Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Тузалмоқ пайти келди, ўзга имкон йўқ!

Тузалмоқ пайти келди, ўзга имкон йўқ!

Ўтган асрнинг дастлабки ўн­йилликларида босилган аксарият газета ва журналлардаги юзлаб мақолалар, шеъру ҳикоялар, драма ва “кулгу”ларнинг мавзуси – пул топиб ақл топмаган туркис­тонликларнинг тўй ва маъракалари, ўтириш ва “гап”ларидаги хурмача қилиқлари устидаги ўйлар, ташвишлар, чақириқ ва даъватлардан дарак беради.

“Садойи Туркистон” газетасининг 1915 йил 20 март сонида чиққан 20 ёшли Абдулла
Қодирийнинг “Тўй” аталмиш шеъридан парча:

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,

Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй. 

Бир-биридин ошурдилар тўйни,

Топди равнақ, ғайрати-ла боён тўй.

Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин

Кетибон мулклар боис фиғон тўй...

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ,

Кори маъжус, кори шайтон тўй...

 Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,

Айлагай бизни ерға яксон тўй...

 Бу дард, айни ташвишни Беҳбудий, Авлонийда ҳам, Фитрату Чўлпонда ҳам, Ҳамза ва Ажзийда ҳам кўрамиз, жувонмард маърифатпарварлар фарёдидан кўкка ўт ўрлаганига гувоҳ бўламиз. Таассуфки, бир асрдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, муаммо ечими томон силжиш сезилмади. Аксинча, тўй-маъракалардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик, ўзини кўз-кўзлаш, беҳаёлик ва бетамизлик ўн чандон, юз чандон ортса ортди, кучайса кучайдики, камаймади. Туркистон бойларининг тўйида иккита қўй, битта ғунажин сўйилгани-ю, ўнлаб кило гуручга ош дамланиб, етти-саккиз киши елкасига тўн ёпилгани танқид қилинган бўлса, бугуннинг “янги бойлар”и ўша “содда туркистонликлар” бутун бир тўйига ишлатгандан кўра кўпроқ пулни “бирров”га келиб кетган тўртта қўшиқчининг чўнтагига тиқиб юбормоқда. Бугунги “кори маъжус, кори шайтон” тўйларга сочилаётган маблағларнинг тўлиқ ҳисобини эса оддий чўт билан олиб бўлмайди. Юз йил аввалги тўйларда, ҳарқалай, бир қисм исломий, бир қисм миллий урф-одатларга риоя қилинган, расамади жойига қўйилган бўлса, бугунги аксарият тўйларда на исломий, на миллий қадриятларга жой қолдириляпти. Қандай қилиб жой қолсин, ахир, бугунги тўйнинг “ширин ташвишлари” озмунчами?

Ҳа, бугун тўй масала-муаммоларини оби-тобига қўймагунча тинчимаймиз, таклифнома, санъаткорларнинг навбатчиси ва биррови, тасвирчи, суратчи, саҳна безовчи, ўртакаш, меҳмонларни кутиб олувчилардан тортиб, белгиланган даврасига олиб бориб ўтиргизувчигача – ҳеч бирини унутмаймиз. Ҳали никоҳи ўқилмаган (демак, бир-бирига номаҳрам!) келин-куёвнинг икки ой аввал “Love Story”сини суратга олиш ва оврўпоча рақс ўрганиши учун баданларини сиқиб турган кийимларда бир-бировининг пинжига кириши учун бўлса на диққат, на маблағ аялади. Тўйнинг ўзи нима экан, тўйгача ва ундан кейинги тадбирларнинг барчаси, буларда келин ва куёв, жўра ва дугоналар, қуда-андадан тортиб, бир яшар неваражонгача маросимга нима кийиши, чарларда кийим неча марта алмаштирилишигача... алоҳида муҳокама қилинади, ҳеч бири унутилмайди...

