Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТЎЙЛАРИМИЗ:

ТЎЙЛАРИМИЗ:
 Одамзот ҳаётини қадим-қадимдан эртакка айлантиришга тиришиб келади. Орзу-хаёлларидан чўпчак тўқийди. Аксарият эртакларимиз “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, мурод-мақсадларига етибди”, деб якунланиши боиси шу нуқтада ойдинлашади. Халқимиз никоҳ тўй билан боғлиқ маросимларни, бирма-бир санаб кўрсак, ҳали қирқ кечаю қирқ кундузга етказишга улгурганича йўқ экан: нон синдириш (хом нон синдириш дегани ҳам бор), фотиҳа тўйи, тўй жўнатиш, маслаҳат, эл оши, базм, юз очди, келин салом, келин кўрди, сеп йиғиш, чорлар, қуда сийлар... ҳозирча эсга келгани шулар. Ҳа, бу келди-кетдилар қирқ кунга чўзилмаслиги мумкин, аммо ҳафта-ўн кунда ҳам ўтказиб бўлмаслиги аниқ.
Тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик иллатларининг илдизи чуқур кетган. Буюк алломаларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Никоҳ тўйда бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исроф­гарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир”, деган сўзларини саҳиҳ ҳадис сифатида келтиришлари бежиз эмас. ХХ аср бошларида яшаган маърифатпарвар Абдулла Авлоний: “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқлариға қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?” дея надомат билан ёзган, бу иллатлардан қутулмоқ йўлларини излаган эди.
 
Афсуски, орадан бир аср ўтиб, бугун ҳам миллат зиёлилари шу ҳақда бош қотиришга мажбур бўлмоқда. Кейинги ўн-ўн беш йилда оммавий ахборот воситаларида никоҳ тўйларида катта миқдорда қалин пули олинаётгани, ҳар хил кийим-кечаклар, кўплаб сарполар талаб қилинаётгани, карвонқатор машиналарда келин-куёв ва уларнинг дўстлари таралла-бедод айланаётгани, келин томон зиммасига хориж мебели, чет эл кийимлари, гиламларини олиш юкланаётгани хусусида кўп ёзилмоқда.
Ҳаёт тараққий этгани сайин ҳашам-тантаналарни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгариш­лар юзага келмоқда. Ўн беш-йигирма йил илгариги тўйларни кўз олдимизга келтирайлик. Ҳовлида, уй олдидаги кўчада ёки ялангликда ўтказиларди. Бунга сарфланадиган маблағ, харажат кам бўларди-ю, лекин ташвиши кўп эди. Кейинги йилларда мамлакатимизда бутун бошли тўй саноати шаклланди. Нафақат шаҳарларда, туманлар марказлари, қишлоқларда ҳам муҳташам тўйхоналар барпо этилди. Тикув цехлари келин сарполар, кўрпа-ёстиқлар тикиб бериш хизматини йўлга қўйди. Дастурхончи, пишириқчи, салатчи, бе­закчи, суратчи, видеочи каби касб-ҳунарлар ривожланди. Булар, албатта, юртдошларимизни ортиқча ташвишлардан халос қилди. Тўйлар тартиб билан, уюшган ҳолда, югур-югурлардан холи, маданий жиҳатдан юқори савияда бўлиб ўтмоқда. Маросимбозликлар бир қадар озайди. Никоҳдан ўтиш, келин салом, келин кўрди, чорлар каби аввал алоҳида-алоҳида ўтадиган маросимлар энди асосий базм билан бирга ташкил этиладиган бўлди. Исроф­гарчиликларни келтириб чиқарадиган тоғорабозликлар камайди. Лекин буларнинг ўрнига янги-янги бошоғриқлар пайдо бўлмоқда. Тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат миқдори ошиб бормоқда. Ҳозирги кунда тўйларга қандай ўтганига қараб эмас, қаерда, қайси тўйхонада нишонланганига, қанча одам қатнашганига, қанча маб­лағ сарфланганига қараб баҳо бериладиган бўлди. Пулни бетига қарамасдан сарфлаган тўй эгалари кўкларга кўтариб мақталмоқда. Устига устак, серчиқим, серхаражат ажабтовур одатлар ҳам оммалашяпти. Масалан, келин-куёвни олиб юриш учун кўпинча хорижнинг алламбало машиналари танланади ва бир соатлик хизмат ҳақига фалон доллар отилади – бу пулга чоғроқ оила бир-икки ой бемалол яшаши мумкин. Тўйхонанинг кириш йўлагига ҳарир арка ўрнатиш ва келин-куёв ўтирадиган жойни пардалар, гул ва шарлар билан безатиш ҳам текиндан-текинга бўлмайди. Тўрт юз-беш юз чоғли меҳмонни музқаймоқ, шоколад билан сийловчилар чиқмоқда. “Love story” (севги тарихи) деб номланган фильмнамо видеолавҳани тайёрлашга кетадиган пулни қўя туринг, “маҳрам ҳолатлар” шунча одамга намойиш этилишининг маънавий томони миллатимизга қанчага тушар экан?!
