Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Тупиш бобонинг хазинаси

Тупиш бобонинг хазинаси

Гулистон шаҳрининг Дўстлик маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси – Тупиш бобо Аслонов  76 ёшни, умр йўлдоши Билёр момо эса 70 ёшни қарши оляпти. Тақдирни қарангки, Тупиш бобо асли Грузиянинг Адгун деган жойидан. Кутилмаган тасодифлар туфайли бўлса керак-да, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ота-онаси, қариндошлари билан Ўзбекистонга келиб қолган.

Ёшлик йилларини эсларкан, бобо оғир ўйга толади.

– У маҳаллари Сирдарё қип-қизил чўл-биёбон эди. Одамлар қандай бўлмасин, бир бурда нон топиш илинжида ўзини ўтга, чўққа урарди. Тирикчилик қурсин, эҳ-е, қандай кунларни кўрмадик. Бизни асраб қолган бойлик битта – ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳр-оқибати. Ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаган, танишми-бегонами, бир коса овқатини баҳам кўрган инсонларни ҳамон эслайман.

Қўни-қўшниларининг айтишича, Тупиш бобонинг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Бирор кун бўш ўтиришмайди улар. Оила аъзолариям бобо-момоларига тортган. Энг қизиғи, бу тиниб-тинчимас отахон ва онахон нуроний ёшда бўлишса-да, оёқ узатиб, қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ. Ҳовлиларининг 19 сотихига иссиқхона қуриб, фарзандлари, невара-чеваралари билан тиним билмай ишлайди.

– Шукрки, давлатимиз бизга ўхшаган кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб ардоқлаяпти: пенсиямизни ўз вақтида оламиз, ҳар-ҳар замонда байрам баҳонасида йўқлаб келишади. Нима демоқчиман, қорнимиз тўқ, дастурхонимиз тўкин, ташвишимиз йўқ, деб ётаверишимиз керакми энди. Йўқ, бекордан худо безор деган ўзбекларнинг нақли бор. Шунинг учунми, болаларимиз билан куну тун шу иссиқхонадан чиқмаймиз, – дейди Тупиш бобо. – Қовун қовундан ранг олади, деганларидек, қўни-қўшниларимиз, етмишга кирган укам Маҳмуджон ҳам биздан ибрат олиб,  шундай савобли ишга қўл уришди. Масалан, бизнинг ўзимиз помидор билан бодрингдан бир йилда икки, уч маротаба ҳосил олиб, бозорга чиқаряпмиз.

Бобонинг айтишича, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, O‘zLiDeP фаоллари бу оила билан доимий ҳамкорлик ўрнатган. Улар экинларни парваришлашда беминнат кўмаклашяпти. Яқинда зангкана, фитофтороз касалликларига қарши янги, самарадор дори келтириб беришибди.

Тупиш бобо ҳадеб мақтанишни хуш кўрмайди. Қувонарли жиҳати, иссиқхонадан келган даромад ҳисобига бу оила “Дамас” автомашинаси, мини-трактор сотиб олган. Янги уй қурган. Бу йилги даромаддан эса тўй ўтказмоқни режалаштирган.

Ғулом ПРИМОВ,
“XXI asr” мухбири
Суратни
Муҳаммад КАРИМ олган.