Бошқача айтганда, барча қилинаётган ишлар айнан Қодирий сифатлаган алфозни – маъжусий ва шайтоний мазмун-моҳиятни тарғиб этмоққа қаратилади. Бизнинг бу борадаги айнишимиз, йўлдан озишимиз шу даражага бориб етмоқдаки, яқинда бир масжид имомининг кўпчилик олдида айтган мана бу сўзлари бунга аниқ ҳаётий далил бўла олади: “Ўтган кун хуфтон номозини адо қилиб, хонадонга қайтиб ухлашга ҳозирлик кўриб тургандик, вақт алламаҳал бўлиб қолувди. Бир пайт қўл телефоним жиринглаб қолди. Илоё, ишқилиб, тинчлик бўлсин-да, деган хаёлда унга қулоқ тутдим. Нариги ёқдан бир ўспирин ҳовлиқма йигитнинг овози янгради: “Мулла ака, қаердасиз, уйингиз қайси томонда?”. “Тинчликми, нима гап?” деб сўрадим хавотирланиб. “Тинчлик, қўрқманг, фалон катта тўйхонада бугун тўй бўлаётганди. Ҳозир келин-куёвни гўшангага олиб кетишмоқчи. Эндигина билиб қолдик: уларга никоҳ ўқитиш тўй эгаларини эсидан чиқиб қолибди. Уйингиз қаердалигини айтсангиз, келин-куёвни олиб борамиз”, дейди.

Хўш, юқорида бир қисмигина, баҳоли қудрат ёритилган аҳвол недан, нималардан дарак беради-ю, мамлакат раҳбари бу масалаларга эътиборни нега бу қадар жиддий талаб қиляпти?

“Ўзбекистон 24” телеканали орқали намо­йиш этилган “Маслаҳатли тўй тарқамас ёхуд таназзулга олиб бораётган ҳою ҳаваслар” мавзуcидаги кўрсатувда асосли таъкидланганидек, бугун биз оддийгина қилиб атаб ўрганганимиз тўй ҳодисаси ўзида биз яшаётган жамиятнинг деярли бутун мазмун-моҳиятини, керак бўлса, келажагини мужассам этиши билан ҳам жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир. Аввало, юртбошимиз таъкидлаганидек, тўй, туғилган кун деган маросимлар бир гуруҳ одамлар учун совға-салом, тўёна шаклида пора олиш, шу тариқа мамлакатда коррупция­дек хавфли жиноятнинг илдиз отишига қулай шарт-шароит яратиб бермоқда. Бинобарин, бебилиска пул топишга ўрганиб қолган кишилар томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирларда аслида, инсон зоти учун тузалмас иллат бўлган манманлик, кибр, бошқаларга беписандлик, бир сўз билан айтганда, уятсизлик бутун жамият кўз олдида бепарда намойиш қилинмоқда. Бу юқумли, шайтоний намойишга юзлаб, минглаб одамлар, жумладан, миллатнинг эртанги умиди бўлган ёшлар ҳам гувоҳ бўлмоқда, уларнинг муайян қисми ўзи сезмаган ҳолда шу иллат домига тушмоқда. Иллатки, юқорида таъкидланган қусурлардан ташқари, миллий ўзликдан четлашиш ва бора-бора уларга беписандлик, бойликка, беғаму беташвиш яшашга даъвогарлик, ҳаётнинг туб мақсад-моҳиятини англамаслик ва, умуман, англашга бўлган интилишнинг йўқолиши, ҳаётий эзгу идеаллар ўрнини бачкана, паст ва майда маиший ўй-ташвишларнинг эгаллаши, халқдан, эл-улусдан ажралиш ва улардан бегоналашиш, бир сўз билан айтганда, руҳ кишиси эмас, нафс кишисининг пайдар-пай дунёга келиши, урчиши ва тобора кўпайиб бориш иллати...

Агар бу гапларимиз сизга ортиқча маҳобатли, ошириб юборилгандек туюлаётган бўлса, марҳамат, пойтахт Тошкентда, Андижону Самарқанд, Қаршию Хивадаги энг қиммат тўйхоналарга бирров бош суқиб кўринг-кузатинг: кўзингиз нималарга тушар экан-у, ақл-идрокингиз неларни кашф этар экан. Қолаверса, сиз билан мен бу уч-тўрт соатлик тадбирларнинг фақат юза қисмини – упаю ранглар билан пардоз берилган ташқи сиёҳини кўриб турибмиз, холос. Боя эслатганимиз кўрсатувда қайта-қайта урғу берилган бу музтоғнинг таг қисми – ҳар қандай жамият кемасини ҳалокатга маҳкум этадиган яширин томони пастда – тубандадир!