Тўй ва маросим эгаларига четдан туриб маслаҳат бериш осон. Лекин бу ишларни меъёри­да, ҳаммага манзур бўладиган даражада амалга ошириш қийин. Ҳар бир оиланинг орзу-ҳавасларини ҳисобга олиш, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслик керак. Бу масаланинг бир томони. Аммо тўйда ҳамма нарсани мўл-кўл қиламан деб озиқ-овқат, нон ва бошқа маҳсулотларни исроф қилаётганларни ёки мен фалончидан ошириб тўй қилолмайманми деб маблағни бекорга совураётганларни, тўйни кимўзар пойгага айлантираётганларни оқлаб бўладими?! Ёхуд орамизда энди тўкинчилик замони дея ўғли ёки келинига тўй кунида машина, уй-жой, дала ҳовли, қимматбаҳо тақинчоқлар ҳадя қилишни урфга киргазишга уринаётганлар ҳам бор. Ахир беш қўл баробар эмас, ҳамманинг ҳам бундай ҳадябозликларга қурби етмаслиги аниқ. Демак, бу хусусда ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак.
Яқинда фарғоналик ижодкор дўстим водийда кўпдан бери урфга айланиб қолган яна бир одат ҳақида сўз очиб қолди. Унинг айтишича, никоҳ тўйидан кейин баъзи оилаларда “ғалати ҳамкорлик” юзага келаётган эмиш. Келин томон куёвникига ҳар кун эрталаб асал, қаймоқ, ёғли патир, мева-чевалардан тортиб турли тансиқ таомларгача юборармиш. Бу куёвга нисбатан ҳурмат ифодаси эмиш. “Киройи ҳурмат” баъзан бир ойгача, баъзан эса қирқ кунгача чўзилармиш. Янги куёвлар тансиқ таомларни паққос тушириб, қайнота-қайноналарини “синовдан ўтказаётганмиш”.
Бу янги одатми, эскидан мавжудми, билмадик. Тўғри, янги қудалашган оилалар ўртасида “бор товоғим, кел товоғим” тарзида ўзаро алоқалар бўлиб туриши табиий. Лекин қирқ кун мунтазам бир томонга овқат ташиш одати хурмача қилиқдан бошқа нарса эмас. Қадимда куёвларнинг кучини синовдан ўтказиш учун ўтин ёрдириб, чавандозлигини билиш учун от миндириб, ақл-идроки, сўзга чечанлигини аниқлаш учун айтишувлар қилдириб кўришган. Лекин зинҳор-базинҳор ҳозиргидек нафсини синовдан ўтказишмаган. Аввалги йигитлар ҳам бундай “синов”га рози бўлишмаган. Энди эса... ана шундай хурмача қилиқларни халқимизнинг урф-одатига айлантиришга уринаётганлар кўпаймоқда.
Тўйларда санъаткорларнинг хизмати масаласи барча даврларда турли баҳсларга, танқидий мулоҳазаларга сабаб бўлиб келган. Бу хусусда бир аср илгари яна бир маърифатпарвар Абдурауф Фитрат: “Фалончи дойрачи ва сурнайчини дунёнинг фалон чеккасидан беш юз танга эвазига келтириш, фалон бир раққосани қай бир жаҳаннам гўшасидан минг танга бериб чақириб, узун тунлар минглаб бесару бадмастларни тўплаб базм бериш ҳаром, фисқ, икки дунё юзқаролиғига сабабдир”, деб ёзган эди. Атоқли маърифатпарвар ўша пайтда шунчалар ташвишга тушган экан, агар бугунги тўйларимизни кўрса, нима деб ёзган бўларди, билмадик. Табиийки, бахт тўйини карнайчи-сурнайчилар бошлаб беришади. Илгари бунинг учун уч киши етиб ортарди. Ҳозир эса гуруҳда камида олти карнайчи, икки сурнайчи, икки доирачи ва яна ноғорачилар ҳам бўлади. Демак, тўланадиган маблағ ҳам бир неча баробарга ошган. Тўйда бир гуруҳ санъаткорлар навбатчилик вазифасини ўтайди. Беш-ўнтача хонанда эса “бирров”га келиб кетади. Табиийки, бирортаси жонли ижрода қўшиқ куйламайди. Фонограммадан фойдаланиб, овозини етти маҳаллага етказади.
