Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ТУРИЗМ: имкониятлар очиляпти

ТУРИЗМ:  имкониятлар очиляпти

 

       Бугунги кунда республикада янги иш ўринлари яратиш, эркин иқтисодий муносабатларни шакллантириш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, аҳолининг турмуш сифати ва даромадларини ошириш, мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги ва имижини яхшилашни таъминлаш долзарб масала деб юритилмоқда. Энг муҳими – одамларни рози қилиш. Қайси соҳа бўлмасин, ривожланса, халққа фойдаси, нафи тегса, ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг ҳал этилишига хизмат қилади. Демак, энди миллий иқтисодиётнинг энг муҳим секторларидан бири сифатида туризмни кўриш мумкин.

        Президентимизнинг мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга  Мурожаатномасида ҳам туризмга миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқатан, хорижий давлатлар иқтисодиётини ўрганар эканмиз, туризмнинг мамлакат учун юқори, сердаромад соҳа эканлигини кўрамиз. Нима учун, бизда ривожланиш барқарор бўла туриб, бу соҳада оқсоқликлар, тўғрироғи, оддий сайёҳ учун кўникма бўлиб қолган шароит етарли эмас. Тўғри, бу борада кўпгина ишлар амалга оширилмоқда, иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш деганда айнан шу масалалар кўзда тутилган, лекин бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган даврда булар, камлик қилади, албатта. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари ушбу долзарб масалага ижобий ечим излаш ташаббусини ўртага ташлаб, депутатларга мурожаат қилди.

        Дарҳақиқат, юртимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Зеро, бой маданий меросимизнинг эндигина 7 минг 300 дан ортиқроғи рўйхатга олинди. Маданий мерос объектларининг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилганлигининг ўзи туристларга “катта йўл” дегани, фақат бунга алоҳида эътибор, рағбат керак.

         Шундай экан, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш мас­канлари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш,  соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризмни ва соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш зарурлиги борасида йўл-йўриқлар кўрсатиб  ўтилди.

        Хўш, бу муҳим вазифаларни қандай амалга оширамиз? Авваламбор, шароит, муносабатни ўзгартиришимиз лозим. Қонунчиликни, айниқса, оддий шароит яратишнинг муҳим белгилари бўлган “рухсат бериш”, “реклама” тартиб-таомилларини янада соддалаштиришимиз лозим.

        Айниқса, давлат-хусусий шериклик муносабатларини қўллаш соҳани тараққий эттириш билан бирга тадбиркорлар учун улкан имкониятлар эшигини очади. Бу нима дегани? Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда давлат-хусусий шерикчилик тамойили кўп ишлатилмоқда. Бу эса шу соҳада фаолиятини бошлаётган тадбиркорга давлат мадади дегани. Шунинг учун ҳам бугунги кунда давлат-хусусий шериклик муносабатларининг ҳуқуқий асослари устида иш олиб борилмоқда.

Соҳани ривожлантиришда янги механизмларни киритиш борасида  2018-2019 йилларда туризмни ривож­лантириш бўйича биринчи навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.

          Энг муҳими, туристлар учун хизмат кўрсатиш, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, дам олиш, уларни муҳофаза қилиш масалалари янада такомиллаштирилади.

          Аввало, фаолият билан шуғулланишга рухсат олиш (лицензия) тартиби ва зарур бўладиган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда белгиланиши, кузатиб бориш тизими йўлга қўйилганлиги тадбиркорлик субъектлари учун жуда катта қулайлик­лар яратмоқда. Шунингдек,  ҳукумат порталининг “Электрон лицензиялаш” саҳифаси орқали лицензиялар реестри юритилиши ва лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар электрон кўринишда топшириш тизими фаоллаштирилди.

        Бир неча йиллар илгари муаммо бўлиб келаётган масала бизнинг қўмитамизда бир неча бор кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан туроператор ва меҳмонхона хизматлари кўрсатилишидаги хизматларни сертификациялашда ёндашувни ўзгартириш тўғрисида таклифлар берилган эди. Бугунги кунда туроператор ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш тартиби асосида туристларнинг ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Маълумот учун, 276 та ташкилот, шу жумладан, 140 та жойлаштириш воситалари ва 136 та туроператорларга енгилликлар яратилди. Сертификатлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ISO) талаблари билан мувофиқлаштириш ва меҳмонхоналар хизмати сифатини янада ошириш бўйича қўмита фаолиятининг қайта тикланганлиги туристларга сифатли хизмат кўрсатиш ва уларнинг оқимини кўпайтириш имконини беради.

        Парламент сўровига мувофиқ, туризм соҳасида яна бир янгилик шуки, туризм соҳасига тааллуқли барча масалалар бўйича тезкор ва аниқ маълумот олиш, туризм соҳаси субъектлари ва туристлар сўровларини тўлақонли ва тезкор қабул қилишдаги муаммолар ҳал этилди. Хусусан, 24 соат фаолият юритадиган маълумот марказининг ишга туширилганлиги мамлакатимизга хориждан келган сайёҳларнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда зарур маълумотларни тезкор олишида ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда, айтиш жоизки, бундай маълумотлар базасига туристлар учун овқатланиш, жойлаштириш, меҳмонхона хизматларининг арзон ва қулай маълумотларини киритиш лозим. Гап шу ҳақда борар экан, Туризм давлат қўмитаси билан ҳамкорлик меморандумини тузадиган тадбиркорлик субъектларини ҳам аниқлаш ва янги шароитларни киритиш зарур.

       Бундай креатив ёндашув “мамлакат дарвозаси” ҳисобланадиган оддий аэропортдан бошланиши муҳим ўрин тутади. Албатта, биз юқорида соҳани ривожлантиришга қаратилган айрим мисолларни келтирдик, холос. Соҳани ривожлантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар яратиш истиқболлари ва  амалга оширилаётган ишлар устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш янги ғояларнинг туғилишига сабаб бўлади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига юборилган парламент сўровига берилган жавобда истиқболдаги вазифалар ҳам таҳлил қилинди.

        Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида, табиийки, Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда қабул қилиш зарурати туғилмоқда. Албатта, ҳар бир соҳа қонун билан ривожланса, унинг давомийлиги, яшаши ва барқарор ривожланишига давлат кафолат беради.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлиснинг Фан, таълим,

маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси