўра бошлади.
Чироқ қурғур ҳам ҳа деганда ёнавермади, тўйга келганлар ҳам қасдлашгандек уйига кетай демасди. Эшитсак, кичик бир тугунча билан куёвнинг тоғаси туман марказига йўл олиб, бир ярим соат деганда чироқни ёқтириб келди. 
Чироқ ёнганидаги манзара энди умуман бошқача. Тартиб билан безатилган дастурхондан асар ҳам қолмаган. Келин-куёв олдига қўйилган торт куёшда эрий бошлаган қорбобони эслатарди. Фарқи бу қорбобонинг бурни сабзи билан эмас, қовун пўчоғи билан безатилган. Кутилмаганда тўйни олиб бораётган давракаш менга сўз бериб қолса бўладими. Шўхлигим тутиб, маъноси унчалик яхши бўлмаса-да, қофияларини мослаштириб, “Уйингизда чироқ ўчса ҳам тўйингизда чироқ ўчмасин” деган шеъримни ўқиб бердим. Тинглаганлар қийқириб олқишлашди. 
Кейин барча дўстларни таклиф қилиб, ўйинни давом эттирдик. Билсам, бундай чироқ ўчиш ҳолати деярли ҳар куни такрорланар экан. Қишлоқда бирор киши тўй қилса, туман электр тармоғи корхонасига бориб, “тугунча” бериб келса, чироқни ўчирмас экан. Қолган кунлари ёш болалар ҳар куни кечаси шам ёруғида қўли билан бўри, оққуш, ўрдак, эчки, от, сигир шакл-шамойилини акс эттириб, маза қилиб ўйнар экан...
 
Элбек ШОЙИМ