Тўйларни камчиқим қилиш тўғрисида гап кетар экан, эстрада “юлдуз” ва “юлдузча”ларининг фалон долларлик хизмат ҳақини четлаб ўтиб бўлмайди. Айримлари оғзини тўлдириб айтган пулга ҳатто битта тўй қилиш мумкин. Оғзи пулга тўлиб қолгач, фонограммадан фойдаланишдан бошқа илож ҳам йўқ. Баъзан тўйда ўтириб, бу анжуман нимага ўтказилаётибди – келин-куёвнинг бахти учунми ёки санъаткорларнинг пул йиғиб олиши учунми, деб ўйланиб қоласан.
Серчиқимлилик, эҳтимол, бир-икки тўй дои­расида унчалик сезилмас. Лекин туман, вилоят, республика миқёсида ҳисобланса, яққол кўзга ташланади. Айтайлик, ҳар бир вилоятда кунига 100 та тўй ўтказилса, бир йилда ўртача 300 кун тўй берилса, йилига 30 минг тўй бўлади. Буни рес­публикамиздаги маъмурий ҳудудлар сонига – 14 га кўпайтирсак, бир йилда ўртача 420 мингта тўй маросими ўтказилади деган гап. Агар бу тўйларга ўртача 20 миллион сўмдан сарфланса, умумий миқдор 8 триллион 400 миллиард сўмни ташкил қилади. Энди ҳар бир тўй харажатини 25 миллион ёки 30 миллион деб олсак, умумий сумма қанчага ошишини тасаввур қилаверинг. Бу маблағни нималарга сарфлаш мумкинлиги ҳақида фаразларни эса ўзингизга қолдирамиз.
Тўй-тантаналар, маърака-маросимлар ўтказиш билан боғлиқ иллатлар ҳар бир даврда шаклини ўзгартирган ҳолда намоён бўлмоқда. Шунинг учун ҳам 1998 йили Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш борасида фармони эълон қилинганди. Унда сармояни тўйлар учун ортиқча сарф қилмасдан, тежалган маблағларни келажак авлоднинг соғлом ўсиши, илм олиши, ҳаёт тарзимизни яхшилаш, маънавиятимизни янада юксалтириш ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун ишлатиш масаласи ўртага ташланганди.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувдаги маърузасида бу масалага яна бир бор эътиборни қаратди: “Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топаяпти. Буларни эшитиб баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”. Давлатимиз раҳбари тўй-маъракаларни дабдабабозликсиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш, шуҳрат­­­парастликка барҳам бериш йўлларини ҳам кўрсатиб ўтди. Эндиги асосий гап бу кўрсатмаларнинг ҳаётдаги амалий ифодасини таъминлашдир.
Мақолани ўқиш асносида эътибор қилган бўлсангиз, тўйларимиз ҳақида ўйларимиз маърифатпарвар аждодлар ижодидан, газета ва китоб саҳифаларидан тортиб, давлат раҳбарининг фармонигача, сиёсий даражагача кўтарилди. Бир-икки оиланинг шахсий масаласи, деб қараладиган тўй-ҳашамлар жамиятнинг умуммиллий муаммоларига айланди.
Келинг энди, қилаётган ишимизни ўз танимизга ўйлаб кўрайлик. Хўш, бир неча соатлик, борингки, бир кунлик ҳузур-ҳаловатимиз, хурсандчилигимиз учун умр бўйи пешона тери билан топган бойлигимизни сарфласак, елга совурсак, тўғри бўладими?! Хулоса ўзингиздан!
 
Камол МУҲАММАД ЁҚУБ