Тўй деган ҳодиса комига тортилиб кетаётган маблағларнинг йирик қисмини талаб қиладиган қимматбаҳо нарсалар – мебель, гилам, парда, тақинчоғу упа-элик, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, видео ва фото, машина ва бошқа юзлаб уй безаклари, ҳўл ва қуруқ мева-чевалар... барчаси хориждан, миллионлаб валютани ўз ихтиёримиз билан олиб бориб беришимиз эвазига келтирилмоқда. Демак, мамлакат дала-даштларида, корхоналарида йил – ўн икки ой тинимсиз қилинган ҳаракат, қанчадан-қанча меҳнат эвазига топаётганимиз валюта мамлакат равнақи, унинг иқтисодий юксалиши, саноат, қишлоқ хўжалиги, илму фанни ўстиришга, янги технологияларни жорий этишга эмас, бир ҳафта – ўн кунлик тўйга сочиб юборилмоқда. Республикамизда ҳам хорижникидан қолишмайдиган, балки кун келиб жаҳон бозорида ўша чет элникининг ўрнини эгаллаши лозим бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга сарфлаш мумкин бўлган миллиардлаб маблағимиз чет эллардаги корхоналарнинг яна ҳам жадалроқ ишлаши, ўша юртлар илму техникаси янада тараққий топишига хизмат қиляпти. Шу тариқа ўзига хос айлана – тегирмон ҳосил бўлган: биз тўйга, маъракаю маросимга қанча зўр берсак, бу борада қанча ўзимиздан кетсак, ушбу талвасанинг самарасини бола-чақаларимиз, келгуси авлодлар эмас, балки ўзгалар кўради. Ке­йин яна ўша аҳвол – Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидагидек оғзимиз очилган алпозда, бир-биримизга гап маъқуллаб ўтираверамиз: “Гермон дегани балои азим экан. Осмонда учиб юрган эмиш...” деб.

Тўйлар тугаб, ҳориб-чарчаб, бир қисм – тўйга бирни ишлатган бўлса, тўёна шаклидаги маблағлар билан ўнни ишлаб олган амалдор: “Пул дунёдаги энг ифлос нарса бўлади”, дея, кетмон чопиб қадоқ нималигини билмаган оппоқ қўлларини артаётган ҳўл салфетка ҳам, иккинчи қисм – тўй олди олган қарзларини қайтаришни ўйлаб юраги хуруж қилиб қолган сох­та бой ётқизиладиган жарроҳлиқ столи ҳам, афсус­ки, хорижники бўлади!..

Бу масала ниҳоятда серқирра, сертомир, айни чоғда ўта нозик ва мураккаб муаммодир. Шу боис ҳам унинг ечимига бафуржа, астойдил, ҳар томонлама ўйлаб ёндашмоқ талаб қилинади. Юртбошимиз айтганидек, юз йиллар давомида қилинган тарғибот ва ташвиқот, инсофу диёнатга чорлаш, “яхши бўлиб қолар” дея умид қилиш, афсуски, деярли натижа бермаган экан, демак, давлат даражасида, Олий Мажлис миқёсида қатъий қарорлар қабул қилишдан ўзга чора қолмади. Агар бу сафар ҳам мақсадга эришилмаса, агар бу гал ҳам ҳамма бирдек муаммо ечимига ўзини дахлдор билмаса, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов гўё енгил кулги учун битгандек, аслида барчамизни жиддий ўйлатиши лозим бўлган ҳолатга япон эмас, биз тушишимизга тўғри келадики, бундан Яратганнинг ўзи асрасин:

 Нега япон юз йил яшару

Ўзбек бунча ёшга бормайди?

Чунки япон биздек қоронғу

Саҳар туриб ошга бормайди.

Таъзияда эл кўзи учун

Минг кишилик зиёфат қурмас.

Ҳайити йўқ, бел боғлаб уч кун

Шамдай қотиб кўчада турмас.

Гарчи биздан юз бор фаровон,

Гарчи биздан юз карра тўқдир.

Тўй харжида юзта бой япон

Бир камбағал ўзбекча йўқдир.

Бу сўзимни японга айтсам,

Деди баттар қисиб кўзини:

Япон бундоқ яшолмас ҳеч ҳам,

Харакири қилар ўзини...

Гавҳарой ҲАСАНОВА